Аллоҳ Таоло мол касб қилишни эркак кишига фарз қилиб, уни аёлга фарз эмас, балки мубоҳ қилди. Агар хоҳласа ишлайди, хоҳламаса ишламайди. Аммо аёлнинг нафақасини ҳам эркак зиммасига юклади. Аллоҳ Таоло дейди:
لِيُنفِقْ ذُو سَعَةٍ مِّن سَعَتِهِ
„Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан нафақа берсин!“ [65:7]
Аллоҳ Таоло дейди:
وَعلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
„Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир“. [2:233]
Демак, Ислом нафақани эркакнинг зиммасига юклаб, аёлни беҳожат қилди. Беҳожатлик дегани, инсоннинг ўз эҳтиёжларини қондириши учун етарли моли бўлиши деганидир. Аллоҳ Таоло айтади:
لِيُنفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ وَمَنْ قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنفِقْ مِمَّا آتَاهُ اللَّهُ
– „Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда (ғаний) Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин“. [65:7]
Муслим Жобирдан ривоят қилишича, Пайғамбар(с.а.в) шундай деганлар:
«Садақа қилишни ўзингдан бошла, ортиб қолса, оилангга, оилангдан ҳам ортса, қариндошларингга, қариндошларингдан ҳам ортса, шу тариқа, қўл остингдагиларга, ўнг тарафингдагиларга, чап тарафингдагиларга бергин». Инсоннинг ўзига сарфлаши керакли эҳтиёжларини қондиришидир. Улар эса асосий эҳтиёжларидангина иборат эмас. Чунки шариат унга аёлини ҳам ҳолига қараб, урфга қараб, таъминлашни вожиб қилган. Аллоҳ Таоло айтади:
رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
– „Оналар(яъни фарзандларининг оналари)ни яхшилик билан(яъни урфга қараб) едириб-кийдириш“, [2:233]
ўзига сарфлаши ҳам етарли миқдорда эмас, урфга қараб бўлади. Пайғамбар(с.а.в) Абу Суфённинг хотини Ҳиндга:
«خُذِى مَا يَكْفِيكَ وَوَلَدَكَ بِالْمَعْرُوفِ»
«ўзинга ва болангга етадиганини яхшилик билан (яъни урфга қараб) ол», дедилар. Бухорий ва Аҳмад ривояти. У киши, «ўзингга етадигани» деб қўя қолмадилар, балки «яхшилик билан (урфга қараб)», деган сўзни ҳам қўшиб қўйдилар. Бундай қилишлари етарли сўзидан Ҳинд билан боласининг ҳолатлари ва улар кабиларга нисбатан урфда белгиланган миқдорни назарда тутаётганларини кўрсатади. Демак, гарданига нафақа вожиб бўлаётган одамнинг беҳожатлиги асосий эҳтиёжларигагина эмас, одамлар ўртасидаги урфда бўлаётган эҳтиёжларига ҳам етарли молининг бўлиши билан белгиланади. Бу иш маълум миқдор билан белгиланмайди. У шахсга ва шахснинг яшаш даражасига ҳавола қилинади. Айрим фақиҳлар ортгани беҳожатлик ҳисобланадиган эҳтиёжларни беш нарса, деб белгилаганлар. Улар: озуқа, кийим, жой, уйланиш ва улов. Лекин бунга аниқ ҳужжат ворид бўлмаган. Урфга қараб олинаверади. Шунга кўра, беҳожатлик урфдаги эҳтиёжларини қондириш билан белгиланади. Урфдаги эҳтиёж ўзининг ва ўзи каби одамларнинг аҳволига қараб белгиланади. Чунки камбағалликнинг исломий маъноси, умматнинг қолоқлашуви ва ҳалокатига сабаб бўладиган, яъни гуноҳ ишларга сабаб бўладиган ишлардан ҳисобланувчи асосий эҳтиёжларнинг қондирилмаслигдир. Ислом уни, шайтоннинг ваъдаси, деб белгилади. Аллоҳ Таоло айтади:
الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ
– „Шайтон сизларни (агар эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади“. [2:268]
يَعِدُهُمْ وَيُمَنِّيهِمْ وَمَا يَعِدُهُمُ الشَّيْطَانُ إِلاَّ غُرُوراً
– „(Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар“. [4:120]
Аллоҳ Таоло бу оятда баён қиляптики, шайтон ўзининг дўстларини ҳар доим камбағал бўлиб қолишдан қўрқитиб, уларга молларидан инфоқ қилмасликни, закот бермасликни, мабодо мажбур бўлиб қолсалар, қашшоқлашиб кетмаслик учун молнинг ёмон жойидан чиқариб беришни васваса қилади. Уларга ўз дунёларини сақлаб қолиш учун Аллоҳга исён қилишни чиройли қилиб кўрсатади. Натижада улар Аллоҳнинг азобига дучор бўладилар, шайтоннинг ваъдаси уларни ҳалокатга олиб боради.
Аллоҳ Таоло эса Ўзининг фазли ва мағфиратини ваъда қилади. Аллоҳ Таоло шайтоннинг камбағалликни ваъда қилишига муқобил тарзда Аллоҳ фақат бойликликни ваъда қилади, демади. Негаки, Аллоҳнинг ваъдаси ҳар икки дунё зафарини ўз ичига олади. Бу ҳам шу дунёдаги яхшиликни ва ҳам охиратдаги яхшиликни ваъда қилишдир. Ҳалол, позика ризқ ва гуноҳлару хатолардан мағфират. Бир сўз билан айтганда ҳар икки дунё яхшилигини ваъда қилиш.
Ибн Масъуд(р.а) ривоят қилишича, Пайғамбар(с.а.в) шундай деганлар:
«Одам боласининг кўнглига шайтон ҳам бир ўй-хаёл солади, фаришта ҳам бир ўй-хаёл солади. Шайтон солган ўй-хаёл ёмонликка буюриш ва ҳақиқатни ёлғонлатиш бўлса, фаришта солган ўй-хаёл яхшиликка буюриш ва ҳақиқатни тасдиқлатишдир. Уни (фаришта солган ўй-хаёлни) топган одам уни Аллоҳ томонидан билиб, Аллоҳга ҳамд айтсин. Наригисини (шайтон солган ўй-хаёлни) топган одам Аллоҳдан шайтондан паноҳ беришини сўрасин». Кейин Пайғамбар(с.а.в) мана бу оятни ўқидилар:
(Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради).
Муттақий.
|