Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокотуҳ.
Сизларнинг қилаётган ишларинг “ижара битими”га тўғри келади ва шаръан жоиз иш, ҳаром бўлмайди. Ижара – маълум бир эваз муқобилига манфаат устида тузилган битимдир. У уч хил бўлади:
Биринчиси – нарсалар манфаатлари устида тузиладиган ижара битими. Масалан уй-жой, ҳайвон, машина ва шу кабиларни ижарага олиш каби.
Иккинчиси – иш келтирадиган манфаат устида тузиладиган ижара битими. Масалан ҳунармандлар ва муайян ишни қилувчилар каби. Бунда ишдан келадиган манфаат устида тузилган битим бўлади. Масалан бўёқчи, темирчи, дурадгор ва шу кабиларни ижарага олиш каби.
Учинчиси – шахс манфаати устида тузиладиган ижара битими. Масалан ходимлар, ишчилар ва шу кабиларни ижарага олиш каби.
Фақат қилинадиган ҳизмат(яъни қандай фойдаланиш имкониятлари) ва иш ҳақи(яъни канча пулга келишилгани) ҳам аниқ бўлиш керак.
«« Ёллаш (ижара) ҳақи гувоҳлар олдида маълум қилиниши ва номаълумлик қолдирмайдиган тарзда сифатланиши ва таърифланиши шарт. Чунки Пайғамбар(с.а.в) айтганлар:
«إِذَا اسْتَأْجَرَ أَحَدُكُمْ أَجِيرًا فَلْيُعْلِمْهُ أَجْرَهُ»
«Бирортангиз ишчи ёлласа, унга ҳақини билдириб қўйсин».
Ёллаш ҳақи пул бўлиши ҳам мумкин, пулдан бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин, мол бўлиши ҳам мумкин, манфаат (фойда) бўлиши ҳам мумкин. Нарх (бирор нарсанинг қиймати) бўлишга яроқли ҳамма нарса иш ҳақи бўла олади, у айнан молми ёки (фойда) манфаатми, барибир. Фақат маълум қилиниши шарт. Аммо иш ҳақи номаълум бўлса дуруст бўлмайди.
Агар киши бирон ишга қабул қилинса, лекин у бу ишни бошқа ўзи оладиган ҳақдан арзонроққа бериб, қолган иш ҳақи унга фойдага қолса жоиздир. У ўша бошқа одамга ёрдам берадими ёки йўқми бунинг фарқи йўқ. Чунки у бошқа одамни ўзи оладиган иш ҳақига тенг ҳақ билан ёки озроқ ё кўпроқ ҳақ билан шу ишга ёллаб ишлатиши жоиз бўлади »».(“Исломда иқтисод низоми” китобидан).
Муттақий.
|