Ва алайкум ассалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Албатта аввалги мусулмонлар “таваккал”ни ҳақиқий тушунишган ва Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилишган. Шунинг учун улар буюк ишларни бажарганлар, энг қийин мушкулликларни енгиб ўтганлар. Сўнги мусулмонлар эса, бунинг акси ўлароқ, айниқса уларнинг нафсларига моддийлик туғён қилгач ва улар назари қисқалик ва тушунчаси заифлик билан мусибатланишгач, улар таваккални ҳақиқий тушунчасидан узоқлашдилар. Натижада таваккал уларнинг ҳаётларида ҳам, зеҳнларида ҳам воқеъси йўқ қуруқ сўзлардан иборат бўлиб қолди. Бунга аҳли илмнинг ўртага ташлаган тафкири, яъни таваккал сабабларни ушлашлик дея қилган тафсири ёрдам берди. Таваккал сўзи ишлатилган вақтда унга дарҳол: «Туянгни боғла ва таваккал қил», деган ҳадиси шариф эргаштириб келтириладиган бўлди. Натижада, бу ҳадис «таваккàл - сабабларни ушлашни тарк этиш» деган гумонни бартараф этиш учун эмас, яъни сабабни ушлаш таваккални бир жузъи, ундан ажралган тариқат эмаслигини уқтириш учун эмас, балки дилларда таваккал маъносини заифлаштириш учун ишлатиладиган бўлди. Бунинг оқибатида, ҳимматлар тубанлашди, улуғ ният мақсадлар заифлашди ва ҳаётга бўлган қараш уфқи торайди. Натижада улар ожизликни ҳис этадиган, қудратлари чекли деб эътиқод қиладиган ва фақат амалга оширишга қурби етадиган ишларгагина қодир бўла оламиз деб ишонадиган бўлиб қолдилар. Шунинг учун мусулмонлар Аллоҳга таваккал қилишни ҳақиқий тушунмагунларича ва Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилмагунларича улуғлик чўққиларини эгаллашга ва ҳаётда олийликка кўтарилишни касб этишга интилишга асло қайта эриша олмайдилар. Кишилар қудратларини фақат ўзларининг инсоний қувватлари билан чеклаб олсалар, буюк ишларни рўёбга чиқаришлари мумкин бўлмайди. Агар инсон мана шу инсоний қувватгагина қараса ва шу қараши бўйича иш юритса, ғайри оддий ишлар у ёқда турсин оддий ишларни рўёбга чиқаришга ҳам тоқати етмайди. Лекин кишилар бу ерда инсондан ташқарида унинг талабларини амалга оширишига ёрдам берадиган бир куч борлигига ишонсалар шубҳасиз шу кучга таяниб ўзларининг қувватидан ҳам каттароқ нарсаларга интиладилар. Агар инсон фақат ўзининг қувватигагина қараса, унинг чеклилигини кўради. Натижада инсон ўз ишларини мана шу қараш билан чеклаб олади, бироқ у ўз кучига кенгроқ назар билан қараса унинг беҳадлигини кўради. Шунда у буюк ишларни амалга оширишга қодир бўлади, бажаришдан олдин унинг бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайдиган ишларни ҳам бажариб юборади. Қачонки инсон ўз қуввати ортида ҳаракат қилаётган ишини амалга оширишга ёрдам берадиган бир куч борлигига эътиқод қилса, унинг қудратининг ҳадди (чегараси) бўлмайди. Ҳатто Аллоҳга иймон келтирмайдиган, Унга таваккал қилмайдиган кишилар ҳам ўз қувватларининг ортида турган бошқа бир қувват борлигига ишонадилар. Улар буни табиат ёки бошқа нарса деб таърифлайдилар ва катта-катта ишларга қўл урадилар. Шундай экан, Аллоҳга қатъий далилдан келиб чиқиб иймон келтирадиган, Аллоҳнинг мавжудлигини воқеъга мувофиқ, далилдан келиб чиққан ҳолда қатъий тасдиқловчи муслим нечук ғайри мусулмонлар амалга ошираётгандан бир неча бор зиёда ишларни Аллоҳга таваккал қилиши билан амалга оширмасин. Шундан маълумки, Аллоҳга таваккал қилиш Ислом умматининг энг буюк асосларидан ва Ислом фикрларининг энг муҳимларидандир.
