Ҳомила жинсини аниқлаш ҳақидаги саволга жавоб

819
0

images (17)

Ҳизбут Таҳрир амири олим, шайх Ато ибн Халил Абу Роштанинг Фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан

Абу Абу Зайднинг ҳомила жинсини аниқлаш ҳақидаги саволига жавоб

Савол:

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Менинг саволим ҳомила ўтқазиш амалиётида ҳомила жинсини белгилаш ҳақида: ҳомила жинсини белгилаш мақсадида ҳомила ўтқазиш амалиётининг шаръий ҳукми нима? Раҳмат, Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Биринчидан: Ҳомила жинсини белгилаш ҳақидаги саволга жавоб беришдан олдин пробиркада уруғлантириш ҳақида қисқача эслатиб ўтамиз:

Бу ерда эр-хотиннинг фарзанд кўришига монелик қиладиган баъзи ҳолатлар бор. Бу ҳолатлар аёл тухумдони манийдан уруғланишига тўсқинлик қилади. Бу табиий йўл билан бўлади. Масалан, бачадон бўйни тўсилиб қолган бўлиши ёки сперматозоидлар ҳаракатида қандайдир заифлик бўлиб, улар тухумдонга етиб боролмаслиги ёки бундан бошқа мутахассисларга маълум бўлган сабаблар бўлиши мумкин. Шунинг учун баъзи олимлар тухумдонни бачадондан ташқарида муносиб шароитларда пробиркада уруғлантириш керак деган фикрга келишган. Бунда аёлга «Кломид» каби дорилар берилади. Бу дорилар тухумдоннинг бир вақтнинг ўзида бир қанча тухум хужайраларини ажратиб чиқаришига олиб келади. Шундан кейин мутахассис врач қорин ичини кўрувчи мослама ва зондни тухум хужайралари ажралиб чиқаётгани аниқланган жойга киритади ва тухумдондан бир тўп тухум хужайраларини чиқариб олиб, ҳар бир тухум хужайрасини махсус суюқлик ичидаги петри тарелкасига (Petri Dish) солади ва бу тухум хужайралари эрнинг сперматозоиди билан уруғланади.

Пробиркада уруғлантириш тамомига етгандан кейин уруғланган тухум хужайранинг «биттаси ёки кўпроғи» аёл бачадонига қайтарилади. Агар Аллоҳ Субҳанаҳу бу уруғланган тухум хужайрасидан бола яралишини тақдир қилган бўлса, тухум хужайра бачадонга ёпишиб олади ва ривожланиб нутфага, сўнг музғага айланади. Агар Аллоҳ Субҳанаҳу тақдир қилмаган бўлса, тухум хужайра ўлади ва йўқ бўлади.

Шунга биноан, демак шаръий ҳукм қуйидагичадир:

Эр-хотин табиий йўл билан ҳомиладорликка имкон тополмаганлари учун касаллик муолажаси сифатида бачадондан ташқарида уруғлантириш йўлига ўтишлари жоиздир. Чунки у даволанишдир. Зеро Росулуллоҳ A даволанишга буюрдилар. Абу Довуд Усома Ибн Шурайкдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар A дедилар:

«تَدَاوَوْا فَإِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ لَمْ يَضَعْ دَاءً إِلاَّ وَضَعَ لَهُ دَوَاءً غَيْرَ دَاءٍ وَاحِدٍ الْهَرَمُ»

«Даволанинглар, чунки Аллоҳ Азза ва Жалла бирор дардни қўйган бўлса, албатта унинг давосини ҳам қўйган. Бироқ битта дарднинг – ўлимнинг давоси йўқ».

Лекин бу қуйидаги икки шарт билан жоиз бўлади:

Биринчи: пробиркада уруғлантириш саҳиҳ никоҳ битими билан никоҳланган эр-хотин сувидан бўлиши лозим. Рувайфаъ ибн Собит Ансорийдан ривоят қилинишича, Росулуллоҳ A бундай дедилар:

«لاَ يَحِلُّ لِامْرِئٍ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ أَنْ يَسْقِيَ مَاءَهُ زَرْعَ غَيْرِهِ»

«Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган кишининг ўз суви билан бошқанинг экинзорини суғориши ҳалол бўлмайди». Бу ҳадисни Аҳмад ривоят қилди. Демак, ҳар қандай аёл тухумдонини фақат эрининг сувидангина уруғлантириш жоиз.

