Ва алайум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Фарзларда уйда ўқилган номоздан масжидда ўқилган намоз бир неча бор афзал, Анас ибн Молик(р.а) Росулуллоҳ(с.а.в)дан: “кишининг уйида ўқиган намози битта намоз бўлади, маҳалла масжидидаги намози йигирма бешта намоз, жомеъ масжидидаги намози беш юзта намоз, ақсо масжидидаги намози эллик минг намоз, менинг манабу масжидимда ўқилган намоз эллик минг намоз ва ҳарам масжидидаги намози юз мингта намоз ўрнида бўлади”,- деганини ривоят қилган.(ибни Можжаҳ ривояти). Жамоат билан намоз ўқишликнинг ҳукми тўғрисида мужтаҳидларда иҳтилоф бор, баъзи мужтаҳидлар фарзи айн деган, шофиийлар фарзи кифоя дейишади. Ҳанафия имомлари вожиб дейишган, фақат имом Кархий уни суннати муаккада деган ва беузур тарк қилиш мумкин эмас деб, вожиб каби изоҳлаб қўйган. Фарз намозларини жамоат билан ўқиш вожиб, чунки Абу Ҳурайра(р.а) Росулуллоҳ(с.а.в)дан: “мунофиқларга бомдод ва ҳуфтондан кўра оғирроқ намоз йўқ, агар ундаги нарсани билишганда эди эмаклаб бўлса ҳам келишар эди. Мени муаззинга буюриб, кейин бир кишини имомлик қилишини тайинлаб, сўнг ўтдан бир парчасини олиб, ҳанузгача намозга чиқмаганларнинг уйига ўт қўйишни қасд қилдим”,- деганини ривоят қилган(ибни Баттол ривоят қилган). Яна Росулуллоҳ(с.а.в)дан: “бир кишини одамларга имомлик қилишини буюриб қўйиб, намозга чиқмаганларни уйларига ўт қўйиш учун боришни уйлаб қолдим”- дегани ривоят қилинган. Бундай ваийд вожиблар учун бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар(р.а) бир марта ҳуфтон намозида жамоатга етолмай қолиб, ўша кечаси ҳуфтон намозида жамоатга етолмагани учун то бомдодгача нафл намоз ўқиб чиққанлиги ривоят қилинади.
Фарз намозларини жамоат билан ўқиш ақллик, ҳур, шу ишга ҳеч қийинчиликсиз қодир бўлган эркакларга вожиб. Имом Абу Юсуф(р.) ва имом Муҳаммад(р.)лар кўр ҳам етаклаб олиб бориб келувчига имкон қилса унга ҳам вожиб бўлади деганлар. Аёлларга, юришга қийналадиган кексаларга, ёш болларга, касалларга ва қулларга вожиб эмас.
Аммо суннат намозларини уйда ўқиш афзал. Росулуллоҳ(с.а.в)дан: “уйингларни намоз билан нурлантиринглар, қабирга айлантириб қўйманглар”- деган. Росулуллоҳ(с.а.в) суннат намозларининг ҳаммасини ва витр намози уйида ўқиганлиги ривоят қилинган. Росулуллоҳ(с.а.в): “фарз намозларидан бошқа ҳар қандай намознинг энг афзали кишиниг уйида ўқиган намозидир”- деган. (Табароний ривояти).
Муттақий.
|