Аллоҳга таваккал қилиш Қуръоннинг қатъий хужжатлари билан исбот этилган. Аллоҳ айтади:
إِنْ يَنْصُرْكُمْ اللَّهُ فَلَا غَالِبَ لَكُمْ وَإِنْ يَخْذُلْكُمْ فَمَنْ ذَا الَّذِي يَنْصُرُكُمْ مِنْ بَعْدِهِ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلْ الْمُؤْمِنُونَ
“Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг ўзигагина суянсинлар”![3:160]
فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ
“Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади”.[3:159]
قُلْ لَنْ يُصِيبَنَا إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَنَا هُوَ مَوْلَانَا وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلْ الْمُؤْمِنُونَ
- «Айтинг: «бизга фақат Аллоҳ тақдир қилган нарсагина етади. У бизнинг хожамиздир. Бас, мўминлар фақат Аллоҳга таваккал қилсинлар».[9:51]
اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلْ الْمُؤْمِنُونَ
- «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Мўминлар Аллоҳга таваккал қилсинлар».[64:13]
فَإِنْ تَوَلَّوْا فَقُلْ حَسْبِي اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَهُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ
- «Ана энди ҳам юз ўгирсанглар, у ҳолда айтинг: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир!(Мен Унинг) Ўзига суяндим. У Зот улуғ Арш соҳибидир”.[9:129]
قُلْ حَسْبِي اللَّهُ عَلَيْهِ يَتَوَكَّلُ الْمُتَوَكِّلُونَ
- «Айтинг: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккал қилувчи-суянувчилар Унга таваккал қилсинлар”.[39:38]
وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَإِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
- «Ким Аллоҳга таваккал қилса, албатта Аллоҳ азиз ва хикматли Зотдир».[8:49]
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آياتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًَا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ
- «Фақат Аллоҳ(номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминлардир».[8:2]
وَلِلَّهِ غَيْبُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَإِلَيْهِ يُرْجَعُ الْأَمْرُ كُلُّهُ فَاعْبُدْهُ وَتَوَكَّلْ عَلَيْهِ وَمَا رَبُّكَ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
- «Еру осмоннинг ғайб-сирлари Аллоҳ учун хосдир, Барча ишлар Унга қайтади. Бас Унга ибодат қилинг, Унга таваккал қилинг. Роббингиз сизлар қилаётган нарсадан ғофил эмас» [11:123]
وَتَوَكَّلْ عَلَى الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوتُ وَسَبِّحْ بِحَمْدِهِ
- «Ўлмайдиган тирик Зотга таваккал қилинг. Уни ҳамду сано айтиш билан покланг!»[25:58]
وَاخْفِضْ جَنَاحَكَ لِمَنْ اتَّبَعَكَ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ فَإِنْ عَصَوْكَ فَقُلْ إِنِّي بَرِيءٌ مِمَّا تَعْمَلُونَ وَتَوَكَّلْ عَلَى الْعَزِيزِ الرَّحِيمِ
- «Сизга эргашган мўминларга қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муомалада бўлинг). Бас, агар сизга осий бўлсалар «сизлар қилаётган нарсадан мен покман» деб айтинг ва азиз, раҳимдил Зотга таваккал қилинг».[26:215]
Ушбу оятларнинг Аллоҳга таваккал қилиш вожиблигига далолати қатъийдир. Чунки булар Аллоҳга таваккал қилишга очиқ амр бўлиб, қатъийликка далолат қиладиган қарина билан келган. Қарина Аллоҳнинг таваккал қилувчиларни яхши кўриши ҳақидаги мадҳи – мақтовидир. Шунингдек, таваккалга қилишга очиқ далолат қиладиган жуда кўп ҳадислар ҳам келган. Бухорий Ибн Аббосдан (р.а) ривоят қилади. Расулуллоҳ(с.а.в) дедилар: «Умматимдан етмиш минг киши жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадилар. Улар руқя (Қуръондан бошқа билан дам солиш ишларини) қилмайдилар, ирим-сирим қилмайдилар ва даволаш мақсадида куйдирмайдилар ҳамда Роббиларига таваккал қиладилар». Аҳмад ва Термизий ривоят қилдилар. Расулуллоҳ(с.а.