Американинг собиқ Сурия элчиси Райан Крокер Асаднинг Исломий гуруҳдан афзал эканлигини ва Американинг Асад режими билан музокаралар бошлаши зарурлигини таъкидлади.
Суриядан ташқари Ироқ ва Афғонистонда АҚШ элчиси лавозимида ишлаган Райан Крокер Нью-Йорк Таймс уюштирган дастурда “Суриянинг Асадни ўз ичига олган келажаги ҳақида бош қотиришимиз зарур. Бу қанчалар ёмон бўлса-бўлсин, бундан бошқаси яна ҳам даҳшатлироқдир”, деди.
“Башар Асад бу урушга тайёр. Ўзи ҳам, отаси ҳам 30 йилдан буён бунинг учун тайёр эди. Тахминимча, у иқтидорини давом эттира олади. Аввал бошдан бу борада хато тасаввурга эга эдик. Сурия мухолифати АҚШнинг мўътадил қарашга эга дўсти бўлмаслиги, айни пайтда кўриб турганимиздек, радикал Ал-Қоида каби бўлиши аниқ эди”, дея таъкидлади Собиқ дипломат.
Баъзи сиёсатчиларнинг “АҚШ Сурия масаласига эртароқ аралашганда эди, вазият мўътадил мухолифат фойдасига ҳал бўларди”, деган танқидларига жавоб берган собиқ элчи “агар эртароқ ва кўпроқ дастак берганимизда, Ал-Қоида янада кўпроқ қурол яроққа эга бўларди. Чунки Суриянинг шимолидаги Сурия озод армияси омборларида юз бергани каби, биз берган қурол яроқлар ҳозир уларнинг қўлида бўларди”, дея огоҳлантирди.
Крокер АҚШнинг Сурия қўзғолони бошланишидаёқ – номига бўлсада – Асадга қарши позицияни эгаллаб, ҳақиқатларнинг фарқига бормаганлигини ва оқибатда унинг сиёсати иш бермаганлигини танқид остига олар экан, яқинлашиб келаётган Женева конференциясида АҚШ Асад вакиллари билан музокара бошлаши лозимлигини таъкидлади.
Бундан аввал Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Асаднинг Исломийлардан кўра хатари камлигини Ғарб тушуна бошлаганлигини билдирган эди.
Лавров Рус ахборот агентликларига “Ғарб дипломатлари Асаднинг ҳокимиятда қолиши Исломийларнинг ҳукумат бошига келишидан кўра афзалроқ эканлигини тинимсиз таъкидлашмоқда”, деди.
“Исломий жангчилар Сурия жанг майдонида қўлга киритаётган ўлжалар Ғарбнинг Асад борасидаги позицияларини ўзгартиришга сабаб бўлмоқда”, дея қўшимча қилди у.
Лавров Суриядаги вазиятни баҳолар экан, “у ерда Исломийлар ва мужоҳидларнинг нуфузлари тезлик билан ортиб бормоқда, кўп ерларга ҳукмронлигини ўрнатиб, дарҳол Исломий шариатни жорий этишяпти”, дея таъкидлади.
Ундан сўнг “Русиялявм” телеканалига “Россиянинг Ғарбдаги ҳамкорлари Башар Асаднинг мансабдан кетиши Сурия масаласини ҳал қилиш йўли эмаслигини, балки бу қисқа вақтда ҳокимиятни Исломий экстримистлар қўлга олишига сабаб бўлишини тушуна бошлади”, дея урғулади.