Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Сиз билан рўйи-рост ҳисоб-китоб қилишга ёки шариат асосида ажрим қилиб бериш учун бир қозига ишни топширишга рози бўлмаса, сизда қолган ортиқча пулни бермаслигингизда ҳеч қандай кароҳият йўқ, чунки у сизнинг ҳаққингизни ҳам бермоқчимас. Аттоҳ Таоло айтади:
فَمَنْ اعْتَدَى عَلَيْكُمْ فَاعْتَدُوا عَلَيْهِ بِمِثْلِ مَا اعْتَدَى عَلَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ مَعَ الْمُتَّقِينَ
Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг! Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Билингларки, Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир. [2:194]
Сизда қолган ортиқча пулни ҳисоблаб туриб бир муҳтожга эҳсон қилиб юборишингиз афзал, яъни савдода бўладиган ноаниқликлар учун Росулуллоҳ(с.а.в) садақа қилишга буюрганлар. Абу Довуд Қайс ибн Абу Ғарза Кинонийдан ривоят қилди: «Расулуллоҳ(с.а.в) даврларида воситачилар деб аталар эдик. Олдимиздан Расулуллоҳ(с.а.в) ўтиб қолиб ундан яхшироқ исм билан бизни номлаб дедилар:
«يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ إِنَّ الْبَيْعَ يُحْضِرُهُ اللَّغْوَ وَالْحَلْفَ فَشُوبُوهُ بِالصَّدَقَةِ»
Эй савдогар (тижоратчи)лар жамоати, савдода бекорчи сўзлар ва қасам ичиш бўлиб туради. Уни садақа билан ўчиринглар». Бунинг маъноси шуки, молни жуда мақтаб ортиқча сўзларни ҳам гапириб юборади, гоҳида молини ўтказиш учун ўйламай қасам ичиб юборади, унинг изини (зарарини) кетказиш учун садақага тарғиб қилинади.
Муттақий.
|