Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ
Иш берувчилар билан ишни амалга оширувчилар ўртасида воситачи(посредник) бўлиб ҳақ олса бўлади. Бу икки турли: биринчисида, у(посредник) ишчилардан ёки иш беривчида ўзи бажарадиган иш учун қанча ҳақ беришини аниқлаб олиши керак, яъни сенга иш топиб беришим эвазига ёки сенга ишчи топиб беришим эвазига қанча берасан деб, аниқ миқдорга келишиб олишлари керак. Чунки ёллаш(ижара)га «бир нарса эвазига манфаат олиш тўғрисида тузилган битим», деб таъриф берилди ва бу манфаатнинг ёлловчи тўлиқ фойда олиши мумкин бўлган нарсадан бўлиши шарт қилинди. Бу таъриф ва шарт ҳодисаларга татбиқ қилинар экан, ёлловчи ёлланувчидан тўлиқ фойдаланиши мумкин бўлган барча манфаат тўғрисида ёллаш жоиз эканлигини кўрсатади. Бу манфаат хизматкорнинг хизмати каби шахс келтирадиган манфаат бўладими ёки ҳунарманднинг ҳунари каби меҳнат келтирадиган манфаат бўладими, бунинг фарқи йўқ. Модомики, ана шу манфаатдан қайтарадиган бирон шаръий далил келмаса, манфаат олишга ёллаш жоиздир. Чунки нарсалардаги асл-асос мубоҳликдир(яъни нарсалар аслида мубоҳдир), манфаат эса, ана шу нарсаларнинг биридир.
Иккинчи тури эса, агар киши бирон ишга қабул қилинса, лекин у бу ишни бошқа ўзи оладиган ҳақдан арзонроққа бериб, қолган иш ҳақи унга фойдага қолса жоиздир. У ўша бошқа одамга ёрдам берадими ёки йўқми бунинг фарқи йўқ. Чунки у бошқа одамни ўзи оладиган иш ҳақига тенг ҳақ билан ёки озроқ ё кўпроқ ҳақ билан шу ишга ёллаб ишлатиши жоиз бўлади. Шунга кўра демак дурадгорлар, тикувчилар ва уларга ўхшаш ҳунар эгаларининг ўзлари билан бирга ишчи ёллашлари, шунингдек пудратчи (шартнома тузувчи)ларнинг келишилган ишларни бажаришга ишчилар ёллашлари жоиздир. Бу ишчиларга ўзлари оладиган иш ҳақига тенг миқдорда ҳақ берадиларми ёки озроқ ё кўпроқ ҳақ берадиларми, бунинг фарқи йўқ. Чунки бу ҳам ёллаш ҳисобланади Бунда муайян ишларга ёллаш бўладими ёки муайян муддатга бўладими, бунинг фарқи йўқ. Бу ҳам шариатда жоиз бўлган хусусий ишчи ёллаш турига киради.
Аммо ишчиларнинг иш ҳақидан олиб қолиш шарти билан ишчилар ёллаши ёки улар оладиган иш ҳақининг бир қисми ҳисобига улар устидан назоратчи қўйиши жоиз эмас. Чунки бу ҳолатда белгиланган ҳақнинг бир қисмини олиб қолган бўлади. Масалан: уйни тамирлаб беришни ичшиларга 100 000га қилдириб беришга келишиб, уй тамирланиб бўлгандан кейин ишчиларга 80 000 бериб, қолган 20 000ни олиб қолиши ҳаром бўлади. Чунки битимда 100 000 ишчилар учун белгиларган эди. Воситачи эса уларга белгиланган ҳақдан 20 000ни олиб қоляпди. Абу Довуд Абу Саид Худрийдан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини ривоят қилади: «Қисоматдан сақланинглар. (Абу Саид) айтди: Биз: қисомат нима? - дедик. Расулуллоҳ(с.а.в) айтдилар: Одамлар орасидаги нарсани озайтириш». Ато Расулуллоҳ(с.а.в)дан қилган бир ривоятда «Расулуллоҳ(с.а.в) айтдилар: Киши одамлар орасида тақсимловчи бўлиб унинг ҳақидан, бунинг ҳақидан олиши бўлади, натижада унинг насибасидан ва бунинг насибасидан олади». Чунки келишиб, гаплашиб олинган миқдор ишчиларга белгиланган ҳақ ҳисобланиб, камайтирса уларннинг ҳақига хиёнат қилган бўлади. Аммо бир уйни тамирлаб беришни уй эгасидан 100 000га келишиб, ишчиларга бошқа битим билан 80 000га қилдириб берса ва бундан 20 000га эга бўлишга ҳақли бўлади. Чунки бу пайтда уларнинг белгиланган иш ҳақидан камайтирган бўлмайди. Иш тури ҳеч қандай номаълумлик қолдирмайдиган даражада аниқ белгиланиши шарт. Шунда аниқ, маълум нарсага ёллаш бўлади. чунки номаълум нарса(иш)га ёллаш фосид (нотўғри, ботил) ёллаш бўлади.
