Зулмат қурбонлари

623
0

 Тожикистоннинг Норак шаҳри турғуни Зуҳра Маҳмуродованинг яқинлари бир куннинг ўзида беш жигарбандидан  айрилди. Жорий йилнинг 5 февралида 25 ёшли Зуҳра исмли келинчак ўзи билан бирга яна тўрт нафар фарзандини Ваҳш дарёсига отди. Тезкор ёрдам чораларига қарамай, улардан бирортасининг жонини сақлаб қолиш иложи бўлмади. Ижтимоий тармоқларда ёритилган изоҳларга кўра, Зуҳра бир марта ёрдам сўраб шаҳар раҳбариятига мурожаат қилган, бироқ унинг талаби жавобсиз қолган. Бундан чиқди, унинг бундай ишга қўл уришига ё оилавий низо, ёки ҳаётдаги етишмовчиликлар сабаб бўлган.

Бундан бир неча ой муқаддам Партовби исмли аёл замон зулмига бардош беролмай икки қизининг кўз ўнгида ўзига бензин сепиб, ўз жонига қасд қилган. Бу воқеадан сал муддат ўтибоқ, Душанбе шаҳар турғуни, Парвина Абдуллоева ўзи билан биргаликда 3 нафар фарзандини сувга ғарқ этган, бироқ ўзи тирик қолиб, норасида гўдаклар ўлимига сабабчи бўлди. Ундан бундай аянчли ишга қўл урганлигини сўрашганида: “Мени эрим иккинчи хотин оламан деди, мен бир таъзирини есин, деб, суюкли фарзанларидан жудо қилиш билан ундан интиқом олмоқчи бўлдим”, – деди. Шаҳар суди Парвинага 18 йил жазо муддати белгилади.

Орадан бир ой ўтар- ўтмас Саломат Пирова исмли аёл икки фарзанди билан ўзини дарёга отган, натижада болалари оламдан ўтиб, ўзи омон қолди. Унга шифокорлар руҳан носоғлом ташхисини қўйишди.

 Айни пайтда бундай мудҳиш ҳодисалар жамиятда энг хатарли иллатлар туркумига киради.

 Аммо “ Касални даволашдан кўра олдини олиш афзалдир”.

 Тарихга бир назар ташласак, Шўро даврида Гендерлик сиёсати кенг қўлланган. Момоларимиз, оналаримиз собиқ Шўро даврида ва ёвуз подшоҳлик даврида мажбуран дала ишларига, оғир меҳнатга чиқарилган. Қўлларида ёш бола, ўзлари ҳомиладор бўлишсада, ўша пайтдаги  раҳбарлар Шўронинг сиёсати боис уларга раҳм қилишмаган. Ҳатто ойи кириб қолган бўлсада, “Сен ишга чиқмасанг Совет Иттифоқидаги моддий ривожланишига катта зарар етказасан”, дейишиб мажбурлаб ишлатгани олиб кетишган., Ноилож қолган ҳомиладор оналар эгат ичида, пахтазорларда кўзи ёриган. Бундай ҳодисаларни деярлри ҳаммамиз эшитганмиз… . Энг ачинарлиси ўша пайтда қилган меҳнатини атиги 10 % ҳақи берилиб, қолгани Совет Иттифоқ кенгайиши учун сарфланган, исён қилган одамни дарҳол сургун қилишган. Корея, Хитой ва Кубадаги Коммунистик давлатлар айнан бизларнинг ота-оналаримизнинг оғир меҳнати туфайли ташкил топган. Оналаримиз бир чиройли либос кийиша олмаган. Мабодо аёллар кўйлаги ё румоли, борингки, ҳатто соч турмаклаш жиҳозларини ҳам олишликка имкон бўлмаган. Агар бирор аёл бундай буюмлар савдоси билан шуғуллангудек бўлса, унга чайқовчи тамғаси босилиб, катта жаримадан то қамоқ жазосигача белгиланган. Оналаримиз ҳомиладор, эмизикли фарзандлари бўла туриб, кўнгиллари тусаган таомларни ейишолмаган. Кўпчилик аёлларнинг эрлари, режим айби билан ичкиликка қаттиқ берилган. Ҳатто ароқхўр эрга сабр қилишиб, оқ ювиб оқ тараб, бировга шикоят қилмай, арзимас нарсага оиласини бузмасдан, ажрашмасадан яшаб ўтишган. Ярим кечасида уйқудан туриб, нон ёпиб,  сигир соғиб, эрини ишга кузатиб, тонг саҳарлаб қўлларида бола, бошида беланчак ё бешиги билан дала томон отланишган. Бундай аянчли аҳвол  заифаларнинг кундалик тартиби, ҳаёт мазмунига айланган… Аммо гарчи зулм орасида, етишмовчиликда, янги либос орзусида ҳаёт кечирган бўлишсада, улар ўз жонлариган қасд қилишмаган, боласини ўлдирмади, фарзанд қотилига айланмаган. Сабаби улар гарчи етук билим соҳиби бўлишмасада Ислом таълимотига қаттиқ амал қилишган. Кичкина гуноҳларни содир қилишдан ҳам Худодан қўрқишган. Ўз фарзандларини ўлдиришни эса ҳатто хаёлларига келтиришмаган.

