“Хроника Туркменистана” нашрининг хабар қилишича, тергов хулосалари бўйича Тежонда ҳибсга олинган одамлар билан боғлиқ бўлган мусулмонларни қамоққа олиш давом этмоқда, қўлга олинганларнинг умумий сони бир юз элликка етган.
Қўлга олинганларнинг барчаси тергов изоляторлари ҳамда вақтинчалик сақлаш хибсхонасида ушлаб турилипти.
Аввалроқ, феврал ойининг ўрталарида Ашхаботдан 200 км узоқликда жойлашган Тежон шаҳрида “ноанаънавий” Исломга амал қилувчи ўнлаб мусулмонлар қўлга олинган, Миллий Хавфсизлик хизмати улар афғон толиблари билан алоқадорлиги ва Туркманистон пойтахтида қатор қўпорувчилик амалиётларини содир этишга тайёргарлик кўришганлигини маълум қилган эди.
Хабар қилинишича, қўлга олинган 150 кишидан 80 нафари Тежон шаҳри ва унга яқин қишлоқларда истиқомат қилувчи мусулмонлар, 20га яқини пойтахт Ашхобот шаҳри, қолганлари эса Туркманистоннинг бошқа ҳудудларидан.
“Айни иш бўйича Чогонли шаҳарчасидан сақол қўйган ва шаҳарчадаги уйлардан бирида жойлашган масжидга доимий қатнаб келган 12 нафар (30 ёшга етмаган) йигитлар қўлга олинган. Ҳозир мазкур уй ҳам шаҳарчадаги бошқа уйлар қатори бузиб ташланган. Қўлга олинган 12 кишидан етти нафари кейинчалик қўйиб юборилган, қолган бештаси эса тергов ҳибсхонасида ушлаб турилипти”, – деб хабар берди нашр.
Туркистон:
Турманистон “мустақиллик”ка эришган дастлабки кундан бетарафлик сиёсатини қўллаб ҳар қандай сиёсий ва ҳарбий иттифоқларга аъзо бўлишдан ўзини четга тортиб келган бўлсада, ички сиёсатда шахсга сиғиниш сиёсатини кенг татбиқ қила бошлади. Туркманистоннинг бринчи президенти Сапармурод Ниёзов “қаламига мансуб” “Руҳнома” китоби Туркманистон ўрта ва олий ўқув юртларида мажбурий ўқитилган ва уни ҳар бир туркманистонлик сотиб олиши, ўқиб чиқиши, мактабни битириш ва олий ўқув юртларига киришда талабалар шу китоб бўйича имтиҳон топширишлари, одамлар қасам ичган пайтда Қуръон ва “Руҳнома” китобига қўлини қўйиши, қамоқдан озод этилаётганлар бу китобга иймон келтириши талаб қилинар эди. Ҳатто иш “Туркманбоши”ни пайғамбар деб аталишигача бориб етди.
Ўз вақтида Сапармурод Ниёзовга нисбатан берилаётган бундай баҳоларга қарши чиққан туркманистонлик диний уламо Хожааҳмад Ўрозқличев тежонликлар билан учрашувда, оммавий ахборот воситаларида Сапармурод Ниёзов пайғамбар деб аталаётганлиги мусулмон эътиқодларига зид эканлигини айтади. Шундан сўнг Туркманистон ҳукумати Ўрозқличев таржимасидаги туркман тилида чоп этилган 40 минг нусха Қуръонни ёқишга буйруқ беради ва унга қарши товламачилик, хизмат вазифасини суистеъмол қилиш, пора олиш каби қатор айбловлар билан жиноий иш очилади.
Бугунги кунга келиб Россия ҳукумати Туркманистоннинг бетарафлик сиёсатидан воз кечиши, КХШТ ва ШҲТ сингари ўз нуфузи остида бўлган ҳарбий ва сиёсий ташкилотларга аъзо қилиб олиб киришга жиддий ҳаракат қилмоқда. Россия ҳукумат ўз мақсадига эришиш йўлида АҚШ томонидан илгари сурилаётган “исломий таҳдид” кампаниясидан унумли фойдаланиб қолмоқчи. Туркманистоннинг кўплаб ҳудудларида феврал ойи ўрталаридан бошлаб мусулмонларга қарши бошланган кураш ҳам айнан 3 феврал куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Туркманистонга қилган сафаридан сўнг бошлангани бежиз эмас. Мазкур ташриф мобайнида асосий эътибор Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиё минтақаси, шунингдек Яқин Шарқдаги вазиятларга қаратилган эди.