Савол жавоб майдони

Хуш келибсиз Guest 

Кўрсатиш/Яшириш Сарлавҳаларни

Хуш келибсиз мехмон! Бу форумда савол қолдириш учун рўйхатдан ўтиш талаб қилинади.





Саҳифалар: [1]
Муаллиф Мавзу: Аллоҳни сифатлари
sher
Новичок
Св-Жв: 15
Permalink
Post Аллоҳни сифатлари
        April 9, 2015, 07:41
Иқтибос

Ассалому Алайкум.
Аллоҳни сифатлари, Аллоҳни аршга кутарилиши, қудрати, қули борлиги,юзи, ҳақида ҳизб қандай фикрда? Ҳизб ақидада қайси манҳажда яни аҳлисунна мотуридиями салафийлардами кимда? итимос қониқарлик Жавоб беринглар

turkiston.-
net
Administrator
Св-Жв: 676
Permalink
Post Re: Аллоҳни сифатлари
        April 9, 2015, 07:51
Иқтибос

Ва алайкум ассалому ва раҳматуллоҳи ва барокотуҳ.

Бу мавзуъда бизни фикримиз қуйдагича: Аллоҳ Таолонинг сифатлари зотига алоқадор бўлиб, у хисдан ташқарида, унга хис тушмайди. Ақл баҳс қилиши учун шарт бўлган нарсалар мавжуд бўлмас экан, биз уни ақлий баҳс қилишимиз ва бу баҳсга киришимиз ёки ақлий тушунишга харакат қилишимиз жоиз эмас, хабарларда қандай келган бўлса ўшундай тасдиқлашимиз вожиб. Хисга тушмаган мавзуъларда ақлий бахс қилиш нотўғри бўлиши билан бирга инсонни адашиб кетишига сабаб бўлади, тарихда мусулмонларнинг адашишликларидаги асосий сабаб хисга тушмаган нарсаларда ақлий бахс қилишга уринишлари бўлди. Буни тафсилоти қуйдагича:

«« Аллоҳнинг сифатлари; Мутакаллимлар пайдо бўлишидан илгари Аллоҳнинг сифатлари масаласи машҳур бўлмаган ва баҳсларда қўзғатилмаган эди. Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифда ҳам Аллоҳнинг сифатлари зикр этилиб, у ҳақда саҳобалар томонидан гапирилгани ҳақида ҳеч қандай хабар келмаган. Мутакаллимлар Қуръони Каримда Аллоҳнинг сифатларидан деб ҳисоблаган ҳар бир нарсани Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзлари мазмунидан тушуниш керак:

سُبْحَانَ رَبِّكَ رَبِّ الْعِزَّةِ عَمَّا يَصِفُونَ
– „Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан покдир“, [37:180]
ёки:

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ
– „Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир“, [42:11]
ёки:

لاَ تُدْرِكُهُ الأَبْصَارُ
– „Кўзлар Унга ета олмас“. [6:103]
Бундан ташқари, Аллоҳнинг сифати Қуръонда қандай келган бўлса шундай олинади.
Масалан, илм Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзидан олинади:

وَعِنْدَهُ مَفَاتِحُ الْغَيْبِ لاَ يَعْلَمُهَا إِلاَّ هُوَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَمَا تَسْقُطُ مِنْ وَرَقَةٍ إِلاَّ يَعْلَمُهَا وَلاَ حَبَّةٍ فِي ظُلُمَاتِ الأَرْضِ وَلاَ رَطْبٍ وَلاَ يَابِسٍ إِلاَّ فِي كِتَابٍ مُبِينٍ
– „Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг шохидан узилиб тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, очиқ Китобда (яъни Аллоҳнинг илми азалийсида) мавжуддир“. [6:59]
ҳаёт Аллоҳнинг қуйидаги сўзидан олинган:

اللَّهُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ
– „Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир“, [2:255]

هُوَ الْحَيُّ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ
– „У тирик зотдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқдир, магар Унинг Ўзигина бордир“. [40:65]
қудрат Аллоҳнинг қуйидаги сўзидан олингандир:

هُوَ الْقَادِرُ عَلَى أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عَذَابًا مِنْ فَوْقِكُمْ أَوْ مِنْ تَحْتِ أَرْجُلِكُمْ أَوْ يَلْبِسَكُمْ شِيَعًا
– „У сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга, ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб юборишга қодир зотдир“, [6:65]

الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضَ قَادِرٌ عَلَى أَنْ يَخْلُقَ مِثْلَهُمْ
– „Осмонлар ва ерни яратган зот - Аллоҳ уларнинг (яъни, инсонларнинг) мислини ҳам яратишга қодирдир“. [17:99]
эшитиш Аллоҳнинг қуйидаги сўзидан олинади:

إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
– „Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир“. [2:181]
кўриш Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзидан олинади:

وَأَنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ
– „Шак-шубҳасиз, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир“, [22:61]

وَكَانَ رَبُّكَ بَصِيرًا
– „Парвардигорингиз кўриб тургувчи бўлган зотдир“. [25:20]

إِنَّ اللَّهَ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ
– „Албатта Аллоҳнинг ўзигина эшитгувчи ва кўргувчи зотдир“. [40:20]
Калом(яъни гапириш) Аллоҳнинг қуйидаги сўзидан олинади:

وَكَلَّمَ اللَّهُ مُوسَى تَكْلِيمًا
– „Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди“, [4:164]

وَلَمَّا جَاءَ مُوسَى لِمِيقَاتِنَا وَكَلَّمَهُ رَبُّهُ
– „Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келди ва Парвардигори унга (бевосита) сўзлади“. [7:143]
ирода Аллоҳнинг қуйидаги сўзидан олинади:

فَعَّالٌ لِمَا يُرِيدُ
– „(У) истаган нарсасини амалга оширгувчидир“, [85:16]

إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ
– „Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқликдир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур“, [36:82]

وَلَكِنَّ اللَّهَ يَفْعَلُ مَا يُرِيدُ
– „Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишини қилади“. [2:253]
Яратувчи Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзидан олинади:

اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ
– „Аллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир“, [39:62]

وَخَلَقَ كُلَّ شَيْءٍ
– „У ҳамма нарсани яратди“. [6:101]
Бу оятлар ваҳдоният, қадим ва бошқа сифатлар каби Қуръони Каримда келган. Мусулмонлар орасида Аллоҳнинг яккалиги, азалий, ҳаёт, қодир, эшитувчи, кўрувчи, гапирувчи, олим, ирода қилувчилиги ҳақида ҳеч қандай ихтилоф бўлган эмас.

