Банк тузоғи орқали авторитар назорат ўрнатиш
Сўнгги йилларда банк соҳаси ва электрон тўлов технологиялари соҳаси чуқур ўзгаришлар майдонига айланди. Бу ўзгариш фуқаро ва давлат ўртасидаги мувозанатни ўзгартирмоқда. Хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олиш, солиқларни оптималлаштириш ва молиявий шаффофликни ошириш сифатида кўрсатилган ташаббуслар аҳолини босқичма-босқич тўлақонли назорат қилиш инфратузилмасига айланиб бормоқда.
Қозоғистонда Молия вазирлиги жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ва кредитлари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш мажбуриятини банкларга юклашни таклиф қилмоқда. Расмий равишда бу умумий декларация тизими доирасида солиқ тенглигини ўрнатиш баҳонасида амалга оширилмоқда. Бироқ, амалда, бу фуқароларнинг молиявий фаолиятини уларнинг розилигисиз узоқдан, марказлаштирилган назорат қилиш ҳисобланади. Бу билан мулкий харажатлар, маблағлар айланиши ва ҳисобдаги қолган маблағлар назорат остига олинади. Бу нафақат бухгалтерия назорати, балки халқнинг юриш-туришини ва турмуш даражасини назорат остига олишдир.
Бу тенденция тамоман авторитар бошқарув стратегиясига мос келади. Фуқаролар ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ молиявий оқимлар шунчаки солиқ базасини яратиш учун қилингани йўқ. Улар маъмурий босим ва сиёсий тартиб учун қамчи ҳисобланади. Капиталистик бошқарув тизимида фуқаронинг ҳамёнини назорат қилган тараф, унинг ҳаётини ҳам назорат қилади.
Назоратнинг рақамли тармоғи бўлган банк тизими янги авторитар тузум қуришнинг ажралмас қисмига айланмоқда. У “юмшоқ” ва замонавий технологиялардан фойдаланади ва айни пайтда фуқаронинг шахсий ҳаётини назорат қилиш учун ажойиб услуб вазифасини ўтайди. Бундан ташқари, турли солиқ енгилликлари, амнистиялар ва имтиёзлар аҳамиятга эга бўлмай қолади. Бу эса “Буларнинг барчаси фуқаролар манфаати учун”, деб ишонтиришга қаратилган мураккаб тузумнинг бир қисмидир. Аммо бунинг ортида кўзга кўринмас рақамли Левиафан ўсиб келаётганини кўпчилик пайқамаслиги мумкин.
Маълумот учун: Левиафан – XVII асрда Томас Гоббснинг фалсафий асарида пайдо бўлган метафорадир. Унинг машҳур “Левиафан” асарида (1651) бу сўз давлатни сунъий, гўё ҳамма нарсага қодир, тартибни сақлаш учун яратилган лекин шахс устидан улкан кучга эга бўлган тана сифатида тасвирланади. Кейинчалик “Левиафан” тушунчаси давлатнинг жуда кўп нарсаларни: ҳаёт, фикр, молия, сўз эркинлиги, шахсий махфийликни назорат қилиш рамзига айланди. Бугунги шароитда, айниқса рақамли кузатув ҳақида гап кетар экан, “рақамли Левиафан” – бу фуқароларнинг солиқларидан тортиб то харидларигача, кредитларидан тортиб босган-тусганигача маълумотларга эга бўлган давлатдир. У бу маълумотлардан нафақат тартиб учун, балки назорат қилиш ва манипуляция қилиш учун ҳам фойдаланади.
Абду Шукур