Россия Президенти Владимир Путин 2015 йил сентябр ойида Сурияга ўз қўшинларини олиб кирар экан, бундан кўзланган асосий мақсад ИШИДга қарши кураш эканлигини даъво қилган эди. Бироқ Путиннинг кейинги баёнотларидан рус ҳарбий кучларининг Сурияда қирғин ўтказишидан асосий мақсади ИШИДга қарши кураш эмас, балки Асад ҳукуматини кучайтириш эканлиги маълум бўлди.
Интерфакс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Россиянинг Петербург шаҳрида ташкил қилинган матбуот форумида нутқ сўзлаган Президент Путин Россиянинг Сурияга қилган босқини ҳақида тўхталиб ўтган. Агентлик ўзининг саҳифасида Путиннинг шундай гапларини келтиради: “Биз у ерда вазифамизни бажарганлигимиз аниқдир. Бироқ, Сурияда радикал ўзгариш содир бўлди деб айтиш учун жуда эрта. Бизнинг вазифамиз авваламбор Сурияда давлат тизимини ва қонуний ҳукуматни мустаҳкамлаш эди”.
Россия раҳбарининг таъкидлашича, Россия ўз қўшинларини Сурияга олиб киришдан кўзлаган мақсадига эришган. Шунга кўра, Россия армиясининг Суриядаги ҳарбий амалиётлари Москванинг дунёда етакчи мамлакатлар билан муносабатларини қайта шаклланишига имкон беради.
Шунингдек, Путин ўз нутқида Сурияда “терроризм”га қарши кураш йўлида олиб борилган рус ҳарбий амалиётлари чоғида бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилинганлигини ҳам илгари сурди. Россия раҳбари бунга мисол сифатида АҚШ билан муносабатларини тилга олиб ўтди.
“Биз икки давлат (яъни АҚШ ва Россия) ўртасида ахборот алмашиш учун бир марказ ташкил қилдик. Узлуксиз маслаҳатлашувлар олиб боряпмиз. Хусусан шуни таъкидлаб ўтишим лозимки, Сурияда тинчликни таъминлаш ва уни назорат қилиш учун механизмлар ташкил қилдик”, деди у.