Мутакаллимлар келиб, фалсафий фикрлар сизиб киргач, улар орасида Аллоҳнинг сифатларида ихтилоф пайдо бўлди. Мўътазилалар айтдики: «Аллоҳнинг зоти ва унинг сифатлари битта нарса. Аллоҳ ўз зотида тирик, олим, қодирдир. Чунки У ўз зотига қўшилган илм билан олим, ўз зотига қўшилган ҳаёт билан тирик бўлганда эди, инсондаги ҳолат каби сифат ва сифатланаётган нарса ҳомил ва маҳмул (юкловчи ва юклатилган) нарса бўлиши лозим бўлади. Бу эса жисмларнинг ҳолати. Аллоҳ эса жисмдан пок зотдир. Агар ҳар бир сифат ўзи мустақил дейилса, илоҳлар бир нечта бўлиб кетади. Аҳли сунна айтадики: Аллоҳ Cубҳанаҳу ва Таолонинг ўз зотида мужассам бўлган азалий сифатлари бор. У Аллоҳ ҳам эмас, ундан ўзга ҳам эмас. Аммо унинг сифатларига келсак, у олим, тирик, қодир ва бошқа сифатларга эгалиги собит бўлган. Маълумки, унинг ҳар бир илм, ҳаёт, қудрат ва бошқа сифатлари, унинг вожибул-вужуд (бор бўлиши зарурий) тушунчасига зиёда маънони англатади. Мўътазилалар айтгандек илми йўқ олим, қудрати йўқ қодир ва ҳоказо бўлиши мумкин эмас. Бу худди қоралиги йўқ қора деганга ўхшайди. Дарҳақиқат, нусуслар унинг илми, қудрати ва бошқа сифатларининг собитлигини баён қиляпти, унинг фақат олим, қодир деб номлашларининг ўзигагина эмас, балки унинг илми, қудрати борлигига унинг пухта ишларининг содир бўлиши далолат қиляпти. Аммо Аллоҳ Таолонинг сифатлари азалий эканлиги унинг зотида пайдо бўлган нарсаларнинг туриши мумкин эмаслиги учундир. Чунки азалий қадимий зотда пайдо бўлган нарсаларнинг мавжудлиги амри маҳолдир. Бу сифатлар Аллоҳнинг зотида мужассамлиги эса вужуд учун лозим бўлган заруратлардир. Чунки бирор нарса сифатининг маъноси у бажарган нарсадир. Агар маълум нарсани бажарса, унда олим сифати бўлишининг маъноси йўқ. Балки олим бўлишининг маъноси илм сифатини бажаришдир. Аммо Аллоҳ ҳам эмас, ундан ўзга ҳам эмаслиги Аллоҳнинг сифатлари, зотининг ўзи эмас. Чунки ақл сифат мавсуфдан ўзга эканлигига қарор қилади. Демак, бу Унинг зотига қўшимча маънодир. Лекин у Аллоҳнинг сифати, чунки у бирор нарса ҳам эмас, зот ҳам эмас, муайян нарса ҳам эмас, балки у зот учун сифатдир. У Аллоҳнинг зоти бўлмаслиги билан бирга, Аллоҳдан бошқа нарса ҳам эмас, балки у Аллоҳ учун сифатдир. Аммо мўътазилаларнинг: агар ҳар бир сифат ўзи мустақил бўлса, илоҳлар кўпайиб кетади, - деган сўзига келсак, бундай сифат зот дейилса, шундай бўлиши шубҳасиз. Аммо у қадим зот учун сифат бўлса, зотнинг у билан сифатланиши зотларнинг кўпайишини тақозо этмайди, балки битта зотнинг сифатлари бир нечта бўлиши лозимлигини билдиради. Бу ваҳдониятга зид эмас ва илоҳлар бир нечта бўлишини тақозо этмайди. Бу билан аҳли сунна ақлий исбот қилдики, Аллоҳнинг сифтлари бор, у зот ҳам эмас, лекин зотдан ўзга ҳам эмас, чунки сифат сифатланаётган нарсадан бошқа ҳамда сифатланаётган нарсадан ажралмайди. Сўнг бу сифатлар азалий эканлигининг маъносини баён қилиб, айтдиларки: илм сифати - азалий сифат, маълумотлар бу сифатга боғланган пайтда очилади. Қудрат - азалий сифат, қодир бўлинган нарсаларга бу қудрат унга тааллуқли пайтда таъсир кўрсатади. Ҳаёт - азалий сифат, илмнинг тўғри бўлишини тақозо қилади. Қудрат - бу қувват. Эшитиш азалий сифат бўлиб, эшитилаётган нарсаларга тааллуқли. Кўриш азалий сифат бўлиб, кўринадиган нарсаларга тааллуқли. Бу сифатлар билан У хаёлот, ҳис, ёки ҳавоий-нафс орқали эмас, аниқ, тўла идрок этади. Ирода ва хоҳиш ҳаётга эга зотнинг сифатидан иборатдир. У қудратнинг нисбати бажариш ва бажармасликнинг ҳар бирига баробар бўлиши билан бирга, тақдир қилинган икки нарсанинг бирини хослашни тақозо этади. Калом азалий сифат бўлиб, у Қуръон номли назм билан ифодаланган. Аллоҳ Таоло сўз орқали гапирувчидир, бу унинг азалий сифати, у ҳарф ва овозлар жинсидан эмас. У жимлик ва сукутга зид сифатдир. Аллоҳ у билан гапирувчи, буюрувчи, қайтарувчи ва хабар берувчидир. Буюрадиган, қайтарадиган ва хабар берадиган ҳар бир шахс эса ўзидан бирор маъно топадида, сўнгра унга далолат қилади.