Иккинчи: пробиркада уруғлантириш ва уни аёл бачадонига кўчириш Ғарбда бўлаётганидек эрнинг вафотидан кейин эмас, ҳаётлик чоғида бўлиши лозим. Чунки ғарбликлар уруғлантириб музлатиб қўйилган тухум хужайрани она бачадонига у қачон хоҳласа ўша вақтда кўчиришга ҳеч қандай монелик йўқ деб билишади. Аёлнинг эри тирикми ёки ўлганми бунинг уларга фарқи йўқ! Исломда бу ҳалол бўлмайди. Чунки аёлнинг ҳомиланинг бошланишиданоқ тирик эрсиз ҳомиладор бўлиши ҳаромдир ва бунга жазо белгиланган. Чунки зинони исботлаш ҳужжатларидан бири эрсиз ҳомиладор бўлишдир. Шунинг учун қайси аёл эрсиз ҳомиладор бўлса, у гуноҳкор бўлиб, ҳаром ва катта гуноҳни қилган бўлади. Бунга далил Умар ва Али Gнинг сўзларидир. Саҳобалардан ҳеч ким Умар ва Алининг бу сўзларини инкор қилмаганлар. Ҳолбуки бу иш агар собит бўлмаганида эди, саҳобалар томонидан албатта инкор қилинар эди. Шунга кўра у ижмо бўлади.

Шундай қилиб, демак бачадон ташқарисида уруғлантириш, сўнг уни она бачадонига кўчириш эр томонидан хотинига ва эрнинг ҳаётлик чоғида бўлиши лозим. Шунда бу жоиз бўлади. Яъни «пробиркалардаги бола» деган нарса мазкур шартлар билан жоиздир.

Иккинчидан: ҳомила жинсини белгилаш:

Қадимдан одамлар ўзлари истаган болани танлашга, истамаганларини эса имкондаги йўл орқали йўқ қилишга уриниб келишган.

*    Масалан жоҳилиятда одамлар ўзларига урушда ёрдамчи бўлишлари ва насл-насабни сақлаш учун ўғил бола туғилишини исташарди. Шунинг учун улар қиз болаларни тириклайин кўмиб юборишарди:

«Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида» [Таквир 8-9]

 

*    Ҳомиладор аёл қорнидаги нарсани тасвирга тушириш имконини берадиган бошқа воситалар пайдо бўлгач, агар ҳомила эр-хотин истамаган жинсдаги бўлса, уни она қорнидан тушириб юбориш учун абортдан фойдаланадиган бўлишди.

*    Бу ерда бошқа эскича уринишлар ҳам бор.

*    Кейинчалик, айниқса янги замонавий техник асбоблар пайдо бўлган пайтда ҳомила жинсини танлашга тааллуқли тадқиқотлар пайдо бўлди. Улардан энг кўзга кўринганларидан бири қуйидаги икки йўл бўлди:

Биринчи: Улар бу йўлни энг техник йўл деб айтишди. У уларнинг таъбири билан айтганда нутфани саралаб уруғлантириш йўлидир. Бу йўл хромосомаларни, аёлнинг X хромосомасини эркакнинг Y хромосомасидан синов пробиркасида ажратиб олиш учун, яъни уни турли йўллар билан танадан ташқарида ажратиб олиш учун тажрибалар ўтказишни тақозо қилади. Бунинг учун эса, тиббий техник аралашув зарур бўлади.

Олимлардаги бу ғоя шуки, одамга тааллуқли барча аломатлар 46 хромосомадан иборат, улардан иккитаси жинсга алоқадор: X ва Y. Аёллик хромосомаси XX билан, эркаклик хромосомаси XY билан белгиланди. Ҳомила ота-онанинг ҳар биридан биттадан хромосома олади. Аёл ҳомилага фақат X хромосома бера олади, эркак эса ё X ёки Y. Шунга кўра агар тухумдон X-хромосома билан уруғланса аёл жинсидаги ҳомила пайдо бўлади, агар Y-хромосома билан уруғланса эркак жинсидаги. Шунга таяниб олимлар X-хромосомали сперматозоид билан Y-хромосомали сперматозоидни бир-биридан ажратиб олишади, сўнг ҳомила эркак жинсида бўлишни хоҳлашса пробиркадаги тухумдонни Y-хромосомали сперматозоид билан, агар ҳомила қиз бола бўлишини исташса X-хромосомали сперматозоид билан уруғлантиришади.

Иккинчи: озгина фарқ билан биринчисига ўхшайди. Бу йўл пробиркада тухум хужайраларини уруғлантиргандан кейин амалга ошади. Тухум хужайралар уруғланганидан кейин текшириб кўрилади. XX билан уруғланган тухум хужайра қиз бола бўлади. XY билан уруғланган тухум хужайра ўғил бола бўлади. Шунинг учун қайси аёл ҳомиласи ўғил бола бўлишини хоҳласа, унинг бачадонига XY билан уруғланган тухум хужайра ўтқазилади. Агар ҳомиласи қиз бола бўлишини хоҳласа унинг бачадонига  XX билан уруғланган тухум хужайра ўтқазилади. Иккала йўл ҳам мақсад жиҳатидан бир-бирига ўхшашдир. Лекин биринчисида сперматозоид уруғланишдан олдин текшириб кўрилади ва эркаклик қисми аёллик қисмидан ажратиб олинади. Иккинчи йўлда эса, уруғланган тухум хужайра, яъни «ҳомила» текшириб кўрилади ва шундан кейин эркак ҳомила ёки аёл ҳомила эканлиги ажратиб олинади.

