АҚШ конгрессининг вакиллар палатаси 2016 молиявий йилда НАТО учун қўшимча маблағ ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Қонун лойиҳасига кўра президент томонидан 2015 молиявий йилда сўралган суммадан кўпроқ 150 млн доллар ажратилиши кўзда тутилмоқда. Унда ушбу маблағлар ҳарбий қисмларни тайёрлаш ва тинчликни қўллаб қувватлашдаги инфраструктура объектларини қуришга йўналтирилади.
Ҳужжат муаллифлари унинг Россия томонидан хавфга қарши, шунингдек Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан бўладиган хатарларга қарши курашиш учун йўналтирилишини таъкидлаган.
Туркистон:
Россия томонидан Қримни аннексия қилиниши ортидан АҚШ бир томондан НАТОга аъзо Европа давлатларини рус босқинидан ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш баҳонаси билан имкон қадар Россиянинг тумшуғи остига келиб олишга ҳаракат қилаётган бўлса, иккинчи томондан НАТОнинг Шарққа томон кенгайтиришга интилмоқда. 2014 йилнинг 16 май куни Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқа ва ўзаро ҳамкорлик бўйича НАТО бюроси расман очилди. Бундан ташқари НАТО кучлари Қозоғистон ҳарбийлари билан қўшма ҳарбий машғулотларни бошлаб юборди. БУндай ҳарбий машғулотларнинг биринчи босқичи 3 апрел, жума куни”«Чўл бургути — 2015” номи остида ўтказилган бўлса, иккинчи босқичи июн ойида ўтказилиши режалаштирилган.
Бу ишлар эса ўз навбатида Россия учун исталмаган ҳолат бўлиб, президент Путин НАТОнинг ўз таъсир майдонини Шарққа томон кенгайтирмаслиги ҳақидаги аввал берган ваъдаларини бажармаётганликда айблаган ва “Биз НАТО инфратузилмасини борган сари Россия чегараларига яқинлашаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бунда Россиянинг манфаатлари ҳисобга олинмаяпти”, – деган эди.