Россия мудофаа вазирлиги Тожикистон куч органлари учун ажратган ҳарбий ускуналарнинг навбатдаги партияси Душанбе аэропортига етиб келди.
Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антоновга таянган ҳолда Тожикистондаги РФ элчихонасининг хабар қилишича, 11 август, душанба куни Россия ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲК)га қарашли ҳарбий транспорт самолёти билан РФ мудофаа вазирлиги Тожикистон куч органлари учун ҳарбий ёрдам сифатида ажратган ҳарбий ускуналарнинг навбатдаги партияси етказиб келинди.
Хабарда қайд қилинишича, ҳарбий ускуналарни етказиб бериш тожик-афғон чегараларини мустахкамлаш бўйича КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 2013 йилда қабул қилган қарорлари доирасида амалга оширилмоқда.
Туркистон:
Россия Марказий Осиё республикалари, хусусан Тожикистон ва Қирғизистон устидан ўз нуфузини янада кучайтириш учун бу республикаларни ҳарбий жиҳатдан ўзига қарамлигини оширишга жиддий эътибор қаратиб келмоқда. 11 август куни етиб келган ҳарбий кўмакдан олдинроқ Россия мудофаа вазирлиги томонидан Тожикистонга Ми-8 ва Ми-24 транспорт ва ҳарбий вертолётлари, “Форпост” учувчисиз самолётлари олиб келинган эди.
Бундан ташқари 2014 йил ёзида эришилган келишувга кўра, Россия яқин йиллар ичида Тожикистонга 1 миллиард 230 миллион долларлик ҳарбий-техник кўмак кўрсатаиш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди. Бу ҳарбий кўмак Тожикистон қуролли кучларини модернизация қилишга мўлжалланган.
Тожикистон кўмак доирасида алоқа воситалари, ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилардан тортиб, авиация, артиллерия ва зенит-ракета қурилмаларигача бўлган кенг турдаги қурол-яроқларга эга бўлади. Қуроллар асосан Россия Мудофаа вазирлиги қисмларидан келиб тушади.
Россия ҳукумати Тожикистонга фақатгина қурол-яроқ етказиб бериш билан чекланиб қолмасдан, бу мамлакат ҳудудида жойлашган 201 ҳарбий базасидаги ҳарбийлар сонини оширишга ҳам қарор қилди. Ҳарбий база қўмондони Евгений Туболнинг сўзларига кўра, кейинги беш йил ичида ҳарбий хизматчилар сони 1,5 фоизга ошириб, 9 минг кишига етказилади.
Шу билан бир қаторда Қирғизистонга Россия томонидан 1 миллиард долларлик қурол-яроқ етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, қурол ва ҳарбий техникалар етказиб бериш 2013 йилнинг декабр ойидан бошланган эди.