Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Тўғри, Ислом никоҳда валийсининг иштирокини шарт қилган бўлсада, лекин валийларга ҳам таълим берган. Абу Ҳурайра(р.а) ривоят қилади, Росулуллоҳ(с.а.в): “агар динига ва хулқига рози бўладиган бирорта инсон сизга(қарамоғингиздаги аёлни сўраб) совчи қўйса, унга(қарамоғингиздаги аёлни) никоҳлаб беринг. Аксинча қиладиган бўлсангиз, ерда фитна ва кенг фасод бўлади”, деган. Ибни Можжаҳ ва Термизий ривоятлари. Бундан диёнатида ва муомилаларида камчилик кўрмаган мўмин агар совчи бўлиб келса, уни қайтариш ҳаромлигини англатади. Валийга қаратилган бундай тарғиб никоҳланувчи аёлнинг иҳтиёрий равишда никоҳланишини ман қилмайди, яъни ҳар қанча ахлоқи гўзал ва тақводор бўлсада, аёл хоҳласа никоҳ битимига рози бўлади, хоҳласа рад қилади ва никоҳ битими фақат икки никоҳланувчининг хоҳши асосидагина бўлади.
Бу битим валийнинг иштирокида, яъни руҳсати билан бўлиши шарт. Лекин валий болиғ, ақлли ва мусулмон бўлиши керак. Агар болиғ, ақли ва мусулмон инсон унинг ақинларида топилмаса, унда ўша жойдаги имом валийлик қилади. Ақлида нуқсони бор инсон ёки ёш бола валий бўлолмайди. Бу ҳақда Абу Довуд Али ибн Абу Толибдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ(с.а.в) дедилар:
»رُفِعَ الْقَلَمُ عَنْ ثَلاَثَةٍ: عَنِ الصَّبِيِّ حَتَّى يَبْلُغَ، وَعَنِ النَّائِمِ حَتَّى يَسْتَيْقِظَ، وَعَنِ الْمَعْتُوهِ حَتَّى يَبْرَأَ«
«Уч кишидан (амалларни ёзувчи) қалам кўтарилди: Гўдак то балоғатга етгунча, ухлаётган одам то уйғонгунича ва ақли ожиз одам то соғайгунича». Кимдан қалам кўтарилган бўлиб, ўз ишларини тасарруф қилолмаса ва шаръан жавобгар киши бўлмаса, унинг ўзга бирор бошқарув ишида бўлиши мумкин эмас. Чунки у ишларни тасарруф қила олмайди. Кофир ҳам валий бўлолмайди. Аллоҳ Таоло шундай дейди:
وَلَنْ يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا
– „Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай“. [4:141]
Демак, валий ақлли ва мўмин инсон бўлганидан, унга Исломни етказиш ва зиммасидаги вазифасини чиройлик адо қилишни тушунтириш билангина иш тўғри ҳал қилинади. Исломни бузиш билан эса, хоҳишга эргашиш бўлади, шариатга эмас. Шунинг учун валийсини таниган, билган мўминларни унга Исломни тушунтириб, уни амру-маъруф ва наҳий-мункар қилиши учун юбориш каби ишларни қилиш керак. Яъни Исломни бузишга эмас, уни ижросини тўғри йўлга қўйиш йўлларини излаш керак.
Муттақий.
|