Зайд ибн ҳориса(р.а)

522
0

11

Сўъдо ибн Саълаба қавми Бану Муинни зиёрат қилмоқчи бўлиб, йўлга чиқади. У билан бирга ўғилчаси Зайд ибн Ҳориса ҳам бор эди. Қавмининг диёрига етай деганда, уларга Буну Қайн қароқчилари ҳужум қилиб, мол-мулкини талон-тарож қиладилар, туяларини тортиб оладилар ва болаларини асирга оладилар. Асирга тушган болалар орасида Сўъдонинг ўғли Зайд ибн Ҳориса ҳам бор эди. Зайд ўша пайтда саккиз ёшга қадам қўйган эди. Уни Укоз бозорига олиб бориб, савдога қўядилар. Қурайш етакчиларидан Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид исмли бадавлат бой уни 400 дирҳамга сотиб олади. У ундан бошқа бир неча болаларни ҳам сотиб олиб, уларни Маккага олиб кетади. Уни келганини аммаси Хадича бинт Хувайлид билиб тинч-омон яхши келдингми деб, зиёрат қилгани келади. Ҳаким унга эй амма, Укоз бозоридан бир неча болалар сотиб олдим, улардан хоҳлаганингизни танлаб олинг, у сизга ҳадя, деди. Хадича ҳазратлари болаларнинг юзларига диққат билан назар солдилар. Юзида яхшилик аломатларини кўргани боис Зайд ибн Ҳорисани танладилар ва уни ўзлари билан олиб кетдилар.

Кўп ўтмай, Хадича бинт Хувайлид Муҳаммад ибн Абдуллоҳга никоҳландилар ва куёвларига қандайдир совға бермоқчи бўлдилар. Бисотидан асир ғуломи Зайд ибн Ҳорисадан яхшироқ совғани топа олмадилар. Муҳаммад ибн Абдуллоҳга шуни совға қилдилар. Толеи кулиб боққан ғулом Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг қарамоғида неъматланиб яшар экан, у ёқда ўз фарзандини йўқотиш доғида азобланаётган онасининг кўз ёшлари ҳеч тўхтамас, руҳан эзилар ва ҳаловатини йўқотган эди. Фарзандининг ўлик ёки тириклигини билмаслиги ҳам унинг дардига дард қўшарди. Тирик бўлса, умид қиларди, ўлган бўлса, умидини узарди. Отаси эса ҳамма жойдан уни қидирди, ҳар бир йўловчидан унинг дарагини сўради. Фарзандига бўлган муҳаббатини, фарзанд доғини юракларни қон қиладиган маҳзун шеърга солди.

Ҳаж мавсумларидан бирида Зайднинг қавмидан бир неча киши Байтул Ҳаромга келдилар. Улар кўҳна Байтуллоҳда Зайд билан юзма-юз келиб қолдилар. Зайдни танидилар. Зайд ҳам уларни таниди. Бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрадилар. Ибодатларини тугатиб, ўз юртларига борганларида кўрган ва эшитганларини Зайднинг отаси Ҳорисга етказдилар. Ҳорис сафарга шунақанги тез ҳозирландики, дарҳол ўғлини қутқариб оладиган мол ҳам йиғди. Қандаям роҳатбахш хурсандчилик. У билан бирга иниси Каъб ҳам йўлга чиқди. Иккалови Макка томонга қараб йўлга тушдилар. Шаҳарга етиб келишгач, Муҳаммад ибн Адбуллоҳнинг ҳузурига кириб, дедилар: Эй Абдул мутталибнинг фарзандлари, сизлар Аллоҳнинг қўшнисидирсизлар, қийналганга ёрдам берасиз, оч қолганни тўйдирасиз. Биз сизларга асирингиздаги ўғлимизни деб келдик, уни қутқариб олиш учун мол ҳам тўплаб келдик. Бизларга марҳамат кўрсатинг. Хоҳлаганингизни айтинг, бизларга фарзандимизни қайтариб беринг. Муҳаммад (с.а.в) сизлар сўраган бола ким ўзи, деб сўрадилар. Улар ғуломингиз Зайд ибн Ҳориса, дедилар. Муҳаммад (с.а.в) сизларга фарзандингизни мол билан қутқариб кетишдан ҳам яхшироқ йўлни айтайми, дедилар. Улар: у қандай йўл экан, дедилар. Муҳаммад (с.а.в) ҳозир уни сизларнинг олдингизга чақираман, сизлар унга мени ёки сизларни танлашига ихтиёр берасизлар. Агар сизларни танласа, у сизларники, ҳеч қандай молсиз олиб кетаверасиз. Агар мени танласа, мен Аллоҳга қасамки, ўзимни танлаган одамдан асло юз ўгирмайман, дедилар. Улар эса: инсоф қилдингиз, бўлганда ҳам жуда катта инсоф қилдингиз, дедилар. Муҳаммад (с.а.в) Зайдни чақирдилар ва ундан булар ким, деб сўрадилар. Бу отам Ҳориса ибн Шуроҳил, буниси амаким Каъб, деди. Муҳаммад (с.а.в) мен сенга ихтиёр бераман, хоҳласанг, улар билан бирга кетасан, хоҳласанг, мен билан бирга қоласан, дедилар. Зайд эса ҳеч иккиланмай дарҳол «сиз билан бирга қоламан», дедилар. Отаси эса эй қуриб кетгур Зайд, ота-онанг ўрнига қулликни танлайсанми, деди. Зайд: мен бу кишидан яхшилик кўрдим, энди асло ундан ажралмайман, деди. Муҳаммад (с.а.в) Зайднинг бу гапларини эшитгач, унинг қўлидан тутиб, Байтул Ҳаромга олиб чиқди, қурайшликлар турган жойга келиб, эй Қурайш жамоаси, гувоҳ бўлинглар, бу менинг ўғлим, у менга меросхўр бўлади ёки мен унга меросхўр бўламан, дедилар. Зайднинг отаси ва амакиси хурсанд бўлдилар. Ўғлини Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳузурида қолдирдилар. Қавмларига диллари хуш, қалблари хотиржам қайтдилар. Шу кундан бошлаб Зайд ибн Ҳориса «Зайд ибн Муҳаммад», деб чақириладиган бўлди. Бу ҳол Муҳаммад (с.а.в) пайғамбар этиб юборилиб, Ислом ўғил қилиб олишни ботил қилгунича давом этди. Кейин у яна Зайд ибн Ҳориса деб чақириладиган бўлди.

