Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Сочи ва Москва шаҳарларида бўлиб қайтганидан сўнг бир ҳафта мобайнида Бишкекка кўплаб Россия делегациялари ташриф буюришди. Игор Сечин – бу шахс нафақат йирик нефт компаниясининг раҳбари, балки Россия президенти қошидаги иссиқлик-энергетика соҳасини ривожлантириш комиссиясининг котиби ҳамдир. Томонлар узоқ вақтлардан буён мамлакатни энергетика мустақиллигига олиб чиқиш учун Қирғизистонда бир нечта ГЭСларни барпо этишни режалаштиришмоқда.
Сўнгги ойларда нафақат энергетика соҳасида балки, Қирғизистонни газ билан таъминлаш масаласида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Бу масалани ҳал этиш учун Россиянинг йирик “Газпром” компанияси жалб этилди. Эндиликда Қирғизистон бозорига “Ростнефть” ҳам кириб келади. Бу компания Бишкек ва Ўш аэропортларига сармоя ётқизиши ва мамлакатга ёнилғи-мойлаш материалларини олиб келаётган қирғиз компанияларини ҳам сотиб олиши мумкин.
Шу билан бирга сўнгги вақтларда Қирғизистон шахсий нефтни қайта ишловчи заводларини қуришни бошлади. Бу заводлар тўла қувват билан ишлаши учун эса нефт хомашёси керак бўлади ва бу заводлар ишлаб чиқарган бензинлар табиийки четдан келтирилган бензин ва дизел ёқилғисидан анча арзон бўлади. Агар “Роснефть” Қораболта ва Тўқмоқдаги заводларни нефт хомашёси билан таъминлаб берадиган бўлса ҳақиқатда ёрдам кўрсатган бўлар эди.
Айни вақтда Норин вилоятида ҳаво ҳарорати кундуз кунлар минус 20 даража, кечалари эса 30 градус совуқ бўлишига қарамай Юқори Норин ГЭСи каскади барпо этиладиган ерда энергетиклар шаҳарчаси қурилиши деярли якунланди.
Барпо этиладиган каскадни техник-иқтисодий асоси аллақачон ишлаб чиқилган ва тасдиқдан ўтган. Кейинги бир неча йил мобайнида бу ерда умумий қиймати 24 миллиард сом бўлган тўртта станция барпо этилади. Норин ГЭС-1нинг биринчи объектини 2016 йилнинг охирига қадар ишга тушириш режалаштирилмоқда ва ўша йилнинг 31 август куни “Датка-Кемин” электр линиясини ётқизиш тугалланади.
“2015 йилнинг қишида биз плотинани кўтаришга киришишни режалаяпмиз. Биз ўз зиммамизга жуда катта маъулиятни олганмиз. Барчаси ўз вақтида маблағ билан таъминланишига боғлиқ”, – деди “Юқори Норин гидроэлектр станцияси” компаниясининг бошқаруви раиси Игор Горбенко.
Ўтган ҳафта президент Алмазбек Атамбаев Россия делегациясини қабул қилди, улар билан энергетика соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси, Россия Федерал божхона хизмати бошлиғи Андрей Бельянинов, Россия президенти қошидаги иссиқлик-энергетика соҳасини ривожлантириш ва экологик хавфсизлик комиссиясининг масъул котиби, “Роснефть” компанияси президенти Игор Сечин, “РусГидро” компанияси бошқарув кенгашининг раиси Евгений Дод ва “ИНТЕР РАО” бошқарув раиси Борис Ковальчуклар иштирок этишди. Учрашув иштирокчилари Қамбарота ГЭС-1 ва Юқори Норин каскадлари қурилиши ҳамда Россия энергокомпанияларини Қирғизистондаги инвестиция фаолиятларини ривожлантириш режаларини кўриб чиқишди.
Шу вақтга қадар Россия томонидан ГЭС қурилиши учун ер ҳужжатларини расмийлаштириш кечикаётгани юзасидан эътирозлар келиб тушган эди. Аммо, Қирғизистон ҳукумати ер қонунга асосан ажратилгани тўғрисидаги барча тегишли ҳужжатларни тақдим қилди. Бундан ташқари ҳамкорларда электр энергиясини экспорти юзсидан иккиланишлар бор эди. Бироқ бу масала ҳам кун тартибидан олиб ташланди. Шунингдек “Датка-Кемин” электр линиясини ётқизиш ишларини 70 фоизи бажарилгани ҳам айтиб ўтилди.
“Мазкур электр линияси Қамбарота ГЭСи ёнидан ўтади ва бу жанубга ҳам, шимолга ҳам электр энергиясини етказиб беришлик имконини беради. Шу билан бирга Хитой ҳам без қачон экспорт қилишни бошлашимизни кутиб турипти.”, – деди Энергетика ва саноат вазирининг ўринбосари Раимбек Мамиров.
