Ва алайкум ассалам ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Албатта порага ўтади. Биз ишлар тўғри бўлмаётган бўлса, золимона тузум бизга ҳукумронлик қилаётган бўлса, бизнинг вазифамиз Динни бузуқ воқеъликка мослаштириш учун Динни ўзгартириш эмас, балки Динга муввофиқ бўлиши учун шу бузуқ воқеъликни ўзгартиришимиз керак. Қуйида пора тўғрисидаги муфассал баённи келтираман:
Поранинг ҳаммаси ҳаром
Одамлар манфаатларидан бирини бажариб беришни вожиб қиладиган салоҳиятга эга бўлган ҳар қандай кимсанинг шу манфаатни бажариб бергани учун оладиган пули пора бўлади. У ҳеч бир ҳолда иш ҳақи бўлмайди. Зеро иш ҳақи билан пора ўртасидаги фарқ шуки, иш ҳақи бажариб бериш вожиб бўлмаган бир ишни қилиш муқобилига олинади. Пора эса эвазига бировдан ҳеч нарса олмай бажариб бериши вожиб бўлган ишни қилиб бериш муқобилига ва қилиши лозим бўлган ишни қилмаслик муқобилига олинади. Демак пора бир манфаатни бажариб бериш учун бериладиган пул бўлиб, уни олган кимса шу манфаатни бажариб бериши керак бўлади ёки қилиши вожиб бўлган ишни қилмаслик тўғрисидаги манфаатни амалга ошириб бериши керак бўлади. Бу манфаат фойда келтириш бўладими ёки зарарни даф қилиш бўладими, бунинг фарқи йўқ. У ҳақ манфаат бўладими ёки ботил бўладими, бунинг ҳам фарқи йўқ. Порани араб тилида «ришва», пора берувчини «роший», олувчини «мурташий», икковининг ўртасида воситачилик қиладиганни «роиш» дейилади.
Пора очиқ нусус билан ҳаромдир. Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Амрдан ушбу ҳадисни ривоят қилдилар: Росулуллоҳ с.а.в дедилар:
«لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الرَّاشِي وَالْمُرْتَشِي»
«Пора берувчига ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин». Аҳмад Савбондан шундай деганини ривоят қилди:
«لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا»
«Росулуллоҳ с.а.в пора берувчини ва пора олувчини ҳамда икковининг ўртасида воситачилик қилган кимсани лаънатладилар». Бу ҳадислар умумий бўлиб, поранинг ҳамма турини ўз ичига олади. Ҳақни талаб қилиш учун бўладими, ботилни талаб қилиш учун бўладими, бирон азиятни даф қилишни ёки бирон манфаатни келтиришни талаб қилиш учун бўладими, зулмни кўтариш учун бўладими ёки зулм қилиш учун бўладими, буларнинг барчаси ҳаромдир. «Пора ҳаромдир. Чунки у ботилни талаб қилиш ва ҳақни зое қилишдир. Агар шундай бўлса у ҳаромдир. Аммо ҳақни талаб қилиш ёки зулмни кўтариш учун бўлса у ҳалолдир» дейиш нотўғри. Чунки бу «поранинг ҳаромлиги бир иллат билан иллатланиб келди, иллат мавжуд бўлса ҳукм ҳам мавжуд, иллат йўқ бўлса ҳукм ҳам йўқ», деган маънони англатади. Бу нотўғри. Чунки поранинг ҳаромлиги ҳақида келган барча насслар унинг ҳаромлигини бирон иллат билан иллатламади. Ўша нассда ва бошқа ҳеч қайси нассда биз поранинг ҳаромлигига оид иллатни истинбот қилиб оладиган ҳеч нарса йўқ. Шунинг учун поранинг ҳаромлиги иллатланмаган очиқ нассга кўра бўлди. Унинг учун иллат мутлақо йўқ. «Ҳақни олиб беришда ҳақ соҳибидан пора олса жоиз, чунки бу ҳалол ишни қилгани учун, яъни ҳақни олиб бергани учун пул олишдир» дейиш ҳам нотўғри. Чунки поранинг ҳаромлигини баён қилган насс умумий келди. Улар умумийлигича қолиб, поранинг ҳамма турини ўз ичига олади. Энди агар уни хосланмоқчи ва поранинг баъзи турларини истисно қилинмоқчи бўлса бунинг учун уни хослайдиган бошқа бир насс керак бўлади. Уни фақат Китоб ёки Суннатдан олинган бирон нассгина хослаши мумкин. Китоб ва Суннатда бундай насс келмаган. Демак хосланмай умумийлигича қолаверади. Шунга биноан поранинг ҳамма турлари ҳаром. Ҳақни талаб қилиш бўладими, ботилни талаб қилиш бўладими, зулмни кўтариш ёки зулм қилиш бўладими, азиятни даф қилиш бўладими ёки манфаат келтириш бўладими, ҳеч фарқсиз ҳаммаси насснинг умумийлиги остига киради.