Зайд ота-онасидан кечиб, Муҳаммад (с.а.в)ни танлаган вақтда қандай ўлжани қўлга киритганини билмас эди. Аҳли ва оиласидан афзал кўрган хожасини аввалги ва охиргиларнинг саййиди, Аллоҳнинг бутун халқига бўлган Росули бўлажагидан бехабар эди. Ер юзида Ислом давлати қурилиши, бу давлат мағриб ва машриқни адолат ва яхшиликка тўлдириши, балки унинг ўзи ҳам ушбу буюк давлатни қуришда дастлабки ғиштлардан бўлишини, ўша пайтда ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Бундай фикрлар Зайдда умуман йўқ эди. Албатта бу Аллоҳнинг фазлидир, уни хоҳлаган кишисига беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир.

Ушбу ихтиёр бериш воқеасидан ҳеч қанча ўтмай Аллоҳ Таоло Муҳаммад (с.а.в)ни ҳақ ва ҳидоят дини билан пайғамбар этиб юборди. Зайд ибн Ҳориса унга имон келтирган илк эркаклардан бўлди. Беллашувчилар беллашадиган бундан ҳам пешқадамлик бўладими?! Дарҳақиқат, Зайд ибн Ҳориса Росулуллоҳ (с.а.в)нинг ишончли сирдоши, юборган аскарларининг бошлиғи ва Мадинани тарк этганларида у зотнинг ўринбосарлари эди.