Инсоннинг қадимдан то ҳозирги асримизгача туғилажак боланинг жинсини танлашга оид бир талай уринишлари мана шулардир.

Воқени билиб олингандан кейин, яъни манот ҳақиқатини ўрганиб чиқилгандан кейин шаръий ҳукмни қуйидагича баён қиламиз:

а)   Исталмаган гўдакни ўлдириш ҳаромдир. Чунки у бир жонни атайлаб қасддан ўлдиришдир. Унинг охиратдаги жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир.

«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир»                                                                                                [Нисо 93]

 

Унинг дунёдаги жазоси эса қонини тўкиш билан қасос олиш, яъни ўлдирилганнинг валийси афв этмаса ёки дия олмаса ўлдиришдир.

б)   Она қорнидаги ҳомилани – аҳли унинг ўзлари истамаган ҳомила эканини билишган пайтда, масалан ҳомила қиз бола бўлиши, ота эса ўғил бўлишини исташи каби – ўлдиришга келсак, у ҳам ҳаромдир ва унинг учун жазо белгиланган. Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра орқали ушбу ҳадисни ривоят қилди, лафз Бухорийники: «Ҳузайлдан икки аёл бир-бири билан уришиб бири иккинчисига тош отиб, уни ва қорнидаги ҳомиласини ўлдириб қўйди. Шундан сўнг (қариндошлари) Росулуллоҳ A ҳузурига жанжаллашиб келишди. Росулуллоҳ A унинг ҳомиласи диясини бир яхши қул ёки чўри қилиб ҳукм қилдилар».

в)   Сперматозоидларнинг эркак қисмини аёл қисмидан ажратиш, сўнгра тухум хужайрани – агар ўғил туғилишини исташса – эркак қисм билан, агар қиз туғилишини исташса – аёл қисми билан уруғлантиришга келсак, ёки эркак ҳомилани аёл ҳомиладан ажратиб олишга келсак, булар жоиз бўлмаган амалиётлардир. Чунки булар даво эмас, яъни ҳомиладор бўлмаётган аёлни ҳомиладор бўлиши учун муолажа қилинган бир муолажа эмас. Бошқача айтганда, хотиннинг тухум хужайрасини табиий йўл билан эрнинг сперматозоиди билан уруғлантириш имконияти йўқлиги учун пробиркада тухум хужайрани уруғлантириш учун даволаш йўлига ўтилган бир муолажа эмас. Аксинча булар сперматозоиддаги эркаклик қисмларини аёллик қисмларидан ажратиб олишга ёки ҳомилаларни ажратиб олишга тааллуқли бўлган бошқа иш бўлиб, бу иш аёлнинг табиий йўл билан ҳомиладор бўлиши қийинлигини муолажа қилиш эмас. Яъни бу амалиётлар ҳомиладор бўлмаслик касалини даволаш эмас. Чунки бу амалиётлар фақат авратларни очиш билангина ўтказилади. Чунки тухум хужайраларни олиш ва уларни қайтариб ўтқазиш шуни талаб қилади. Авратларни очиш эса ҳаромдир. Бу ҳаром фақат даволашдагина жоиз бўлади. Модомики бу амалиётлар даволаниш эмас экан, демак улар ҳаром бўлиб, ҳечам жоиз бўлмайди.

Сўзим якунида шуни айтмоқчиманки, Аллоҳ Субҳанаҳу:

«Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни-хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди»                  [Алақ 3-5]

 

деб айтган илмни шариат ҳукмларига мувофиқ яхшиликда ишлатиш ҳам мумкин, бу сабабли шу илм эгасига ажр бўлади. Уни ёмонликда ишлатиш ҳам мумкин, бунда илм эгаси гуноҳкор бўлади. Бу ҳолатда илм инсониятга ёмон оқибатларни олиб келади. Ғарб давлатларида кузатилаётган насабларнинг аралаш-қуралаш бўлиб кетгани, спермалар, тухум хужайралар ва ҳомилаларни музлатиб қўйиш банклари, уларни олди-сотди қилишлар, буларнинг барчасидан баданлар титраб кетади. Аллоҳ Субҳанаҳу бу ёвузлар ҳақида бундай деб ҳаққи рост айтди:

«Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир»                               [Аъроф 179]

 

Аллоҳ Субҳанаҳу илмларни бу коинотга омонат қилиб қўйди ва инсонга билмаган нарсасини билдириб, унга – имон келтирган кишиларнинг имони янада зиёда бўлиши учун, кофир бўлган кимсаларнинг эса юзтубан кетиб, дунёда шарманда, охиратда эса аламли азобда бўлиши учун – ақл, тафаккур ва тадаббур хусусиятларини жойлаб қўйди.

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта                                                       10 сафар 1435ҳ

                                                                                                                      13 декабр 2013м

1 COMMENT

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here