Мелильяда божхонага эга бўлмаган чегара йўллари орқали ўтказиладиган Европа маҳсулотларини марокашлик муслима аёллар ташиб беришади. Оғир юкларни елкаларида Африкага ташиб ўтадиган муслима аёллар Испания тилида хачир маъносини англатувчи “Mule-Katır” номи билан аталади.
Дунёнинг энг эски мустамлакачи давлатларидан ҳисобланган Испаниянинг Шимолий Африкада охирги икки тупроғи қолган. Улар Марокаш чегаралари ичидаги Мелилья ва Сеута минтақасидир.
Халқаро битимлар доирасидаги ноқонуний савдони олдини олиш қарорига мувофиқ бу минтақа чегараларидан бирор техник восита ўтишига йўл қўйилмайди. Шунга кўра икки давлат ўртасида божхона ҳам йўқ. Инсонларнинг чегарадан ўтиши эса кичик-пиёда йўллар орқали амалга оширилади. Чегарадан олиб ўтилаётган юклар учун солиқ тўлаш талаб қилинмайди. Чунки улар инсонлар қўлида ўтаётган пакет сифатида баҳоланади.
Бу оғир хизматни қилишга шай турган аёллар асосан бевалар ёки эрлари ишлашга қодир бўлмай қолган аёллардир. Улар бир кунда 80 килогача бўлган юкдан икки ёки уч марта чегарадан олиб ўтишади. Елкаларида ташиган юклари эвазига бир мартада 3-4 еврони қўлга киритади.
Марокашдаги АҚШнинг савдо палатаси ҳисоботига кўра, оғирлиги 80 килогача бўлган юкларни ёши элликдан ошган муслималарнинг кучидан фойдаланиб елкада ташиб ўтиш адолатсиз тузумга бир йилда 1.4 миллиард доллар даромад олиб келади.