Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Ақиқа(العقيقة) Аллоҳ Таолога фарзанд ато қилганининг шукронасига туғилган чақалоққа қўй каби жонлиқ сўйишни билдиради. Баъзилар мубоҳ ҳам дейишган. Фарз деган мужтаҳидлар ҳам бор. Биз унинг ҳукми суннат биламиз, қилмаса гуноҳ бўлмайди. Қилиш яхши амал, савобга ҳақли бўлади. Ақиқа сўйиш вақти фарзанд туғилганининг еттинчи куни ёки ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни бўлмоғи суннат, агар ундан олдин ё кейинроқ сўйса ҳам жоиз.
Ақиқада ўғил болага ёши ва баҳоси бир-бирига яқин бўлган иккита қўй, қиз болага битта қўй сўйилади. Ўғил болага иккита сўйиш мукаммал ҳолати, лекин имкон қилолмаганлар битта сўйса ҳам бўлади.
عَنْ أُمِّ كُرْزٍ الْكَعْبِيَّةِ قَالَتْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ « عَنِ الْغُلاَمِ شَاتَانِ مُكَافِئَتَانِ وَعَنِ الْجَارِيَةِ شَاةٌ ».
Умму Курз ал-Каъбия(р.а)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ(с.а.в)нинг: «Ўғил болага; баробар катталикдаги иккита қўй, қиз болага битта қўй», деганларини эшитганман» (Абу Довуд, Насоий ривоятлари. Термизий Оиша(р.а)дан ривоят қилиб, саҳиҳ санаган).
Шу ақиқа қилинган куни унга исм қўйилиши афзал. Самура(р.а)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ(с.а.в):
عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ «كُلُّ غُلاَمٍ رَهِينَةٌةٌ بِعَقِيقَتِهِ تُذْبَحُ عَنْهُ يَوْمَ سَابِعِهِ وَيُحْلَقُ وَيُسَمَّى»
«Ҳар бир чақалоқ ақиқаси билан гаровлангандир. Еттинчи куни унинг номидан (ақиқа) сўйилади ва исми қўйилади» деганлар (Абу Довуд, Насоий, Термизий ривоятлари).
Имом Аҳмад айтади: « “гаровлангандир”нинг маъноси – ота-онасига шафоатчи бўлишдан тўсиб қўйилади, демакдир». Ким фарзандига туғилган куниёқ исм қўйса, зарари йўқ. Балки, бу баъзи уламолар наздида еттинчи куни исм қўйишдан кўра яхшироқ. Фарзандга чиройли исм қўйиш суннатдир.
عَنْ أَبِى الدَّرْدَاءِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ».
Расулуллоҳ(с.а.в): «Сизлар қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан чақириласиз, шундай экан, исмларингизни чиройли қилингиз», деганлар. (Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон Абуд-Дардо(р.а)дан ривоят қилганлар).
Ақиқа – Расулуллоҳ(с.а.в) жорий қилиб берган суннатдир.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: عَقَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْحَسسَنِ وَالْحُسَيْنِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا.
Расулуллоҳ(с.а.в) Ҳасан ва Ҳусайн номидан ақиқа қилганлар. (Абу Довуд ва Насоий Ибн Аббос(р.а)дан ривоят қилганлар), саҳобаи киром ҳам фарзандларига ақиқа қилардилар, тобеинлар ҳам шундай қилганлар.
Домла ва илимлиларни чақириш шарт эмас. Уни истемол қилиш қурбонликни ҳукми каби, яъни ўзи ва қарамоғидагилар еса ҳам, эҳсон қилса ҳам, сақлаб қўйиб еса ҳам бўлади. Лекин пишириб тарқатмоқчи бўлганда, уларни ҳурматлаб, меҳмонлар қатори чақириш ва ҳурматини жойига қўйиш афзал, чунки Росулуллоҳ(с.а.в) “олимлар пайғамбарларнинг меросҳўрлари” деган гапи билан пайғамбарларниннг иши олимларга мерос бўлиб қолади деб таълимот берганлар. Убода Ибн Сомит(р.а) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар(с.а.в): «...олимимизнинг ҳаққини билмаган одам менинг умматимдан эмас», дедилар.
Термизий Абу Амома Боҳилийдан ривоят қилинган ҳадисда айтадики: Росулуллоҳ (с.а.в.)дан икки киши, обид билан олим ҳақида сўралганда. У киши: «Олимнинг обидга нисбатан фазли (ундан афзаллиги) менинг сизнинг энг қуйингиздан афзаллигим кабидир» дедилар. Аллоҳ Таолонинг танланган бандалари бўлган Пайғамбарлар силсиласи ниҳоясига етгандан кейин уларнинг меросҳўрлари сифатида динни рўйи рост етказувчи олимлар, инсонлар ичида улардек мақомда қолганликларини ҳадис англатмоқда. Сўнг Росулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Албатта Аллоҳ Таоло, фаришталари, еру осмонлар аҳли, ўз инида ётган чумоли ҳатто балиқлар одамларга яхшилик ўргатаётган олимларга саловат айтишади». Шунинг учун
Росулуллоҳ(с.а.в) шандай деганлар:
“олим бўл ёки илм излагувчи бўл ёки эшитувчи бўл ёки яхши кўрувчи бўл! Асло бешинчиси бўлма, бас ҳалок бўласан”. (Абу дардо ривояти).
Умар ибн Хаттоб илм ҳақида шундай деганлар: «Кечалари бедор бўлиб номоз ўқийдиган ва кундузлари рўза тутадиган мингта обиднинг ўлимидан Аллоҳнинг ҳалол ва ҳаромини биладиган битта оқил кишининг ўлими оғирроқдир».
Муттақий.
|