Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
1. „Мафкура" арабча (مفكرة) сўздан олинган бўлиб қисқа маънода қарашлар ва эътиқодлар тизими, мажмуи деган маънони англатади, яъни инсон жамиятга қандай ёндошиши керак, иқтисодга; бай, судҳўрлик, ижара, шерикчилик каби бўладими ёки ижтимоий; аёлларга, фарзандларга, қариндошларга нисбатан бўлган қарашлар каби бўладими ёки досту-душман, қўни-қўшни, ҳоким-раҳбарларга қандай қараш керак каби бўладими ҳамма-ҳаммаси ҳақида ишлаб чиқилган аниқ фикрлар тўпламига ишлатилади. Кенг маънода мафкуранинг таърифи — жамиятдаги муайян сиёсий, хуқуқий, ахлоқий, диний, бадиий, фалсафий, илмий қарашлар, фикрлар ва ғоялар мажмуидир. Fapб мамлакатлари тилларида мафкура „идеология" атамаси воситасида қўлланилади.
Жамиятни бошқариш, тартиблаштириш ва ҳаммани бир томонга йўналтириш зарурати муайян ғоявий дастурни ва назарияни тақозо этади. Бу вазифани мафкура бажаради. Мафкурасиз фақат буйруқларни ижро қилувчилар бўлади, ҳақиқий сиёсий хокимият бўлмайди. Сиёсий фикрларни тушунтирадиган институтларисиз мафкура хам, мафкурани аниқ тасаввур қилувчилар ҳам бўлмайди. Шу боис мафкура сиёсатни асоси, яъни жамиятдаги хаётни ташкиллаштирувчи, бошқарувчи ва муайян мақсад сари йўналтирувчи дастур, таълимот бўлиб хизмат қилади. Мафкура асос эътиборига кўра сиёсат билан узвий боғлиқдир. Мафкурасиз ҳар қандай халқда, айниқса Умматда тўғри сиёсат бўлмайди. Жамиятнинг асоси алоқаларни тартибга солувчи фикрлар экан, улар ҳақида аниқ тасаввур бўлмасдан жамиятда тараққиёт, ҳатто барқарорлик бўлмайди.
Мафкуранинг жамият тараққиёти учун ахамияти шундан иборатки, у кишиларнинг хис-туйғуларига, кайфиятларига маънавий таъсирланишлари, ғоявий интилишлари жихатдан таъсир қилади, уларни ғоявий жихатдан қуроллантиради ва реал хатти-харакатга ундайди. Яъни, мафкура жамиятни тараққий эттиришнинг асосидир.
Мафкура жамиятнинг илгариланма тараққиётида, жамиятда янги қадамлар ташлашида ғоявий „компас" вазифасини бажаради. Ҳар қандай жамиятнинг аъзолари ўзлари учун қайси мафкура маъқул эканлигини танлашади. Жамиятдаги мавжуд бўладиган бундай танловда турли сиёсий гурухлар, қатламлар, уюшмалар ва табақалар иштирок этадилар.
Хуллас, мафкура — бу муайян жамиятдаги сиёсий гурух раҳбарлигида бир халқнинг жамиятга ва ундаги ҳар соҳага қарашини, муносабати ёки ундан фойдаланишини асословчи ва сиёсий харакатнинг стратегиясини кўзда тутувчи ғоявий тизим. Бошқачароқ айтсек, инсонни фикрий йўналтириш, фикрий етакчиликдир.
|