Ўзбекистонда интернет-кафелар кузатув камералари ўрнатишлари шарт

897
0

05

Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчи пунктлар ва интернет-провайдерларга нисбатан талаблар ошиб бормоқда. Интернет-провайдерларга “мижозлар хавфсизлигини таъминлаш” учун кузатув камералари ўрнатиш мажбурияти юкланди.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг 28 март кунги қарорига мувофиқ умумий фойдаланиш пунктларида Интернет тармоғига кириш хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш киритилди.

“Норма.уз” нашри хабар қилишича, ўзгартиришлар тижорий асосда интернет тармоғларига кириш хизматини кўрсатаётган интернет-провайдерларга тааллуқли. Хусусан, умумий фойдаланиш пунктларига нисбатан талаблар кўлами кенгайтирилди. Бундан буён мазкур пунктларни кўп қаватли уйларнинг ертўла ва ярим ертўла бўлимларида ташкиллаштириш қатиъян таъқиқланади.

Шу билан бирга, зарурий техник жиҳозлардан ташқари, интернетга кириш хизматини кўрсатаётган интернет-провайдерлар умумий фойдаланиш пунктларида “мижозлар хавфсизлигини таъминлаш” учун кузатув камераларини ҳам ўрнатишлари шарт бўлади.

Бундан ташқари, 31 мартдан кучга кирган янги тартибга кўра, интернет-провайдерлар, хусусан, кузатув камералар ёрдамида “мижозлар хавфсизлигини таъминлаш” билан биргаликда, улар кираётган вэб саҳифалар ҳақидаги маълумотларни 3 ой давомида сақлаб туришлари талаб қилинади.

Туркистон:

Сўнги йиллар давомида халқаро ташкилотлар томонидан “интернет душмани”, дея танқид қилиб келинаётган Ўзбекистонда кўплаб мустақил хабар агентликларининг сайтларига тўсиқ қўйилган. Расмий ҳукумат бундай тўсиқлар  қўйиш орқали халқни оламда ва Ўзбекистонда содир бўлаётган ходисалардан муқобил йўл орқали маълумот олишларига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Бу орқали расмий ҳукумат оқимга қарши сузишга ва ўз халқини сиёсий жиҳатдан янада қолоқ ва муте қилишга интилмоқда.

Ўзбекистонда фоалият юритаётган “мустақил ва эркин” ОАВлари эса маълумотларни фақат бир томонлама ва расмий ҳукумат томонидан рухсат берилган мавзунигина ёритишлари мумкин. Шу вақтга қадар Ўзбекистон телевиденияси ва матбуоти Сурия, Марказий Африка ёки Украинада содир бўлган ходисалар ҳақида бир оғиз ҳам хабар бермади. Чунки бу хабарлар амалдорлар ва хусусан Каримов томонидан исталмаган мавзулар сирасига киради.

Агар Ўзбекистондаги расмий ОАВ хабарларини кўрсангиз ёки ўқисангиз фақатгина президент “раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат”ни гувоҳи бўласиз. Хориж хабарларида эса Хитойда панда айиғи туғганлиги ёки Ғарб давлатларидан бирида қутқарувчилар мушук боласини канализация қувуридан чиқариб олганлиги тўғрисидаги “оламшумул” ходисалар хабар қилинади.

Гарчи расмий ҳукумат интернет-кафеларга кузатув камераларини ўрнатилишини “мижозлар хавфсизлигини таъминлаш” билан оқлашга ҳаракат қилаётган бўлсада, аслида бундан асосий мақсад мустабид ҳукумат ўз хавфсизлигини кафолатлашдан иборат холос. Агар расмий ҳукумат ростдан ҳам ўз халқи хавфсизлигини ўйлаган бўлганда ҳар йили Россияга мажбурий равишда иш излаб чиқиб, у ерда миллатчилар қўлида қурбон бўлаётган минглаб бегуноҳ фуқаролари тақдири билан заррача бўлса ҳам қизиққан бўлар эди. Аммо Каримовни бирдан-бир ташвиши ўз ҳокимиятини имкон қадар узоқроқ сақлаб қолишдан иборат.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here