Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Банда Аллоҳ Таолонинг ҳукмларига, яъни шаръий ҳукмларга бўйсуниши керак. Шаръий ҳукм бандаларнинг амалларига тааллуқли бўлган Шореъ (шариат эгаси - Аллоҳ)нинг хитобидир. Шаръий ҳукм - Қуръони Карим ва ҳадисларда бизга баён қилинган. Лекин ундаги маъноларни тўғри тушуниш фақат ижтиҳод билан бўлади. Масалан, Аллоҳ Таоло:
وَأَشْهِدُوا ذَوَى عَدْلٍ مِنْكُمْ
– „Ва ўзларингиздан (яъни мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар“, [65:2]
деди. Яна бир оятда эса:
اثْنَانِ ذَوَا عَدْلٍ مِنْكُمْ أَوْ آخَرَانِ مِنْ غَيْرِكُمْ
– „Ўзингиздан (яъни мусулмонлардан) бўлган икки адолат эгаси ёки ўзгалардан бўлган икки киши“, [5:106]
деди. Биринчи оят гувоҳлар мусулмонлардан бўлишини, иккинчиси эса мусулмонлардан ёки мусулмон эмаслардан бўлиши мумкинлигини баён этади. Яъни биринчи оят гувоҳ мусулмон бўлишини шарт қилса, иккинчи оят гувоҳ мусулмон бўлмаслигига ҳам ижозат беради.
Ёки Аллоҳ Таоло айтади:
وَاسْتَشْهِدُوا شَهِيدَيْنِ مِنْ رِجَالِكُمْ فَإِنْ لَمْ يَكُونَا رَجُلَيْنِ فَرَجُلٌ وَامْرَأَتَانِ
– „Сизлар рози бўладиган гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни гувоҳ қилинглар“. [2:282]
Ваҳоланки, саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинганки, Расулуллоҳ(с.а.в) эмикдошликда битта аёлнинг гувоҳлигини қабул қилганлар. Даъвогарнинг қасами билан бирга битта гувоҳ ҳам Расулуллоҳ(с.а.в)га кифоя эди. Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ(с.а.в) қасам ва битта гувоҳ билан ҳукм чиқардилар». Амирал мўминин Алий ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ(с.а.в) битта гувоҳ ва ҳақдорнинг қасами билан ҳукм қилдилар». Бу далилларда қарама-қаршилик борга ўхшайди.
Шу далиллардан банда қандай амал қилса, Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлишини билиш фақат ижтиҳод билан аниқланади. Ижтиҳоднинг луғавий маъноси оғир меҳнат ва машаққатни талаб қилувчи бирор ишни амалга ошириш учун бор кучни сарфлашдир. Аммо усул олимларининг истилоҳида ижтиҳод бирор шаръий ҳукмга нисбатан, ундан ошиғига ўз ожизлигини ҳис қилган йўсинда, ўз занн-гумонини излаб топиш учун бор кучини сарфлашидир.
Оят ва ҳадислардан ҳукмларни тушунишда мужтаҳидлар баъзи бир ўринларда бири иккинчисидан бошқача тушуниб қолган. Масалан: жизя ояти каби. Бу масалада Ҳанафия мазҳаби(имом Абу Ҳанийфа(р.) ва издошлари) уни жизя деб номлаб, берилаётганда уни бераётган одамда хорлик аломати зоҳир бўлиб туришини шарт қилади. Шофиъия мазҳаби(имом Шофеъ(р.) ва издошлари) эса унинг жизя деб номланишини шарт қилмайди. Балки «қўшимча закот» номи билан йиғиб олинса бўлаверади, хорлик аломати зоҳир қилинишига ҳам зарурат йўқ. Ислом аҳкомларига бўйсунишининг ўзи кифоя, дейди.
Бизга ўҳшаган мужтаҳид бўлмаган, тақлид қилувчилар далилларини ёки олимларни кучлироғини танлаб, ўша мужтаҳидга, яъни унинг ҳукмларига эргашади. Тўғридан-тўғри оят ва ҳадислардан ҳукм олиши билан адашиб кетади. (“Ислом низоми” китобидаги “шаръий ҳукм” деган темани ва “Исломий шахсия” 1-чи китобидаги “ижтиҳод ва тақлид” ва “усули фиқҳ” темаларини ўқинг).
Муттақий.
|