ОЛИМЛАРНИ ТЕКШИРИШ МУМКИНМИ?

652
0

بسـم الله الرحمن الرحيم

 

ОЛИМЛАРНИ ТЕКШИРИШ МУМКИНМИ?

Олимлар карвонининг етакчилари Пайғамбар (а.с.)лар бўлиб, улар маъсум (гуноҳдан, ҳатодан пок) бўлишган. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳақида Аллоҳ Таоло шундай хабар беради:

وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى   إِنْ هُوَ إِلاَّ وَحْيٌ يُوحَى

 „У(Муҳаммад) ҳаводан гапирмайди,  гаплари ваҳийдан ўзга нарса эмас“. [53:3-4]

Демак, Пайғамбаримиз (с.а.в)ни текширишимиз куфр, яъни оятга ишонмасликдир. Балки Пайғамбаримиз с.а.в) келтирган ҳадис ва Қуръон ҳар бир нарсани текширадиган асос бўлади. Шунинг учун ҳар қандай ишни олимларимиздан эмас, улар келтирган далил билан, ҳатто олимларни ўзиларини ҳам, сўзиларини ҳам шу асосда текширишимиз тўғри бўлади. Чунки Аллоҳ Таоло шунга буюрган:

فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ

  • Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! [4:59]

Масалан: аввал бизда рамазон мамлакат белгилаган кундан бошланиб, у белгилаган кунда ҳайт нишонланар эди. Лекин устоз Чубак ҳожи бу хатони тўғрилади, яъни рамазон ойни кўриш билан бошланиши, тугаши ҳам, ийди рамазон ҳам ойни кўриш билан бўлиши кераклигини баён қилди, расмий имомларга буюрди ва қуйдаги ҳадисни келтирди. Бу билан ҳар йили рўза бошланиши, ийд кунини қасддан ҳар хил белгилашларга чек қўйилди, бу далилга ҳамма таслим бўлди. Тақводор мўминлар билан ҳукумат ўртасидаги келишмовчиликлар барҳам топди, ибодатларимиз Аллоҳ Таолонинг ҳукмига мувофиқ бўлиб, рўза масаласида биз ҳақиқий мўминлардан бўлдик: Абу Ҳурайра(р.а) ривоят қилади, Набий(с.а.в) бундай дедилар:

«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةََ شَعْبَانَ ثَلاَثِينَ»

«Ойни кўриб рўза тутинглар (рўзани бошланглар), ойни кўриб оғиз очинглар (рўзадан чиқинглар), агар булутли кун бўлиб қолса, шаъбон ойини саноғини тўла ўттиз кун қилинглар». Имом Бухорий ривояти.

Ўша кунгача ҳар бир мўмин ўзи ишонган олимига эргашиб, ўзаро бўлинишлар, бир бирларига нисбатан нафратлар бўлиб ўтди. Ҳақни кўтарганларнинг сўзига эътибор берилмади. Унинг олдини олиш фақат ўша мавзуъдаги ҳужжатни келтириш билан уни қўллаб қувватлаш билан бўлди. Худди шунга ўхшаб, Исломга  ёки ундаги бир ҳукмга қарши чиққан ёки унга амал қилмаётганларга, яъни мункарларга нисбатан бўлаётган ҳозирги тортушувга ҳам фақат далилга асосланиш билан нуқта қўйилади. Ҳар бири ўзича ҳақ, лекин аслида ким ҳақ эканини Росулуллоҳ (с.а.в) айтиб қўйган, ўша асосда текширишимизни юқоридаги [4:59] оят талаб қилмоқда. Ҳуллас, ношаръий ишларга рози бўлиб, шу ҳолда давом этишимиз Аллоҳ Таолонинг лаънатига ва ғазабига дучор бўлишимизга сабаб бўлади, Аллоҳ сақласин. Аммо устоз Чубак ҳожи ўзи билан бирга бутун мўмин-мусулмонларни Аллоҳ Таолонинг лаънатига дучор бўлишини сақлаб қолиш томон юрди. Шунда сабот билан туриш жамиятни тўғриланишига олиб боради. Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в)  Абу Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда айтадиларки: «Бани Исроилга энг аввало кирган нуқсон шу эдики, бир киши бошқа кишига йўлиққан пайтда: «Эй фалончи, Аллоҳдан қўрққин ва бу қилаётган ишингни ташлагин, чунки бу нарсани қилиш сен учун ҳалол-дуруст эмас», дер эди. Сўнг эртаси куни у билан учрашган пайтда уни яна ўша ҳолатда кўрар эди. Лекин бу нарса у билан бирга еб-ичишдан, бирга ўтиришдан қайтармас эди. Бас, улар шундай қилишгач, Аллоҳ уларнинг баъзиларининг қалбларини баъзилари билан урди». Сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в)  ушбу оятни тиловат қилдилар:

لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ   كَانُوا لاَ يَتَنَاهَوْنَ عَنْ مُنكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ   تَرَى كَثِيرًا مِنْهُمْ يَتَوَلَّوْنَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَبِئْسَ مَا قَدَّمَتْ لَهُمْ أَنفُسُهُمْ أَنْ سَخِطَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَفِي الْعَذَابِ هُمْ خَالِدُونَ   وَلَوْ كَانُوا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالنَّبِيِّ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مَا اتَّخَذُوهُمْ أَوْلِيَاءَ وَلَكِنَّ كَثِيرًا مِنْهُمْ فَاسِقُونَ  

„Бани Исроилдан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо бинни Марям тилида лаънатлангандир. Уларнинг лаънатланишига сабаб қилган исёнлари ва тажовузкор бўлишганидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга ҳавойи нафслари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолувчидирлар. Агар Аллоҳга, Пайғамбарига ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни  дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир“.  [5:78-81]

Сўнгра шундай дедилар: «Йўқ, асло, Аллоҳга қасамки, сизлар албатта яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар. Сизлар албатта золимнинг қўлидан ушлайсизлар ва уни ҳаққа бурилишга мажбур қиласизлар ва албатта уни ҳаққа маҳкам боғлаб қўясизлар. Ёки албатта Аллоҳ баъзиларингизни баъзиларингиз қалби билан уради, сўнгра уларни лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди».

