Қозоғистон парламенти қуйи палатасига сайловолди ташвиқот кампанияси бошланди

503
0

Қозоғистон миллий парламентининг қуйи палатаси – Мажилисга депутатлар сайлаш бўйича сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқот кампанияси бошланмоқда. Мажилисда ўринга эга бўлиш учун мамлакатда қайд қилинган 7 партиядан 6 таси курашни бошлади, бу партиялар: “Нур Отан” (Ватан нури), Қозоғистон коммунистик халқ партияси, “Ак жол” (Оқ йўл) демократик партияси, “Бирлик” партияси, Умуммиллий социал-демократик партия ва Халқ-демократик ватанпарварлик партияси “Ауыл” (Овул).

Партия рўйхатларига киритилган номзодларнинг умумий сони 234 нафарни ташкил қилди. Номзодларнинг ўртача ёши 52 ёшни ташкил қилди, энг ёш номзод эса 26 ёшда. Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясида маълум қилинишича, номзодлардан 187 нафарини (79,9 фоиз) эркаклар ва 47 нафарини (20,1 фоиз) аёллар ташкил қилмоқда. 233 нафар номзод олий маълумотга эга. Номзодлардан ҳар тўртинчиси муҳандис, ҳар бешинчиси иқтисодчи ёки ҳуқуқшунос. Барча номзодлар қонунчилик ва конституция талабларига мос келиш бўйича текширувлардан муваффақиятли ўтганлар.

 Туркистон:

Қозоғистонни 27 йилдан бери бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев ўтган йили муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказишга “рухсат” берган ва бунга асосий сабаб сифатида “2016 йилда президентлик ва парламент депутатлигига сайлов ўтказилиши режалаштирилгани, аммо конституция бир йилда иккита сайлов ўтказишга йўл бермаслиги” муносабати билан президентлик сайловини муддатидан олдин ўтказишга қарор берганини айтиб ўтган эди.

 Аслида эса шошилинч ва муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга Қозоғистон иқтисодида бошланаётган инқироз ва бу инқирозни оддий халқ ўз турмушида ҳис қилиб улгурмасидан олдин ўтказиб олишга бўлган уриниш эди. Ташқи қарз эвазига фаровон яшашга кўникиб қолган халқ эса бундай қийинчиликларни кўтара олмаслиги ва оммавий норозилик тўлқини чиқиб кетиши мумкин эди. Назарбоев эса бундай тартибсизликлар вақтида халқдан салтанат сўрашни ва ўзига яна бир бор ишонч билришиларини сўрашни хоҳламас эди. Қозоғистон Россия етовидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бир аъзоси бўлганлигидан Россияга қарши қўллана бошланган жазо чоралари унга ҳам ўз таъсирини ўтказиши аниқ эди.

 Бундан ташқари қозоқ ҳукумати миллий валюта тенганинг қадрини сақлаб қолиш учун ўн миллардлаб доллар сарфлашига қармай буни уддасидан чиқа олмади, қадрини сақлаш учун яна ортиқча маблағ сарфлашни эса иқтисод кўтармайдиган ҳолга келиб қолган эди. Шу сабабли ҳам ҳукумат тангани эркин сузувчи ҳолтда қўйиш керак деган қарорга келди. Бундай қилишдан олдин эса президентлик сайлови ўтказиб олишга қарор қилди. Муддатидан олдинги президентлик сайловлари ўтиши билан тенганинг қадри икки баробардан ортиқроққа қадрсизланиб кетди.

 Бундан ташқари бугунги кунда Қозоғистоннинг ташқи қарзи 155 миллиард доллардан кўп бўлиб, эртами кечми буни қайтариши керак бўлади. Ўзи шундоқ ҳам АҚШ долларидан ипотека кредитларини олган Қозоғистон халқида норозилик аломатлари кундан-кунга зиёда бўлиб боряпти. Узоқ йиллардан бери ҳокимият тепасида турган ва “эртага қичишадиган жойини” бугун қашиб қўйишга уста бўлиб кетган Назарбоев эндиликда 2016 йил 20 март куни муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказишга қарор қилди. Чунки халқнинг яшаш даражаси янада тубанлашади. Бу эса ўз навбатида бир қатор норозиликларни келтириб чиқаради.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here