в) дедилар: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсаларингиз албатта У сизларни оч бориб, тўқ қайтадиган қушларни ризқлантиргани каби ризқлантиради». Ушбу далиллар муслимни таваккал ҳақида бирор лаҳза иккиланишига ўрин қолдирмайди. Чунки булар очиқ далиллардир. Айниқса, Қуръон оятлари қатъий далиллар бўлиб, уларни инкор этувчи кофир бўлади. У эса, Аллоҳга таваккал қилишни мусулмонларга вожиб бўлган ишларнинг энг муҳимроғига айлантиради. Ушбу далилларнинг бирортасида Аллоҳга таваккал қилишни талаб этиш бирор шарт билан боғланиб келмаган, уларда бирор амал ҳам шарт қилинмаган. Балки далиллар таваккални талаб этишда мутлақ бўлиб келган. Шунинг учун Аллоҳга мутлақ шаклда таваккал қилиш вожиб бўлади. Демак ҳар қандай ишда, ҳар қандай амалда Аллоҳга таваккал қилишимиз вожиб. Чунки далиллар бир ишга қасд қилган вақтимизда ёки бир ишни бажараётган вақтимизда Аллоҳга таваккал қилишимиз вожиблигига далолат қилади. Далиллар бундан бошқа нарсага далолат қилмайди. Буларни бирор қайд билан чеклайдиган бошқа далиллар ҳам йўқ, балки булар мутлақдир. Демак Аллоҳга таваккал қилиш ҳар бир муслимга ҳеч бир қайдсиз ва ҳеч бир шартсиз мутлақ вожибдир. Аммо «туянгни боғла ва таваккал қил», деган ҳадиси эса ушбу оят ва ҳадислар учун қайд (чеклов) эмас, хатто улар учун баён ҳам эмас. Чунки бу оят ҳадислар мужмал эмаски, баёнга муҳтож бўлса. Балки, бу ҳадис бутунлай бошқа мавзуда, яъни сабаб ва мусаббабларга киришиш мавзусидадир. Бу - таваккал дегани сабаб ва мусаббабларга киришишни тарк этиш экан деб тушунган сахровий арабга берилган бир таълим эди. Расулуллоҳ(с.а.в) унга таваккал сабаб ва мусаббабларни тарк этишни англатмаслигини таълим бердилар. Демак бу ҳадис сабаб ва мусаббабларни олиш ҳақидаги далилларни насх-бекор этиб келмаган. Балки у бундан бошқа нарсадир. Шунинг учун Расулуллоҳ(с.а.в) аробийни таваккал билан бирга сабаб ва мусаббабларни олишга амр этди. Ҳадиснинг мазмуни шуки, бир киши Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурига келиб, туясини қўйиб юборишни хоҳлади, у айтдики, туямни қўйиб юбораман ва таваккал қиламан. Шунда Расули Акрам (с.а.в) унга «Туянгни боғла ва таваккал қил» дедилар. Демак бу ҳадис аробий учун туясини боғлаб қўйиши ҳақида, яъни сабаб ва мусаббабларни олиш ҳақида таълим, унга таваккал сабаб ва мусаббабларни олишни инкор этмаслигини тушунтириш ва уни сабаб ва мусаббабларни олишга ва таваккал этишга буюришдан иборатдир. Шунинг учун бу ҳадис ҳеч қайси йўл билан таваккал далилларини қайдловчи бўлмайди. Шунинг билан Аллоҳга таваккал этиш сабаб ва мусаббаблардан қатъий назар фарзлигича қолади. Ушбу сабаб ва мусаббаблар таваккални қайдловчи ҳам бўлмайди, унинг ҳукмини баён ҳам этмайди. Чунки унинг далили муқайяд (чекланган) эмас, мутлақ бўлиб келган. У бирор насс - ҳужжат билан қайдланмаган. Чунки унинг далили мужмал эмаски, токи у баёнга муҳтож бўлса. Сабаб ва мусаббабларни ушлаш масаласи эса таваккал масаласидан бошқа масаладир. Чунки у таваккалдан бутунлай бошқа иккинчи бир масаладир. Унинг далиллари таваккал далилларидан бошқачадир. Шунинг учун уларни таваккал билан бирга келтириш ёки таваккал учун қайд этиш дуруст эмас. Демак мусулмонлар шаръий далиллар билан собит бўлганидек сабаб ва мусаббабларни олишлари вожиб бўлгани каби, шунингдек уларга шаръий далиллар билан исбот этилганидек Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилишлари ҳам вожибдир. Буларнинг бири бошқаси учун қайд ҳам эмас, унинг шартларидан ҳам эмас. Шунинг учун мусулмонлар Аллоҳга мутлақ таваккал қилишлари вожиб. Ким Аллоҳга таваккал қилмаса, у гуноҳкордир. Ким Аллоҳга таваккал қилишни инкор қилса, у кофирдир. Чунки, Аллоҳга таваккал қилиш субути ҳам, далолати ҳам қатъий далил билан исбот қилинган. Исломга ишонувчи мусулмонлар орасида таваккални инкор этувчилар мавжуд бўлмаса ҳам, уларнинг кўпчилиги таваккални янглиш тушунадилар. Уни; ишни қил ва таваккал қил қабилида англайдилар. Бироқ унинг ҳақиқати эса, унинг аксидир, яъни; таваккал қил сўнг ишни қил деган мазмундан иборатдир. Бу икки тушунча орасида катта фарқ мавжуд. Негаки, амал қил ва таваккал қил тушунчаси таваккални қуруқ шаклий ишга айлантириб қўяди. Шунинг учун таваккал қилдим, деб ўйлаган амалга киришувчининг ўзига унинг таъсири бўлмайди. Лекин таваккал қил ва амал қил тушунчаси эса, таваккални асос қилиб қўяди. Натижада дилга унинг таъсири катта бўлади, унда муҳим вазифаларни бажаришга қодир ғайри оддий кучни пайдо қилади.
Муттақий.
|