Савол жавоб майдони

Хуш келибсиз Guest 

Кўрсатиш/Яшириш Сарлавҳаларни

Хуш келибсиз мехмон! Бу форумда савол қолдириш учун рўйхатдан ўтиш талаб қилинади.





Саҳифалар: [1]
Муаллиф Мавзу: Қурбонлик қилиш ҳукми нима?
Mux
Про
Св-Жв: 321
Permalink
Post Қурбонлик қилиш ҳукми нима?
        August 31, 2017, 07:39
Иқтибос

Ассалому алайкум.

Қурбонлик қилиш ҳукми нима?
Қурбонлик қилмаса одам гунаҳкор бўладими?
Қурбонлик қиладиган одамнинг моли закот нисобига етиши ё етмаслигини қурбонлик қилишга алоқаси борми?

turkiston.-
net
Administrator
Св-Жв: 676
Permalink
Post Св: Қурбонлик қилиш ҳукми нима?
        August 31, 2017, 07:43
Иқтибос

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Қурбонлик ҳукми иҳтилофли масала. Ҳанафий мазҳабига кўра моли нисобга етган, муқим (яъни сафарда бўлмаган), мусулмон одам учун қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади. Беузр қилмаган мўмин гуноҳкор бўлади. Қурбонликнинг вожиблигига Қуръони каримдан юқорида зикр қилинган Кавсар сурасининг 2-ояти далил бўлади. Ҳадиси шарифлардан эса Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далилдир. “Кимки, имкони бўлатуриб қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин” (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари).

Бой бўлмаган мўмин қурбонлик қилса у назр бўлиб қолади. Уни ҳаммасини камбағал-мискинларга тарқатиб юбориши шарт. Бойлик ўлчами, яъни нисоб икки юз дирҳам кумуш ёки йигирма мисқол олтин билан белгиланади. Тилланинг мисқоли - шаръий динорга тенг. Унинг вазни йигирма қийрот (карат), яъни 4,25 грамм. Шунга кўра, нисоб тилла билан ўлчанганда 85 грамм олтинга тўғри келади. Кумуш дирҳам эса 2,975 грамм. Демак, нисоб кумуш билан ўлчанганда 595 грамм кумушга тўғри келади. Яъни тилла билан 85г. ва кумушга 595г. Хозирда долларга ўлчаганда иккисининг ўртача ҳисобини олинса, таҳминан: 85×40=3400$. 595×0.60=357$. нинг ўртачаси: 85×40=(3400+357)÷2=1878.5$

Кимда эҳтиёжларидан ташқари 1878.5$ миқдорида пул ёки пул қилиши мумкин болган бойликка эга болса, ўша инсонга қурбонлик қилиш вожиб. Қурборлик ийд намозини ўқигандан кейин уч кун ичида қилиш керак.

Қурбонлик учун сўйиладиган жонивор қурбонлик ёшига етган бўлиши шарт. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Фақат мусиннани сўйинглар. Илло, агар бу иш сизларга қийин келса, қўйдан жазаъ бўлганини сўйсангиз ҳам бўлаверади» (Муслим ривоятлари). «Мусинна» деб туя, мол, қўй ва эчкилардан «саний» ёшига тўлганларига айтилади. «Саний» умрининг иккинчи босқичига ўтган – ўрта ёшли дегани бўлиб, у «жазаъ» ёшидан кейинги босқичдир.

Тилшунос олимларнинг таъкидлашларича, бўталоқ беш ёшга тўлиб, олтига кетганда “санийя” деб аталувчи олд тишлари тўкилар экан. Ана шунда “саний” бўлар экан. Юқоридаги ҳадисга биноан, туя, сигир ва эчкидан фақат «саний» ва ундан юқори ёшда бўлганларигина қурбонликка яроқли ҳисобланади. Қўйдан эса «жазаъ» ва ундан юқориси қурбонликка ўтади. Демак, туянинг «саний»си деб туғилганига беш йил тўлгани айтилади. Сигир ва буқанинг «саний»си эса туғилганига икки йил тўлгани бўлади. Қўй ва эчки эса бир йилда «саний» бўлади. Қўйдан «жазаъ» бўлгани туғилганига олти ой тўлиб, еттинчи ой кетганидир.

Юқорида санаб ўтилган ҳайвонларнинг эркак ёки урғoчиси орасида фарқ йўқ.

Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак. Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилгай.
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Тўрт хил жонивор қурбонликка ярамайди: 1. Шапкўрлиги билиниб турган даражадаги шапкўр жонивор. 2. Касаллиги билиниб турадиган даражадаги касал жонивор. 3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражадаги оқсоқ жонивор. 4. Оёқда туролмайдиган даражадаги беҳол-мадорсиз жонивор» (Сунан соҳиблари ривоят қилишган). Ушбу ҳадис қурбонликка путур етказувчи айб-нуқсонларни билишда асос кабидир. Юқоридаги ҳадисга биноан ва қиёсан уламолар қуйидаги сифатга эга бўлган жониворларнинг қурбонликка ярамаслигини айтадилар.

1. Шапкўр жонивор.

2. Кўзи кўр жонивор.

3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражада оқсоқ жонивор.

4. Бир оёғи кесилган жонивор.

5. Касаллиги кўриниб турган касал жонивор. Қўтир бўлган ёки баданига яра тошган жонивор ҳам шу жумладандир. Чунки, бундай касалликлар жониворнинг хилқатига таъсир қилади, семиришига йўл қўймайди.

6. Оёқда туролмайдиган даражада қилтомоқ бўлиб қолган, мажолсиз жонивор.

7. Қулоғининг ҳаммаси ёки бир қисми кесилган жонивор.

8. Қулоғи тешилган ёки қулоқ супраси ўртасидан кесилиб, ёриқ пайдо қилинган жонивор.

9. Белги учун қулоғи тешиб қўйилган жонивор.

10. Шоҳи кесиб ёки суғуриб олинган жонивор. Аммо ўзи шоҳсиз туғилган бўлса, қурбонликка ярайди.

11. Бурни кесиб олинган жонивор.

12. Думи кесиб ташланган жонивор. Аммо ўзи думсиз яратилган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз, гарчи айрим уламолар буни ножоиз санаган бўлсалар ҳам.

13. Думбаси кесиб олинган жонивор.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қурбонликка сўйиладиган жонивор ўзига озор етказадиган, семириб ёғ бойлашига монеълик қиладиган ва баҳосини туширадиган барча айб-нуқсон ва касалликлардан холи бўлиши керак. Салафи солиҳлардан нақл қилинганки, улар қурбонликка сўйиладиган жониворнинг ҳар қандай каттаю-кичик айблардан холи бўлганини танлар эдилар. Агар жониворда биронта арзимас айб топилса ҳам, уни қурбонлик қилишни кариҳ кўрардилар.

Қурбонлик сўйишнинг биринчи вақти ҳайит намози билан хутба ўқилгандан сўнг бошланади ва ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботганда тугайди. Бошқачароқ ибора билан айтилса, қурбонлик уч кун давомида сўйилади: қурбон ҳайити куни ва унинг кейинидан келувчи ташриқ кунларининг илк икки кунида. Бироқ энг афзали қурбонликнинг ҳайит намози ўқиб бўлиниши билан амалга оширилишидир.
Ҳайит намозидан аввал ёки қурбонликнинг охирги вақтидан кейин сўйилган жонлиқ шаръий қурбонликка ўтмайди. Бунга юқорида айтиб ўтилган мана бу ҳадис далолат қилади.
Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни ҳайит намозидан сўнг бизларга ваъз қила туриб шундай дедилар: «Бугунги кунимизда биринчи бўлиб қиладиган амалимиз(ҳайит) намозни ўқишимиз, сўнгра (уйга) қайтиб жонлиқ сўйишимиздир. Кимки шундай қилса, унинг иши суннатга мувофиқ келибди. Кимки намоздан аввал сўйган бўлса, у бор-йўғи оиласига тақдим қилган гўштдир, холос. Бу куннинг маросимидан (яъни қурбонликдан) эмас».
Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг фикрларига кўра қурбонлик вақти ҳайит намози ўқилмайдиган чекка ва қишлоқ жойлар аҳолиси учун қуёш чиққандан кейин киради. (Яъни, улар бомдоддан сўнг бир муддат ўтиб, қуёш чиққандан кейин сўяверсалар бўлади). Аммо, ҳайит намози ўқиладиган шаҳар жойларда эса ҳайит намози ва хутбаси ўқилгандан кейингина қурбонлик вақти киради. Унгача сўйилган жонлиқ қурбонликка ўтмайди.

Муттақий.

Саҳифалар: [1]
Mingle Forum by cartpauj
Version: 1.0.34; Page loaded in: 0.039 seconds.