Аҳли сунналар Аллоҳ Таолонинг азалий сифатлари борлигини исботлаганларидан сўнг бу сифатлар ҳақидаги ўз тушунчаларини шундай баён қилдилар. Лекин мўътазилалар Аллоҳнинг сифатлари ҳақидаги бу маъноларни рад этдилар. Улар Аллоҳнинг зотига қўшимча сифатлар бўлишини инкор этиб, айтдиларки: Аллоҳ қодир, олим, ҳар бир нарсани иҳота қилувчи. Аллоҳнинг зоти ва сифатларида ўзгариш бўлмайди. Чунки ўзгариш пайдо бўлган нарсалардаги сифатдир. Аллоҳ эса бундан покдир. Агар мавжуд бўлмаган нарса вужудга келса, ёки мавжуд бўлган нарса йўқ бўлса, Аллоҳнинг қудрати ва иродаси бу ишни бошқариб йўқ нарсани вужудга келтирса ва бор нарсани йўқ қилса, қандай қилиб илоҳий қудрат ҳодис (яъни вужудга келадиган)га тааллуқ топиб, уни вужудга келтиради? Нима учун бошқа вақтда эмас, айнан шу лаҳзада вужудга келтиради? Қудрат аввал бўлмаган бир ишни бажариши ундаги ўзгаришдир. Аллоҳда эса ўзгариш бўлмайди. Бу азалий, қадим бўлган зотнинг ҳолати. Ирода ҳақидаги сўз ҳам шунга ўхшаш. Илм ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Масалан, илм маълум бўлган нарсани ўз ҳолича кашф қилиш. Маълум нарса эса тез-тез ўзгариб туради. Масалан, дарахтнинг барги тушади, ҳўл нарса қуруққа, тирик эса ўликка айланади. Аллоҳнинг илми билан нарсанинг нима экани кашф этилади. У бу нарсани бўлишидан аввал билади. Агар бир нарса бор бўлса, унинг борлигини ҳам илгаридан билади. Агар бир нарса йўқ бўлса, унинг йўқлигини ҳам илгаридан билади. Мавжудотларнинг ўзгариши билан қандай қилиб Аллоҳнинг илми ўзгаради? Ҳодисалар ўзгариши билан ўзгарувчи илм пайдо бўлган илмдир. Аллоҳ Таолода пайдо бўлган нарса бўлиши мумкин эмас. Чунки пайдо бўлган нарсаларга тааллуқли нарсалар ҳам пайдо бўлгандир. Аҳли сунналар буни рад қилиб айтдиларки: қудрат икки жиҳатдан боғланади. Азалий жиҳати - билфеъл бўладиган нарсанинг вужуди унга тақалмайди. Ҳодисга боғланиш жиҳати - билфеъл бўладиган нарсанинг вужуди бориб тақалади. Масалан, қудрат бир нарсага боғланади ва уни вужудга келтиради, ваҳоланки бу қудрат унга боғланишдан илгари мавжуд эди. Уни вужудга келтиришга боғланиши қудратни пайдо бўлган нарса қилиб қўймайди. Бир нарсани бевосита қилмагандан кейин уни амалга ошириш қудратдаги ўзгариш бўлмайди. Қудрат доимо бир нарсага боғлиқ бўлади, уни пайдо қилади. Демак, бажарилган нарса ўзгаряпти, қудрат эса ўзгармайди. Аммо илм боғланиши мумкин бўлган жамики нарсалар ҳақиқатда маълум нарсалардир. Аллоҳ Таолонинг зоти олимликни тақозо этади. Нарсаларнинг зоти эса маълум бўлишни тақозо этади. Зотнинг барча нарсаларга нисбати баробардир, (яъни Аллоҳнинг олимлиги, нарсаларнинг маълум бўлиши барча нарсада шартдир). Илм зотга қараб ўзгармайди, балки бу илм боғлиқлик жиҳатидан ўзгаради. Бу эса жоиздир. Лекин илм азалий сифат бўлиб, унинг ўзгариши маҳол нарса. Қудрат, илм ва бошқалар каби, уларнинг азалийлиги эса улар боғланган нарса ҳам азалий бўлишини тақозо қилмайди. Демак, у азалий бўлиб, пайдо бўлаётган нарсаларга боғланади.

Мутакаллимлар орасидаги бу баҳс бир тарафдан мўътазилалар, бир тарафдан аҳли сунналар ўртасида худди «Қазо ва Қадар» масаласидаги каби Аллоҳнинг сифатлари ҳақида давом этди. Ажабланарли жойи шундаки, мутакаллимлар қўзғаган баҳснинг асоси юнон файласуфлари қўзғаган нуқтанинг айнан ўзи. Юнон файласуфлари ҳам Аллоҳнинг сифатларига нисбатан худди шу нарсани кўзлаган эдилар. Лекин мўътазилалар Аллоҳга бўлган иймон, тавҳид ҳақидаги фикрлари доирасида жавоб берган эдилар. Уларга юнон фалсафасининг назарий фаразлар ва мантиқий масалалар ортидан юришни камайтириш учун аҳли сунналар қўшилди. Лекин улар ҳам мўътазилалар тушган аҳволга тушиб, худди мана шу асосда рад қилдилар, яъни бу баҳс ва муноқаша учун ақл идрок этган-этмаган нарсада, инсон ҳис этган-этмаган нарсада ақлни асос қилиш эди. Қуръон оятлари ва ҳадислар билан ўз сўзларини қувватлаш учун раъйларига хилофларини таъвил қилдилар. Бу билан ақлни асос қилишда, Қуръон оятлари ақл йўл кўрсатган нарсани қувватловчи бўлишида ёки ақл тушунган нарсага Қуръон оятларини таъвил қилишда мўътазилалар, аҳли сунна ва бошқалар бир хил бўлдилар.