Шунингдек поранинг ҳаромлиги борасида у ҳокимга бериладими ёки идора ходимигами ёки бошлиққами ёки бошқагами, ҳаммаси ҳаром. Аҳмад Абу Ҳурайрадан Росулуллоҳ с.а.внинг:
«لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الرَّاشِي وَالْمُرْتَشِي فِي الْحُكْمِ»
«Ҳукмда пора берувчига ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деганларини ривоят қилди. «Бу бошқарувга муқайяд бўлди. Демак мутлақ муқайяд маъносига олиб борилади» дейиш нотўғри. Чунки васф унинг учун қайд ҳисобланадиган лафз умумий эмас, мутлақ лафздир (яъни мутлақ лафз қайдланиб муқайяд бўлади). Умумий лафзда эса муқайяд бўлиш эмас, хосланиш содир бўлади. Агар умумий лафз билан бирон қайд келса бу муқайяд бўлиш қабилидан эмас, балки унинг бўлакларидан бирини насс матнида кўрсатиш қабилидан бўлади. Бу ердаги «пора берувчи», «пора олувчи» ва «икковининг ўртасида воситачилик қилувчи» деган лафз мутлақ лафз эмас, умумий лафздир. Шунинг учун Пайғамбаримизнинг: «ҳукмда…» деган сўзи бу умумий лафз учун қайд бўлмайдики, қолган ҳадисларни ҳам шу маънога йўйилса. Аксинча у умумий лафз бўлакларидан бирига, яъни ҳукмга нассда ишора қилиш бўляпти. Демак ҳадисларнинг ҳаммаси умумийлигича қолаверади. Демак поранинг ҳамма тури ҳаром. Ҳокимга бериладими, идора ходимигами ёки бошқагами, ҳаммаси ҳаром. Демак азиятни даф қилиш учун полициячига пора бериш ҳокимга пора бериш ҳаром бўлганидек ҳаромдир. Ширкатда ишлаш учун ёки ҳатто ширкатдан бўшатиб юборилмаслиги учун ширкат бошлиғига пора бериш солиқ йиғувчига ёки даъвони етказмаслиги учун даъволарни етказувчига пора бериш каби ҳаромдир. Ишни енгиллатиши учун ёки бошқа мақсадда ишчилар бошлиғига пора бериш харидорнинг бир савдогар қўлида ишлайдиган ишчига товарлар орасидан янги товарни саралаб олиб бериши учун берадиган пора каби ҳаромдир. Матбаа ишчисига у пухта иш қилиши учун китоб муаллифи матбаа эгасига билдирмай берадиган пора каби ҳаромдир. Буларнинг ҳаммаси пора, ҳаммаси ҳаромдир. Чунки булар муқобилига ҳеч нарса олмай қилиб бериши лозим бўлган ишни қилиб бергани учун олинадиган пулдир. Идора ходими олдида обрўси бор кимсага у нуфузидан фойдаланиб ҳожат чиқариши учун баъзилар берадиган нарса ҳам пора сирасига киради. Лекин пулни олган ходим эмас, балки ходим билан гаплашган ана шу кимса бўлади. Гаплашгани учун пулни у олади. Бу ҳам порадир. Чунки бу ҳожатни чиқариб бериши вожиб бўлган кимсага шу ҳожатни чиқариб бергани учун берилган пулдир. Демак бу ҳам пора бўлди. Уни ҳожат чиқарган кимса олдими ёки олмадими, фарқи йўқ. Чунки пулнинг пора ҳисобланиши учун уни ҳожат чиқарган кимсанинг олиши шарт эмас. Балки бу пул ишни қилиб берганлик эвазига олиниши пора деб ҳисоблашга етарлидир. Уни шахснинг ўзи олдими ёки дўстими ёки шу шахс ҳузурида обрўси бор кимсами ёки яқин кишисими ёки бошлиғими ёки бошқа кимсами, фарқи йўқ. Чунки пулни пора деб ҳисоблаш учун эвазига ҳеч нарса олмай қилиб бериши вожиб бўлган ишни қилиб бергани учун олинганлигининг ўзи етарлидир.