Бу учрашув ва ташрифлар натижасида Қирғизистон ва Россия ўртасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Булар – Қамбарота ГЭС-1 ва Юқори Норин ГЭС лойиҳаларини амалга ошириш, қуриш ва ишлатиш бўйича музокаралар баённомаси. Қамбарота -1 лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини март ойида тасдиқлаш учун тақдим қилинади. Бундан ташқари, CASA – 1000 лойиҳаси бўйича келишув имзоланди. Бу лойиҳа эса Қирғизистонга Тожикистон орқали Афғонистонга электр энергиясини экспорт қилиш имконини беради.
“CASA – 1000 лойиҳаси ёз ойларидаги тахминан 1300 мегаватт миқдоридаги ортиқча электр энергиясини Марказий Осиёда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида, Жанубий Осиёда эса Афғонистон ва Покистон ўртасида сотиш ва узатиш учун керакли бўлган инфратузилмаларни барпо этишни назарда тутади”, – деб белгилаб ўтди Раимбек Мамиров.
Қирғизистондан электр энергияси экспорт қилинишини Хитой ҳам кутиб турибди. Агар мазкур беш йилликда Хитой давлати Қирғизистон билан чегарада жойлашган Шинжон автоном вилоятини ривожлантиришга 100 миллиард доллар ажратишини ҳисобга олинадиган бўлса, бу ишлаб чиқаришни ошишига олиб келади. У ҳолда Қирғизистон учун Шинжон вилоятига электр етаказиб берувчи асосий таъминотчи бўлишлик имконияти пайдо бўлади.
“Бу Ўзбекистон учун ҳам фойдали. Қамбарота -1 қиш ойларида Токтагул ГЭСида сув тўплаб беради. Бу эса сувдан тақчиллик бўлмайди дегани. Ёз ойларида эса қўшни республикалар бу сувдан суғоришда фойдаланишлари мумкин бўлади”, – деди “Электр станциялари” директори Жўлдошбек Назаров.
Норин вилояти ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари аҳолиси айни вақтда Юқори Норин каскади қурилишига жалб этилган. Бу лойиҳага қўшимча Россия ҳукумати Норин вилоятини комплекс ривожлантириш дастурига уч ярим миллион доллар ажратди. Бу маблағни бир қисми кейинчалик ишга жойлаштириш учун ёшларни техникавий мутахассисликларга ўқитишликка сарфланади.
“Юқори Норин қурилганидан кейин ГЭСга мутахассислар керак бўлади. Уларнинг иш жойи доимий бўлади. 3,5 миллион доллар унча ҳам катта маблағ эмаслигини биз тушиниб турибмиз, аммо бу маблағ айрим муаммоларни хал этиш имконини беради”, -деди Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Андрей Крутько.
Мазкур лойиҳалар ниҳоясига еткач, Қирғизистон энергетика соҳасида қарамликдан қутулиши керак. Ҳозирги ГЭСлар ўз имкониятларини деярли ўтаб бўлди. Шунинг учун ҳам агарда Қамбарота -1 ва Юқори Норин каскадлари қуриб битирилса, мамлакат учун эски ГЭСлардаги эскирган ускунуларни янгилаш имкони пайдо бўлади.
Булар билан бир қаторда “Манас” аэропортига тааллуқли иккита ҳужжат ҳам имзоланди. Томонлар “Роснефть” компанияси “Итек” компанияси билан тенг шериклик асосида Ўш аэропортига ёнилғи етказиб беришга келишиб олишди. Ёнилғига бўлган эҳтиёжни Россия компанияси қоплайди.
“Бу келишув ҳар томонлама файдали, чунки “Роснефть” паст нархлар билан кириб келяпти, бу эса йўловчи ташаш нархини пасайтиришга таъсир қилади. Менинг ўйлашимча бизнинг нархлар Марказий Осиёда энг пасти бўлади”, – деб ҳисоблайди “Манас” халқаро аэропорти вице-президенти Даир Тўкобоев.
Туркистон: Бу келишув аслида Атамбаев биран “Росснефть” ўртасидаги келишув бўлиб, у Ташиев, Бабанов сингари баъзи аппонентларини синдириш ва ўзига тобеъ қилиб олиш мақсадини хам кўзлайди. Лекин “бургага ўчашиб тўнни ёқиб юборибди” дейилганидек, бу шартнома Қирғизистоннинг нефтдан тушадиган даромадини бутунлай Россия томонидан манополия қилинишига олиб келади. Атамбаев эса, у тармоққа хеч қандай таъсир кўрсата олмайди. Тиниқроқ қилиб айтганда, Қирғизистон бойларига қолиб, давлат ВВПсига манфаат келтириши мумкин бўлган нефтдан тушаётган даромаднинг бир қисми, энди Россияга кетади.