Мутакаллимларни баҳс қилишда бу йўлни танлашга ундаган нарсанинг икки омили бор: бири улар ақлнинг таърифини билмас эдилар. Иккинчиси ҳақиқатларни идрок этишдаги Қуръон тариқати билан файласуфлар тариқати орасини ажрата олмадилар. Ақлнинг таърифини идрок қила олмаганликлари уларнинг ақлга берган таърифларидан кўриниб турибди. Улар шундай деб айтганлари ривоят қилинган: «Ақл бу нафс ва идрокларнинг қувватидир». Бу маъно уларнинг қуйидаги сўзларида ҳам кўринади. «Ақл бу аъзолар саломат бўлган пайтда зарур нарсаларга илм тобе бўлган ғаризадир». Ёки айтардилар: «Ақл бу жавҳар бўлиб, ғайб нарсалар воситалар орқали, ҳис қилинган нарсалар мушоҳада орқали идрок этилади». Ёки айтардилар: «Албатта ақл бу нафснинг ўзгинаси». Ақлни бундай тушунган одам, уни мутлақ тизгинсиз қўйиб юбориши, турли масалаларни назарий жиҳатдан тартиблаштириб, ундан вужуди йўқ бўлган натижаларни чиқариб, бу натижани ақл асосида чиқарганлигини айтиши ажабланарли эмас. Шунинг учун уларнинг ақлий баҳсларида ҳеч қандай тўхтайдиган чегара бўлмади. Унга киришган ва натижаларга етган ҳар қандай баҳсни ақлий баҳслар, ақлий натижалар деб ҳисоблашар эди. Шунинг учун мўътазилаларнинг: «Аллоҳнинг азалий қудрати пайдо бўлувчи ишга боғланиши қудрат сифатини пайдо бўлувчи қилиб қўяди», дейиши ва бу баҳсни ақлий баҳс деб, натижаларини ақлий натижа деб айтишлари ажабланарли эмас. Худди шу вақтда аҳли сунна айтадики: «Аллоҳнинг қудратининг қилинаётган ишга боғланиши қудратни ўзгарувчи ёки пайдо бўлувчи қилиб қўймайди. Қудратни пайдо бўлувчи қиладиган нарса қудратнинг ўзгариши, ишнинг ўзгариши эмас». Буни улар ақлий баҳс ва ақлий натижа деб биладилар. Чунки ақл, ҳамманинг наздида, зарурий нарсаларга илм тобе бўлган ғариза ёки нафс эди. Демак, у ҳамма нарса ҳақида баҳс қилаверди. Агар улар ақлнинг маъносини тўғри тушунганда эди, воқеси бўлмаган нарсаларни бошқа нарсаларга боғлаб, уларни ақлий ҳақиқатлар деб номлаган, бундай фаразий баҳс ва назарий натижаларга киришмаган бўлар эдилар.

Бизнинг асримизга келиб ақлнинг маъноси ойдинлашди. Биз биламизки, ақл баҳс қилиши учун шарт бўлган нарсалар мавжуд бўлмас экан, биз уни ақлий баҳс дейишимиз ва бу баҳсга киришишимиз жоиз эмас. Биз: «Ақл бу ҳис воситасида воқеликни мияга узатиш ва бу воқеликни тафсир қилувчи собиқ маълумотлардир», деб биламиз. Ҳар бир ақлий баҳсда тўрт нарса мавжуд бўлиши керак: биринчи - мия, иккинчи - ҳис, учинчи - воқе, тўртинчи - бу воқега боғлиқ собиқ маълумотлар. Агар мазкур тўрт нарсадан бири топилмаса, ақлий баҳс бўлиши мумкин эмас, бу мантиқий, хаёлий баҳсдир. Буларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Чунки улар ақл-идрокка боғлиқ эмас, уларнинг манбасини ақл идрок қилмаяпти.

Мутакаллимларнинг ҳаммаси ақл маъносини идрок қила олмаганликлари, маҳсусотларга мос тушмайдиган ёки унга боғлиқ собиқ маълумотлари бўлмаган баҳсларга киришишларига сабаб бўлди.