 Рўза мавзуъсидаги ҳадисга амал қилишимиз билан ибодатимиз тўғриланди, Аллоҳ қабул қиладиган амалга мувофиқ бўлди. Энди бу ҳадисга амал қилсак, бу билан ҳаётимиз тўғриланади. Яъни жамиятдаги мункарларнинг асосий сабабчиси бўлган куфрнинг бизга бўлган ҳукумронлигига тўсиқ қўямиз. Куфрнинг “демократия” номли канализациясидан келиб ҳаётимизни захарлаётган миллатлараро низолар, опа-сингилларимиз, оналаримиз, қизларимиздаги беҳаёларча юриш туриши, хорланишлари, бузуқчиликлар, беникоҳ дунёга келаётган гўдаклар, зулман нобуд бўлаётган чақалоқлар, алдов йўли билан талон-тарож бўлаётган бойликларимиз, ёшларимизни куфрга қарам қилиб тарбиялашлар ҳамма-ҳаммасига тўсиқ қўйилади. Чунки куфрни башараси очилганидан, ўзлари бевосита келиб, ҳукумронлик қилишлари мумкинмас ҳолга келиб қолганидан жамиятни мункарларга тўлдириб ташлашида, ҳукумронликларини сақлаб қолишда, бизни ташландиқ нарсадек ўзаро талашишларида малайларига таянишиб, осонлик билан ифлос мақсадларига эришишмоқда. Биз ҳадисга мувофиқ ҳар қандай мункарга, энг зарури “Исломга қаршилик” мункарига қарши бўлсакгина биздан Аллоҳ Таоло рози бўлади. Аксинча, аввалда яҳудийларни лаънатлаганидек бизларни ҳам лаънатлайди, Аллоҳ сақласин!

Аллоҳ Таоло ҳаётимизни ўнгланишини ўзимиз ҳаракат қилишимизга боғлиқ қилиб қўйди. Качонки кўпчилик бўлиб фасод, бузуқчилик, хиёнат, алдов, шармандалик каби иллатларга қарши бўлиб, ҳақ томонда турсак, ҳақни ғолиб бўлиши учун қўлимиздан ва тилимиздан келган ҳаракатларни қилсак, албатта Аллоҳ Таоло бизни қўллаб-қувватлашига, ёрдам беришига ва ҳаётимизни яхшиланишига ваъда бермоқда:

– „Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас“. [13:11]

Аллоҳ Таоло айтади:

إِنَّا لَنَنصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الأَشْهَادُ

– „Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотлага дунё ҳаётида ҳам, гувоҳлар ҳозир бўлиб турадиган Кунда ҳам ёрдам берурмиз“. [40:50]

Яна:

وَكَانَ حَقًّا عَلَيْنَا نَصْرُ الْمُؤْمِنِينَ

– „Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган“.  [30:47]

Яна:

إِنَّ اللَّهَ يُدَافِعُ عَنِ الَّذِينَ آمَنُوا

– „Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни ҳимоя қилур“,   [22:38]

Албатта, Аллоҳ Субҳанаҳу Ўзига ёрдам қилган кишиларга Ўзи ҳам ёрдам беришини умумий тарзда аниқ ваъда қилди. Аллоҳ Таоло шундай деди:

وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُم فِي الأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ

وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُمْ مِنْ بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْنًا يَعْبُدُونَنِي لاَ يُشْرِكُونَ بِي شَيْئًا

„Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу-хатарлардан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар“.        [24:55] Яна:

وَلاَ تَهِنُوا وَلاَ تَحْزَنُوا وَأَنْتُمُ الأَعْلَوْنَ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ

– „(Куфрга қарши курашда) сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз. Агар ҳақиқий иймон эгалари бўлсанглар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар“.  [3:139] Яна:

إِذْ يَقُولُ الْمُنَافِقُونَ وَالَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ غَرَّ هَؤُلَاءِ دِينُهُمْ وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَإِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Уларни (яъни, мусулмонларни) динлари мағрур қилиб юборди (яъни, озгина одам билан шундай катта қўшинга қарши жанг қилмоқчи бўляптилар»), дейишар эди. (Мунофиқларнинг бу сўзлари нотўғридир) ким Аллоҳга суянса, бас, албатта Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир (8:49).

Ҳулоса:

  1. Олимлар куфрни мақсадини амалга ошириш учун эмас, Умматга ҳақни баён қилиш учун ҳаракат қилиши керак.
  2. Олимлар маъсум эмаслар, улар Қуръон ва ҳадислар асосида текширилади. Ким ҳақ бўлса, ўшани қўллаб-қувватлаш қолган мўминларга фарз.
  3. Шунда Аллоҳ Таоло ёрдам беради ва икки дунё саодатига эришамиз.
  4. Ҳақдан тўсишга ҳаракат қилиш кофир ва мунофиқларнинг иши.

Абу Зар.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here