Агар Ислом таърихига назар солсак, ибратли, эътиборга молик кўплаб маълумотларни оламиз. Улардан энг диққатга сазовор жойи Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошчилигидаги Мусулмонлар уч йил мобайнида дарада, қамал ҳолатида қолганларидир. Улар очликдан ноилож дарахт барглари ва илдизларини ейишган. Оч қолган гўдакларнинг йиғиси ҳатто шаҳаргача эшитилиб турарди. Аммо бирор аёл боласини ўлдирмади, ё ўз жонига қасд қилмади. Аллоҳ енгиллик бергунга қадар сабр қилишди. Агар ҳозирги худкушлик муаммосига иқтисодий қийинчиликларни баҳона қиладиган бўлсак, у ҳолда мухлис Мусулмонлар давридаги қамал ҳолатидан заррача ибрат олмаган бўламиз. Ҳолбуки айни пайтда, гарчи  қийинчилик ҳукмрон бўлсада, ҳали ҳануз одамлар дарахт баргларини ейишгача бормади (Худо сақласин).

Агар машаққатларга келсак, буюк аллома Имом ал-Бухорй (раҳимаҳуллоҳ)нинг онасичалик бирор аёл машаққат тормади. Онахон замон ташвишларида сабр-бардошли бўлиб, бир ўзлари ўғли тарбияси билан шуғулланганлар, натижаси барчамизга аён.

Нима учун айни пайтда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари мусулмон юртларида кенг ёйилиб кетди? Бунга сабаб нима?

Биз ҳамиша режимни айбдор қиламиз, аммо Аллоҳ бандаларининг феълига мувофиқ султон беради.

Бир Ғарб олимини сўзларига кўра : Ҳар бир буюк шахс ортида бир аёл туради.

Аммо у қандай аёл? Агар аёл оддий шариат аҳкомларидан бехабар бўлса қандай қилиб фарзандига икки дунё саодатига эриштиргувчи илмни беради? Ҳолбуки ўзида хеч қандай маълумот ва тушунча бўлмаса. Юқоридаги аянчли ҳодисалар айнан аёлнинг уқувсизлиги боис рўй бергани аниқ.

Айни пайтда аёлларнинг диний маърифати йўқлиги боис, Умматга катта маънавий зарар етмоқда. Ҳолбуки илм олиш барчага эркак – аёлга бирдек фарздир. Аммо кўпчилик мусулмонлар аёлларини омонат сифатида эмас, балки нафси қатори билиб, ёки унга шунчаки бола орттириш воситаси қатори қарайдиган бўлиб қолган. Расулаллоҳ (с.а.в.) дедилар : “Агар олти нарсага риоя қилсангиз, мен сизларни жаннатга киришингизга кафилман. .. Омонат ҳаққини адо этинг “.

Омонатнинг бир маъноси – ўзингизники бўлмаган, муваққат сизнинг қўлингизда бўлган нарсадир. Аёлларингиз Парвардигор берган омонатдир. Сиз диндан қочиб, аёлингизни илмли бўлишидан ҳадиксираб, уни фарздан тўссангиз, у ҳолда  Қиёматдаги ҳолатдан ғафлатда қолибсиз! Зеро у кунда ҳар бир жоннинг ўз ташвиш-изтироби бўлур, сиз туфайли кўп яхшиликдан маҳрум бўлган покиза аёлингиз учун Худога нима дейсиз?! Ёки ўз амалларингизни кўплигидан хотиржаммисиз? Расулаллоҳ (с.а.в.) дедилар : -“Солиҳа аёл эрининг динини ярмидир…” .

Агар аёлингиз диндан бехабар, Қуръону Суннатдан бехабар, илмсиз бўлса қандай қилиб сизнинг динингизни ярми бўла олади?

 Қуръони Каримда бундай келган :

“Энди агар (менинг даъватимдан) юз ўгирсангизлар, бас, мен сизларга элчи қилиб юборилган динни етказдим…. Албатта Парвардигорим ҳамма нарсани кузатиб тургувчидир”, [ Ҳуд : 57 ]

Мунаввара, матбуот бўлими аъзоси.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here