2015 йилда ҳукумат инқирозга қарши 40 яқин чораларни амалга оширди, бу ўз навбатида белгиланган муддат ичида мамлакатда макраиқтисодий вазиятни сақлаб қолишга имкон берди. Бироқ, иқтисодий вазият чуқурлашиб бормоқда, шу сабабли ҳам вазирлар маҳкамаси “белбоғни қаттиқроқ тортиши” керак бўлади. Бу ҳақида бош вазир Темир Сариев макроиқтисодий ва инвестицион сиёсат бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида айтиб ўтди.
“Кеча Россия ҳукумат раиси (Медведев) Россияни иқтисодий ривожланишни энг ёмон сценарийси кутаётганини айтиб ўтди. Шунинг учун ҳам улар янада жиддий инқирозга тайёрланишлари зарур. Молия вазири эса 1998 йилги инқироз такрорланиши мумкинлигини қўшимча қилиб ўтди. Биз ҳам иқтисодий вазият мураккаблашиб бораётганини аниқ ва тиниқ тушунишимиз керак. Шу сабабли, белбоғни қаттиқроқ тортишими зарур”, – деди Темир Сариев.
Туркистон:
Россия, худди чўкиб бораётган жуда катта кемага ўхшайди. Қирғизистон, худди ўша кемага арқон билан боғланиб олган кичик бир қайиқ мисоли. Россиядаги кризис Қирғизистонга таъсир қилмай қўймайди.
Россияни сиёсий ва иқтисодий кризисга учраши деярли аниқ бўлиб қолди. Лекин Т. Сариев буни Қирғизистондаги энг охиргилар қаторида англаб етаётгани қизиқ.Ушбу бош министрнинг энг катта хатоларидан бири Қирғизистонни Евро Осиё иттифоқига олиб кириб қўйганида бўлди. У ҳукуматнинг бу иттифоққа қўшилиш қарори ҳақида “бу биз учун сиёсий ечим бўлди” деган эди. Яъни бу Россиянинг босими остида деярли бошқа иложи йўқ бўлган мажбурий чора эди демоқчи бўлди. Лекин босим кимга бўлди? оқибатда зарар кимларга бўлаяпти?
Россия, Акаев билан Бакиевларни ҳокимиятдан қувиб солиб, ҳозирги ҳокимиятни қаттиқ қўрқитиб қўйгани сир эмас. Ҳокимият Россиянинг худди шу таҳдидидан қўрқишди. Яъни улар ўз креслоларини сақлаб қолиш учун бутун бир миллат ва халқни шу кунги ҳолатга олиб келиб қўйишди. Улар фуқоронинг фаровонлигидан кўра, қашшоқ бўлса ҳам ўзларининг етакчилиги остида бўлишини афзал кўришди. Уларнинг худбинликларининг чеки йўқ. Ер ости қазилма бойликларини деярли сотиб битишди. Газни, тиллони сотишди, энди сув ва энергетик тармокларни ҳам сотишга таёрлаб боришаяпти.
Муаммо, жавобгарликка тортилмасликда. Акаев ҳам, Бакиев ҳам Россиянинг омонлиги остида, жуда катта жиноятлари учун ҳеч қандай жазога тортилишмади. Бутун қирғиз халқининг талаби ҳам Россияни қарорини ўзгартира олмади. Бу ҳолат Қирғиз етакчиларини, Россиянинг манфаатига хизмат қилишда давом этаверишлари учун уларда хотиржамлик пайдо қилди. Чунки ҳар қандай етакчи элита энг кучли қувватга суянади. Мазкур вазиятда эса, Қирғизистонга энг кучли таъсир қила оладиган куч унинг халқи эмас, балки Россиянинг таъсир қувватида экан деган янглиш фикрга келиб қолишди.
Бу Қирғиз элитасида ҳатто миллий фидоийлик ҳам қолмади! Улар ўз шахсий манфаатлари ва жонларининг омонлик ва фаровонлигини сақлаб қолиш асосида иш олиб боришади. Шу йўлда бутун бир миллатнинг мол мулки, саломатлигини, эркинлик ва осоишталиги,…. барча манфаатларини оёқ ости қилиб юборишаяпти. Бир четдан барча соҳани сотиб юборишаяпти. Уларнинг қилмишлари ва ишларга норози бўлаётганлар эса, уларнинг эмас, халқнинг душманларига айланиб, дарҳол қувғинга олинишаяпти.
Энди Россия билан ўртадаги боғланган арқонни узиб юбориш анча қийин кечади. Устимиздаги етакчиларимизнинг бу ишни амалга ошириш учун сиёсий эрклари етмайди. Россиядаги Путиннинг режими эса, Қирғиз ҳукуматига босим беришда давом этаверади.