Ёллаш - ёлланган нарсадан фойдаланишдир. Ёлланувчига нисбатан эса унинг куч-меҳнатидан фойдаланишдир. Ишчини ёллашда қилинадиган ишни, муддатни, иш ҳақи ва сарфланадиган куч-меҳнатни аниқ белгилаб қўйиш лозим. Иш номаълум бўлиб қолмаслиги учун унинг турини аниқ баён қилиш ҳам лозим бўлади. Чунки номаълум ишга ёллаш фосид (нотўғри, ботил) ёллашдир. Иш муддатини ҳам кунлик, ойлик ёки йиллик қилиб аниқ белгилаб қўйиш ва ишчининг ҳақини ҳам аниқ белгилаб қўйиш лозим. Ибн Масъуддан Расулуллоҳ(с.а.в)нинг: «Агар бирортангиз ишчи ёлласа, унга ҳақини айтиб қўйсин», деганлари ривоят қилинган. Бу ҳадис «Канзул уммол» китобида Доруқутнийдан ривоят қилинган.
Иш ҳақини тортишмасдан, тўлиқ бериш учун у номаълумлик қолдирмайдиган даражада аниқ бўлиши керак. Чунки аслида ҳамма келишувларда одамлар орасидаги тортишувларнинг олди олинади. Шунинг учун ишга киришмасдан олдин пул (ҳақ)ига келишиб олиш лозим, ишчи билан ҳақига келишмасдан туриб уни ишлатиш макруҳ. Бирон ишга ёллангач, келишув бўйича ишчи пул олишга ҳақли бўлади, лекин пулни фақат ишдан кейингина бериш вожиб. Расулуллоҳ(с.а.в)нинг ҳадис қудсийдаги ушбу сўзларига кўра иш ҳақини иш битиши билан дарров бериш вожиб: «Уч киши бор, қиёмат куни мен уларнинг душманиман: Менинг номим билан эҳсон бериб кейин хиёнат қилган киши, озод одамни сотиб пулини еган киши, ишчи ёллаб ишини битиргандан кейин ҳақини бермаган киши». Бу ҳадисни Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилди.
Аммо агар иш ҳақини кейинроқ бериш шарти қўйилса, уни ўша муддатгача олиб бориш мумкин. Агар иш ҳақини кунма-кун ёки ойма-ой ё ундан озроқ ё кўпроқ муддатда тўлаш шарт қилинса, келишувларига қараб ҳақ тўланади. Ёлловчи амалда тўла манфаат олиши шарт эмас, балки унга манфаат олиш имкони берилишининг ўзи иш ҳақини тўлашга мажбур қилиб қўяди. Масалан, уйида хизмат қилиши учун хос хизматкор ёлласа ва хизматкор ёлловчининг уйига келиб, унинг хизматига ўзини топширса, шу хизматкордан фойдаланиш имкони бўлган муддат ўтиши биланоқ унга иш ҳақини тўлаш лозим бўлади. Чунки шартномада гарчи бу хизматкор хизматидан фойдаланишга келишилиб, ёлловчи унинг хизматидан тўла фойдалана олмаган бўлса ҳам, лекин унга бу хизматдан фойдаланиш имкони берилишининг ва ишни ташкил этолмай фойдалана олмаганининг ўзи иш ҳақи тўлашга мажбур бўлиши учун етарли асос бўлади. Чунки ожизлик хизматкор тарафидан эмас, балки ёлловчи тарафидан юз берган. Аммо муштарак ёки умумий (яъни хизматидан кўпчилик фойдаланадиган ёлланма) ишчига келсак, агар у буюм, нарсани қилиб бериш бўйича бир муайян ишга ёлланса, то бу ишни қилиб, ёлловчига топширмагунча ишдан бўшамаган ҳисобланади. Масалан, ўз устахонасида бўяйдиган бўёқчи ва ўз дўконида тикадиган тикувчи каби. Бу бўёқчи ёки тикувчи қилинган нарсани ёлловчига топширмагунча ишдан қутилмайди ва топширмагунча иш ҳақига даъвогар ҳам бўлолмайди. Чунки келишилган нарса унинг қўлида турибди. Шунинг учун уни шартлашган ёлловчига топширмагунча ишдан қутилмайди. Аммо агар ишни ёлловчининг қўл остида бажарса, масалан ёлловчи уни кийим тикиб бериши ёки бўяб бериши учун ўз ҳовлисига олиб келса, бу ҳолатда ишни тугатиши биланоқ ишдан қутилади ва иш ҳақини олишга ҳақли бўлади. Чунки у ёлловчининг қўли остида иш қилди. Шунинг учун ишни битириши биланоқ уни топширган ҳисобланади.
Ҳулоса шуки, агар шу воситачи(посредник) ишни ўзи қабул қилиб олиб, сўнг янги битим билан бошқаларга бериш йўли билан шундан фойдаланса бўлади. Бундай ҳолатда ишчиларга иш ҳаққини шу воситачи(посредник) бериш зиммасига юклатилади, уни иш эгасидан олиб берадими ёки ўзининг маблагидан берадими, ҳеч фарқсиз ишчиларни ҳаққини ишни тамомлаши биланоқ бериш вожиб бўлади. Аммо ишни олаётганда, шу иш эгасидан ўзи учун эмас, айнан ишни бажарувчилар учун битим тузса, кейин ундан озгинасини олиб қолиб, қолганини ишни бажарувчиларга берса жоиз бўлмайди. Демак, ёллаш маълум, аниқ нарсага бўлиши шарт, яъни «иш ҳаққи қанча, уни ким беради ва қайси ишни бажариши эвазига беради» деган мавзуълар аниқ бўлиши керак. Агар номаълумлик аралашса дуруст эмас.
Муттақий.
|