Аммо мутакаллимларнинг ақлий баҳсдаги Қуръон тариқати билан файласуфлар тариқатини ажрата олмаганликларига келсак, Қуръон ҳам, файдасуфлар ҳам илоҳият ҳақида баҳс қилди. Файласуфларнинг илоҳият ҳақидаги баҳслари мутлақ вужуд ва унинг зоти тақозо этган нарсалар ҳақида эди. Улар коинот ҳақида эмас, балки коинот ортидаги нарсалар ҳақида баҳс қилдилар. Унинг муқаддимасига ҳужжатлар келтиришиб, бу ҳужжатлардан маълум натижага келдилар, сўнг буларга бошқа натижаларни боғладилар. Шундай қилиб, улар Аллоҳнинг зоти ҳақида ва бу зот тақозо қилган нарсалар ҳақида ўзлари ҳақиқат деб билган нарсага эришдилар. Улар эришган натижалар турлича бўлишига қарамасдан, ўз баҳсларида фақат битта йўлни тутдилар. У - табиат, яъни коинот ортидаги нарсалар ҳақида баҳс қилиш, назарий фаразларга биноан ёки бошқа ҳужжатларга асосланиб тартибли ҳужжатларни келтириш ва уни қатъий деб ҳисоблаб, натижаларга эришиш эди.
Баҳсдаги бу тариқат Қуръон тариқатига зиддир. Чунки Қуръон коинот ҳақида ва ундаги мавжудотлар, ер, қуёш, ой, юлдуз, ҳайвон, инсон, судралиб юрувчилар, туя, тоғ ва бошқа маҳсус нарсалар ҳақида баҳс қилиб, бундан коинотнинг яратувчисини, мавжудотлар, қуёш, туя, тоғ, инсон ва бошқа-бошқа мавжудотларнинг яратувчисини идрок қилишга эришади. У ҳиссиётга боғлиқ бўлмаган, мавжудотларни идрок қилишдан, идрок қилиб бўлмайдиган коинот ортидаги нарсалар ҳақида баҳс юритган пайтда, бир воқеликни сифатлайди, ёки бир ҳақиқатни баён этади ва буларга иймон келтиришга қатъий буюради. Буларда инсоннинг эътиборини англашга ёки ундан бирор нарсани тушуниб етишга қаратмайди. Аллоҳнинг сифатлари, жаннат, дўзах, жин, шайтон ва бошқалар шулар жумласидандир. Саҳобалар мана шу тариқатни жуда яхши тушунишган ва шу тариқат асосида худди ўзлари бахтли бўлгани каби бошқаларни ҳам бахтли қилиш учун Ислом рисолатини бутун оламга ёйишган. Худди шу ҳол биринчи аср охиригача, юнон ва бошқа фалсафалардан фалсафий фикрлар улар орасига сизиб кириб, мутакаллимлар вужудга келгунгача давом этди. Шундан сўнг ақлий баҳс тариқати ўзгарди. Бу баҳслар Аллоҳнинг зоти ва сифатлари ҳақида бўлди. Бу баҳслар носоғломлигидан ташқари, мутлақо ақлий баҳс деб ҳисобланмайди, чунки улар ҳис қилинмайдиган нарсалар ҳақидаги баҳс эди. Бундай нарсалар ҳақидаги баҳс ақлий баҳс дейилмайди. Бундан ташқари, Аллоҳнинг сифатлари ҳақидаги баҳс яратувчи ҳақидаги баҳсдир. Аллоҳ ҳақида баҳслашиш ман қилинган. Шунинг учун мутакаллимларнинг Аллоҳнинг зоти ҳақидаги баҳслари ноўрин ва хатодир. Аллоҳнинг сифатлари тавқифийдир. Улардан қатъий нусусларда келганларини эса қандай келса, шундайлигича зикр этамиз, бундан бошқача эмас. Нусусда келмаган сифатни қўшишимиз, қатъий нусусларда келмаган сифатларни шарҳлашимиз мутлақо жоиз эмас.

Мусулмон файласуфлари
Мусулмонлар орасига илоҳиёт ҳақидаги фалсафий баҳслар кириб келган пайтда, Умавийлар асрининг охирлари ва Аббосийлар асрининг бошларида Ҳасан Басрий, Ғийлони Дамашқий, Жаҳм ибн Сафвон каби баъзи уламолар турли каломий масалаларга киришиб кетган эдилар. Улардан сўнг Арасту мантиқини билган, баъзи таржима қилинган фалсафий китоблардан хабардор уламолар вужудга келди. Каломий масалаларда баҳс кенг кўлам касб этди. Улар маълум ва машҳур илми калом ҳақида баҳс қилардилар. Булар Восил ибн Ато, Амр ибн Убайд, Абу Ҳузайл Оллоф, Наззом кабилар эди. Лекин уларнинг тадқиқоти комил фалсафий дарс эмас эди. Балки турли фалсафий фикрларни ва баъзи масалалардаги фирқаларнинг раъйини билиш учун фалсафий фикрларни чуқур ўрганиш эди. Улар баъзи бир фалсафий баҳсларга боғланиб қолган бўлсалар-да, Қуръонга ва иймонга боғлангандилар. Шунинг учун Ислом аҳлидан чиқиб кетмадилар. Балки далил ва ҳужжат келтиришда кенгроқ йўл тутишди. Лекин бу далиллари иймонни қувватловчи нарсаларни исботлаш ва Аллоҳни поклашга ҳарис бўлганларидан келиб чиқар эди. Шунинг учун улар ақидадан чиқиб кетганлари йўқ. Улар мусулмон бўлиб, Исломни ҳимоя қилишган.