Ҳаромликда ҳокимларга, амалдорларга ва уларга ўхшаганларга бериладиган ҳадя ҳам пора кабидир. Ҳатто баъзилар уни порадан ҳисоблашган. Чунки у муқобилига ҳеч нарса олмай қилиб бериши вожиб бўлган ишни қилганлиги учун олинадиган мол экани жиҳатидан порага ўхшайди. Пора билан ҳокимлар, амалдорлар ва уларга ўхшаганларга бериладиган ҳадя ўртасидаги фарқ шуки, порада пул бир манфаатни (ҳожатни) ўтаб бериш эвазига берилади. Аммо ҳокимлар, амалдорлар ва уларга ўхшаганларга берилган ҳадяларда мол манфаат соҳиби (ҳожатманд) томонидан бундай кимсага шу манфаатни ўтаб бериши муқобилига эмас, балки ҳадя бериладиган кимса шу манфаатни ўтаб беришга шахсан ўзи бош-қош бўлгани учун ёки унинг воситасида бўлгани учун ҳадя қилинади. Бир муайян манфаатни ўтаб берармикин деган илинжда ҳадя қилиндими ёки ўтаб берганидан кейинми ёки ўтаб бераётган пайтдами, бунинг фарқи йўқ. Мана шундан пора ва ҳокимга бериладиган ҳадя бир-бирига ўхшаш бўлди ва бири бошқасига қиёс қилинади. Лекин икковининг воқесида бир оз фарқ бор. Ҳоким, амалдор ва буларга ўхшаганларга бериладиган ҳадянинг ҳаромлиги ҳадисларда очиқ келган. Масалан Бухорий Абу Ҳамид Соидийдан ривоят қилади:
أَنَّ النَّبِيَّ اسْتَعْمَلَ ابْنَ اللُّتَبِيَّةِ عَلَى صَدَقَاتِ بَنِي سُلَيْمٍ فَلَمَّا جَاءَ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ وَحَاسَبَهُ قَالَ: هَذَا الَّذِي لَكُمْ، وَهَذِهِ هَدِيَّةٌ أُهْدِيَتْ لِي، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ فَهَلاَّ جَلَسْتَ فِي بَيْتِ أَبِيكَ وَبَيْتِ أُمِّكَ حَتَّى تَأْتِيَكَ هَدِيَّتُكَ إِنْ كُنْتَ صَادِقًا ثُمَّ قَامَ رَسُولُ اللَّهِ فَخَطَبَ النَّاسَ وَحَمِدَ اللَّهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ ثُمَّ قَالَ: أَمَّا بَعْدُ فَإِنِّي أَسْتَعْمِلُ رِجَالاً مِنْكُمْ عَلَى أُمُورٍ مِمَّا وَلاَّنِي اللَّهُ فَيَأْتِي أَحَدُكُمْ فَيَقُولُ هَذَا لَكُمْ وَهَذِهِ هَدِيَّةٌ أُهْدِيَتْ لِي. فَهَلاَّ جَلَسَ فِي بَيْتِ أَبِيهِ وَبَيْتِ أُمِّهِ حَتَّى تَأْتِيَهُ هَدِيَّتُهُ إِنْ كَانَ صَادِقًا. فَوَاللَّهِ لاَ يَأْخُذُ أَحَدُكُمْ مِنْهَا شَيْئًا بِغَيْرِ حَقِّهِ إِلاَّ جَاءَ اللَّهَ يَحْمِلُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
«Набий с.а.в Ибн Лутабийяни Бани Сулайм закотлари устидан омил қилиб тайинладилар. У Росулуллоҳ с.а.в ҳузурига келгач, Пайғамбаримиз с.а.в ундан ҳисоб сўрадилар. Шунда у: мана бу сизларга, буниси эса менга қилинган ҳадя, деди. Буни эшитиб Росулуллоҳ с.а.в: Агар рост айтаётган бўлсанг ҳадянг келишини кутиб ота-онангнинг уйида ўтиравермайсанми? - дедилар. Сўнгра туриб одамларга хутба қилдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтиб бундай дедилар: Аммо баъд, мен сизлардан айрим кишиларни Аллоҳ менга топширган бир қанча ишлар устидан омил қиламан. Шунда биттангиз келиб: бу сизларга, буниси эса менга қилинган ҳадя, демоқда. Агар у ростгўй бўлса ҳадяси келишини кутиб ота-онасининг уйида ўтиравермайдими? Аллоҳга қасамки, биронтангиз садақотлардан ноҳақ бирон нарсани олса қиёмат куни Аллоҳ ҳузурига уни орқалаб келади». Абу Довуд Бурайдадан Набий с.а.в нинг шундай деганини ривоят қилди:
«مَنِ اسْتَعْمَلْنَاهُ عَلَى عَمَلٍ فَرَزَقْنَاهُ رِزْقًا فَمَا أَخَذَ بَعْدَ ذَلِكَ فَهُوَ غُلُولٌ»
«Биз кимни бир ишга бошчи қилиб унга маълум ризқ (маош) берсак ана шундан кейин олган нарсаси хиёнатдир». Ёки буни Росулуллоҳ с.а.в «суҳт», яъни ҳаром мол, деб атадилар. Хатиб «Талхисул Муташобиҳ»да Анасдан ривоят қилиб чиқаришича, Набий с.а.в бундай дедилар:
«هَدَايَا الْعُمَّالِ سُحْتٌ»
«Амалдорларга берилган ҳадялар суҳтдир». Масруқ Ибн Масъуддан ҳикоя қилишича, ундан «суҳт» ҳақида «у порами?», деб сўралганида Ибн Масъуд: «Йўқ, лекин суҳт бир киши ўзига қилинган зулмга қарши сендан ёрдам сўраб, сенга ҳадя беришидир. Сен қабул қилмагин», деб жавоб берди. Тобеинлар имомларидан бири Ибн Саламанинг туғишган укаси Абу Воил бундай деди: «қози ҳадя олса суҳт еган бўлибди. Пора олса уни куфрга олиб боради». Бу ҳадислар, яъни Абу Ҳамид ривоят қилган ҳадис ва Анас ривоят қилган ҳадиснинг ҳаммасида омма ишларини бошқарадиган кимсаларга бериладиган ҳадяларнинг ҳаром эканлиги очиқ айтилди. Муайян ишни қилиб берганидан кейин ҳадя бериладими ёки қилиб беришидан олдинми ёки бирон ишда салоҳият эгаси бўлгани учун ҳадя қилинадими ёки манфаатни бажариб бера оладиган кимса ҳузурида обрўси борлиги учун ҳадя қилинадими, буларнинг барчаси ҳаромдир. «Амалдорларга бериладиган ҳадялар суҳтдир», деган ҳадисда «ҳадялар» лафзи умумий келгани учун амалдорларга бериладиган барча ҳадяларни ўз ичига олади. Амалдорларга одамлар манфаатларини эвазига ҳеч нарса олмай бажариб бериш ўзининг вазифаси бўлган, бажариб бериши вожиб бўлган ҳар бир кимса қиёс қилинади. Ана шу манфаатни бажариб берармикин деган умидда турган кишидан ҳадя олиши ҳаром бўлади. Масалан полициячи, ширкат бошлиғи, амалдорлар бошлиғи ва шуларга ўхшаган кимсаларнинг ҳадя олиши ҳаром бўлади ва ҳадя улар учун суҳт бўлади.
Лекин уларга бериладиган ҳадя қачонки уларга ҳадя бериш ҳадя қилувчининг одатидан бўлмаса ҳаром бўлади. Аммо уларга ҳадя бериш ҳадя берувчининг одати бўлса – улар манфаатларни бажариб бериш салоҳиятига эга бўлишадими ёки йўқми, бундан қатъий назар – уларга ҳадя бериш жоиз бўлади ва бунинг зарари йўқ. Чунки Росулуллоҳ с.а.в юқоридаги ҳадисда: «…Агар рост айтаётган бўлсанг ҳадянг келишини кутиб ота-онангнинг уйида ўтиравермайсанми?», дедилар. Бундан агар амалдор бўлмасдан ота-онасининг уйида ўтирса унга ҳадя берилиши жоизлиги тушуниляпти. Бу эса ҳадя берувчи одатда шахсга – бу шахс манфаатларни бажариб бера олиш салоҳиятига эга бўлмаган пайтда ҳам – ҳадя бериб юрган бўлса, бу жоиз бўлганидек, ана шу шахс манфаатларни бажариб бера олиш салоҳиятига эга бўлиб қолган пайтда ҳам унга ҳадя бериши жоиз деган маънони англатади. Бунга наҳий қилган ҳадислар тўғри келмайди. Чунки у юқоридаги ҳадиснинг мафҳуми билан наҳийдан мустасно қилинади.(“Исломий шахсия” иккинчи китобдан).
Муттақий.
|