Зайд Росулуллоҳ (с.а.в)ни қандай яхши кўриб, ота-оналаридан ҳам устун қўйган бўлса, Росулуллоҳ (с.а.в) ҳам уни шундай севар, аҳли оиласига аралаштириб юрардилар. Агар йўқ бўлса, уни соғинар, қайтиб келса, хурсанд бўлар ва уни ҳеч кимга насиб бўлмаган ҳолатда кутиб олардилар. Мана Оиша онамиз Росулуллоҳ (с.а.в)нинг Зайд билан учрашгандаги хурсандчиликларидан бир кўринишни қандай тасвирлайдилар: «Зайд ибн Ҳориса Мадинага келди. Росулуллоҳ (с.а.в) менинг уйимда эдилар. Зайд эшикни тақиллатди. Росулуллоҳ (с.а.в) эса яланғоч, фақат тиззаси билан киндиклари ораси тўсиқ эди. Йўл-йўлакай кийимларини шошиб кийиб бориб эшикни очиб Зайдни қучоқладилар, уни ўпдилар. Аллоҳга қасамки, Росулуллоҳ (с.а.в)ни ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам яланғоч ҳолда кўрмаганман». Пайғамбарнинг Зайдни яхши кўриши мусулмонлар орасида тарқалди. Ҳатто улар уни Зайдул ҳубби, суюкли Зайд, деб атадилар, унга Росулуллоҳ (с.а.в)нинг суюклиги, деб лақаб қўйдилар. Ундан кейин унинг ўғли Усомага Росулуллоҳ (с.а.в)нинг суюклиси, у зотнинг суюклисининг ўғли, деб атадилар. Ҳижратнинг саккизинчи йилида ҳикмати буюк Аллоҳ Ўзининг ҳабиби Муҳаммад (с.а.в)ни ҳабибидан ажратиш билан синади. Росулуллоҳ (с.а.в) Ҳорис ибн Умайр Аздийни Басра подшоҳига Исломга даҳват қилган мактуб билан юборди. Ҳорис Урдуннинг шарқида Мўҳта деган жойга етганида Шураҳбил ибн Амр ғассона амирларидан бири унинг йўлини тўсиб, ушлаб олади, арқонга боғлайди ва ўлдиради. Бу Ҳодиса Росулуллоҳ (с.а.в)га қаттиқ таҳсир қилади, чунки ҳеч қачон элчилари ўлдирилмаган эди. Мўҳта ғазотига уч мингта аскарни тайёрлайдилар ва унга суюклиси Зайд ибн Ҳорисани амир қиладилар ва айтадилар: «Агар Зайд мусибатланса, унинг ўрнига Жаҳфар ибн Абу Толиб етакчи бўлади, агар Жаҳфар мусибатланса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, агар у мусибатланса, мусулмонлар ўзларига бирортасини бошлиқ этсинлар». Аскар йўлга чиқиб Урдундаги Маон деган жойга келганида Рум подшоҳи Хирақл ғассонларни мудофаа қилиш учун юз минг аскар билан йўлга чиқади, уларга мушриклардан яна юз мингги қўшилади. Ушбу кўп сонли армия мусулмонлар тушган жойнинг яқинига келиб тушади. Мусулмонар Маонда икки кеча кундуз нима қилиш ҳақида маслаҳатлашадилар. Бироқ Росулуллоҳ (с.а.в)га мактуб юбориб, душманимизнинг ададини билдирамиз ва у зотнинг амрини кутамиз, деди. Бошқа бирови «эй қавм, биз ададимиз кучимиз ёки кўплигимиз билан курашмаймиз. Биз ушбу дин билан курашамиз. Нима деб чиққан бўлсак, шунинг учун борайлик. Аллоҳ Таоло бизларга икки чиройли ишдан бирини таҳминлаб қўйган: ё ғалаба ё шаҳодат, деди. Шундан сўнг Мўҳта ёнида икки томон тўқнашди. Мусулмонлар шу қадар жасорат билан урушдиларки, улар душманларни ҳайратга солдилар, уч минг аскар билан икки юз мингга етган аскарларга қарши чиқиб уларнинг дилларида қўрқув уйғотдилар. Зайд ибн Ҳориса Росулуллоҳ (с.а.в)нинг байроғини кўтариб, уни ҳимоя қилиб, шунақанги қаттиқ курашадики, тарих ҳали бунақа баҳодирликни кўрмаган эди.  Охири унинг жасадидан юзлаган найзалар ўрин топди, қонига беланиб ерга қулади. Кейин ундан байроқни Жаҳфар ибн Абу Толиб олди. У ҳам байроқни аҳло даражада ҳимоя қилди, охири у ҳам қулади. Ундан байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа олди, у ҳам мардонавор ҳимоя қилди, охири у ҳам йиқилди. Шундан сўнг мусулмонлар ўзларига Холид ибн Валидни амир этиб сайладилар. У ўша пайтда энди Исломга кирган эди. Холид армияни ортга чекинтирди ва уни батамом қирилиб кетишидан сақлаб қолди.

Мўҳта жанггининг хабари ва унда мардонавор курашган учта етакчисининг ўлими Росулуллоҳ (с.а.в)га етиб келди. Росулуллоҳ (с.а.в) уларга шу қадар қайғурдиларки, авваллари ҳеч бу ҳолга тушмаган эдилар. Уларнинг аҳли аёлларига таъзия билдириб, уйларига кириб чиқдилар. Зайд ибн Ҳорисанинг уйига етганида унинг жажжигина қизчаси чиқиб, Росулуллоҳ (с.а.в)га ёпишиб олди ва бирдан йиғлаб юборди. Росулуллоҳ (с.а.в) ҳам ҳўнграб йиғлаб юбордилар. Шунда Саъд ибн Убода: бу нимаси, ё Росулаллоҳ (с.а.в) деб ажабланди. Росулуллоҳ (с.а.в) унга

«هَذَا بُكَاءُ الْحَبِيبِ عَلَى حَبِيبِهِ»

«Бу суйган одамнинг суйган одамига йиғлаши», деб жавоб бердилар.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here