Мутакаллимлардан сўнг жамоат ёки мазҳаб даражасига етмаган айрим кишилар етишиб чиқди. Уларнинг баҳсларини баъзилар чиройли ҳисоблашса-да, йўлларига жамоий суратда ҳеч ким эргашгани йўқ. Ислом юртларида мусулмонлар орасида мутакаллимлардан кейин пайдо бўлган бундай кишилар мусулмон файласуфлари эди. Уларни мусулмонлар орасида пайдо қилган нарса шу асрда баъзилар фалсафий фикрлардан хабардор бўлиб, бу фикрларга қизиқиб қолиши эди. Бу нарса баъзи шахсларни бу фикрларни кенгроқ ўрганишга ундади. Улар бу фикрларни чуқур, кенг кўламда, ҳар бир соҳада, ҳар бир йўналишда астойдил ўргандилар ва унинг ҳамма жиҳатларини тадқиқ этдилар. Улар фалсафани шу даражада ўргандиларки, бу нарса уларни фалсафий фикрлашга ва умумлашма хулосаларни чиқаришга қодир қилиб қўйди. Бу фалсафани, хусусан, юнон фалсафасини чуқур ўрганиш натижасида мусулмонлар орасида файласуфлар вужудга келди. Вужудга келган файласуфларнинг энг биринчиси ҳижрий 260 йилда вафот этган Яъқуб Кандий эди. Шундан сўнг файласуфлар кетма-кет пайдо бўлаверди. Шунга кўра, Ислом шаҳарларида мусулмон файласуфлари мутакаллимлар вужудга келгандан ва уларнинг тариқати ҳукмрон бўлгандан сўнг пайдо бўлди. Бу тариқат баҳс, мунозара, тортишув эди ва кўпгина мутакаллимлар, уламолар кўз ўнгида фалсафа йириклашиб борди. Бундан олдин бирорта мусулмон файласуф эмасди. Ислом шаҳарларида уламолар орасида мутакаллимлар ва файласуфлар вужудга келди. Мутакаллимлар ва файласуфлар ўртасида фарқ бор. Мутакаллимлар баъзи бир фалсафий фикрларни пухта ўрганишган. Аммо файласуфлар фақат ўз соҳасининг уламолари эди. Улар мутакаллимларга беписандлик билан қарар, уларни сафсата ва мунозара аҳли деб билардилар ва ўзларинигина тўғри фалсафий баҳслар қила олади деб ҳисоблашарди.

Мутакаллим ва файласуфлар илоҳиёт ҳақида баҳс юритдилар. Лекин мутакаллимлар билан файласуфлар манҳажи ўртасида фарқ бор. Улар ўртасидаги фарқни шундай изоҳлаш мумкин:
Мутакаллимлар иймон асосларига эътиқод қилдилар, унинг тўғрилигига иқрор бўлиб, иймон келтирдилар. Сўнгра ҳужжат қилиш учун ақлий далилларни келтирдилар. Улар ўз эътиқодларини исботлаш учун ақлий баҳсни мантиқий услубда олиб бордилар. Чунки улар Исломнинг асосий пойдеворига иймон келтириб, уни исботлаш учун ҳужжат ва далилларни келтирдилар.

Мутакаллимларнинг баҳслари ўз ақидаларини ҳимоя қилишга қаратилган. Уларнинг мақсади ўз хусуматчилари улар мўътазила, муржиъа, шийъа, хаворижлар каби тушунчада буларга зид мусулмонлар бўладими ёки насоро, яҳудий, мажусий ва бошқа ғайридин бўладими, уларнинг далилларини йўққа чиқаришдан иборат. Лекин уларнинг баҳсида кўзга ташланадиган нарса файласуфлардан иборат мусулмонларга раддия билдиришга қаратилган эди.

Мутакаллимларнинг баҳслари исломий баҳслардир. Улар ихтилофли ва бир-бирига зид бўлса-да, исломий раъйлардан келиб чиқади. Бу раъйларни ушлаган ҳар бир мусулмон исломий раъйни ушлаган ва у эътиқод қилган нарсаси исломий ақида ҳисобланади. Мана бу мутакаллимларнинг манҳажи ва унинг эътиборидир. Файласуфларнинг манҳажи эса қуйидагиларда намоён бўлади:

Файласуфлар масалаларни фақат баҳс қиладилар. Бу баҳснинг манҳажи ва асоси - ҳужжат қандай далолат қилган бўлса, шундай қараш. Илоҳиёт ҳақидаги қарашлари - мутлақ вужудга ва унинг зоти тақозо этган нарсаларга қарашдан иборат. Улар ҳужжат келтирилган нарсага асосланиб фикр юритадилар. Бу нарса қандай бўлишидан қатъий назар бирор натижага олиб борса, унга эътиқод қиладилар. Бу фалсафанинг мақсади ва асосидир. Уларнинг баҳслари соф фалсафий бўлиб, агар баъзи мавзуларда Исломга алоқаси борга ўхшаса-да, баҳс жиҳатидан динга мутлақо алоқаси йўқ. Улар кўпинча ўз баҳсларида жисмоний жасад билан қайта тирилиш ва қиёмат каби унинг саҳиҳ ёки ботиллигига ақлий далил келтириб бўлмайдиган самъий (эшитиш орқали қабул қилинадиган) нарсалар билан шуғулланишди. Кўпинча ўз исломий ақидаларидан таъсирланган ҳолда юнон фалсафасидаги баъзи бир фикрларни айтдилар. Баъзи ҳолларда фалсафадаги масалалар билан исломий масалалар ўртасини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилдилар. Лекин бу нарса улар мусулмон бўлиб, Исломдан таъсирланганликларидан келиб чиқади. Лекин бу худди мутакаллимлар сингари исломни асос қиладиган фикрий таъсир натижасида эмас, балки насроний файласуфларининг насоро динидан, яҳудий файласуфларининг яҳудия динидан таъсирланганликларидек таъсирланишига ўхшаб кетади. Аммо уларнинг асоси мутлақ вужуд ва у тақозо қилган нарса эди. Уларнинг ҳақиқий таъсирланишлари юнон фалсафаси бўлиб, уларнинг ақлияси ҳам шу фалсафа билан шаклланган эди. Юнон фалсафасида пишиб етилганларидан кейин ўз фикрларини баён этдилар, бу фалсафанинг Исломга мутлақо алоқаси йўқ.

Мусулмон файласуфлари Исломни ҳимоя қилиш билан шуғулланмадилар. Ўзларига мухолиф бўлган фикрларни баён қилиб, уларни рад этиш ўрнига ўз ҳақиқатларини исботлаш, уларга ҳужжат келтириш билан шуғулландилар. Ақлий баҳс уларнинг илмидаги асл мавзу бўлиб, бундан бошқа ҳеч нарса мавжуд эмас.

Мусулмон файласуфларининг баҳслари ғайриисломий фикрлардир. Улар соф фалсафий баҳс бўлиб, Исломга мутлақо алоқаси йўқ. Унинг баҳсида Исломнинг ўзи йўқ, у исломий раъй деб ҳисобланмайди ва исломий сақофатдан эмас.

Бу мутакаллимлар билан мусулмон файласуфлари манҳажи орасидаги фарқ. Мусулмон файласуфларининг ҳақиқати шундан иборат. Кандий, Форобий, ибн Сино ва бошқа мусулмон файласуфлари шуғулланган бу фалсафани исломий фалсафа деб аташ Исломга нисбатан қилинган фитна, зулм ва воқега хилофлик бўлади. Чунки у Исломга мутлақо боғланмайди. Балки у асос ва бошқа тафсилотлари жиҳатидан Исломга мутлақо зид. Асос жиҳатидан зидлиги - бу фалсафа коинот ортидаги нарса ҳақида, яъни мутлақ вужуд ҳақида баҳслашади. Ислом эса коинотда бор нарсалар ва фақат ҳис қилинадиган нарсалар ҳақида баҳс юритади. Аллоҳнинг зоти ҳақида, коинот ортидаги нарсалар ҳақида баҳс юритишни ман қилиб, Аллоҳга сўзсиз таслим бўлишга, иймон келтиришни вожиб қилган нарсага иккиланмай бош эгишга буюради. Тафсилотлар жиҳатидан зидлиги - бу фалсафада жуда кўп баҳслар борки, Ислом уларни куфр деб ҳисоблайди. Масалан, унда оламнинг қадимийлиги, унинг азалийлиги, жаннат неъматлари моддий эмас, руҳийлиги, ё Аллоҳ Таоло жузъий нарсаларни билмаслиги ва бошқа Ислом назарида очиқ куфр ҳисобланган баҳслар мавжуд. Бундай очиқ зиддият бўла туриб, бу фалсафани қандай қилиб Ислом фалсафаси деб аташ мумкин? Бундан ташқари, Исломда фалсафанинг ўзи йўқ, чунки унда ақлий баҳс фақат маҳсусотлар ҳақидагина фикр юритиши мумкин. Коинот ортидаги нарсалар ҳақида баҳс қилиш ман этилган. Ислом ҳамма баҳсларни фалсафадан узоқ ва моддий оламга боғлайди. Ҳар қандай фалсафий баҳс бўлиши эҳтимолини йўқотади. Шунинг учун исломий фалсафа йўқ. Исломда Қуръони Карим ва Суннати набавийя баҳси мавжуд. Шуларгина ақида ва ҳукмда буйруқ, тақиқ ва хабарларда Исломнинг асоси ҳисобланади »». [“исломий шахсия”китобининг 1-чи жузъидан олинди.]
Муттақий.

Саҳифалар: [1]
Mingle Forum by cartpauj
Version: 1.0.34; Page loaded in: 0.04 seconds.