Америка юлдузининг сўниши ва Халифалик ғоясининг юксалиши

18
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Америка юлдузининг сўниши ва Халифалик ғоясининг юксалиши

Адвокат устоз Ҳотам Жаъфар

Американинг 47-президенти Доналд Трамп ҳокимиятга келган пайтда, ички ва ташқи жиҳатдан оғир инқирозларни мерос қилиб олди. Америка дуч келган энг катта муаммолардан бири – унинг халқаро майдондаги нуфузининг пасайиши эди. Бироқ қайсар, ўзига ишонган ва можароларда маҳоратли бўлган Трамп умидсизликка тушмади. У ҳатто рақибларини қўрқитиб, ўзини партия етакчиси сифатида намоён қилди.

Ҳозирда Трамп иккинчи марта Оқ уйга қайтди. У бу сафар демократик номзод Камала Харрис устидан йирик ғалаба қозонган ҳолда қайтди. Шунингдек, капиталистик йирик компанияларнинг икки қаноти – нефть, қурол-яроғ ва темирйўл корпорацияларида ўз аксини топган анъанавий капиталистик қанот ҳамда Республикачилар партиясининг асосий таянчларидан бири бўлган қанот – томонидан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Трамп тарафдорларига қўшилишдан аввал Камала Харрисни қўллаб-қувватлаган Силикон водийсидаги Meta, Apple, Amazon ва бошқа технологик гигант компаниялар ҳам Трампни қўллаб-қувватлашди. Бу компанияларнинг аксари унинг инаугурация маросимига ҳар бири миллион доллардан хайрия қилди.

Бу сафар Трамп АҚШга асос солинганидан бери мавжуд бўлган ва 1950-йилларда ўз таъсирини мустаҳкамлаган ўнгчи консерваторларнинг сиёсий ғоялари ва режалари билан ҳокимиятга келди. Ушбу ҳаракат оқ протестант эркаклар ҳокимиятини ва оилавий қадриятларга қайтишни қўллаб-қувватлайди. Унинг энг машҳур вакилларидан бири собиқ президент Роналд Рейган ҳисобланади.

Америка ҳукмдорларининг яна бир муҳим хусусияти – афзалликларни тезда ўзгартиришдир. Бу ҳолат таҳлил ва эксперт марказлари томонидан олиб бориладиган тадқиқотлар асосида янгиланиб туради. Шу боис, Трампнинг ҳозирги президентлик муддатидаги сиёсий йўналиши 1973 йилда ташкил этилган ва йиллик бюджети тахминан 80 миллион доллар атрофида бўлган Мерос фонди (Heritage Foundation)нинг таъсири остида шаклланмоқда. Ушбу фонд ўнгчи консерватив фикрнинг энг таъсирли марказларидан бири ҳисобланади. Фонднинг ташкил этилиши либерал таҳлил марказлари, жумладан Брукингс институтининг пайдо бўлишига жавоб сифатида юз берган. Мерос фондининг тадқиқотлари 1980-йилларда Рейганнинг совуқ урушдаги ғалабасида муҳим роль ўйнаган.

Трампнинг ҳозирги сиёсати 2023 йилда консерватив Мерос фонди томонидан нашр этилган «Президентлик даврига ўтиш лойиҳаси – 2025» номли таҳлил тадқиқотига асосланади. Ушбу лойиҳанинг режалари «Раҳбарлик мандати: консерваторларнинг ваъдаси» номли сиёсий тавсиялар китобида баён қилинган.

Ушбу лойиҳага тайёргарлик кўриш учун 22 миллион доллар сарфланган бўлиб, ҳозирда у Трампнинг амалий сиёсати сифатида амалга оширилмоқда. Лойиҳа қуйидаги асосий мақсадларни кўзлаган: чуқур давлатни йўқ қилиш, ҳокимиятни халққа қайтариш, Америка сиёсий бўлинишини ўнг консерватив лагер фойдасига ҳал этиш, давлат ичидаги ички муаммоларни бартараф этиш ва 36,2 триллион долларга етган федерал қарз муаммосини ҳал қилиш. Ташқи сиёсат соҳасида эса, лойиҳа АҚШнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган.

Умуман олганда, Трампнинг ташқи сиёсати харажатларни қисқартириш, шантаж ва бўйсундиришга асосланган.

Мусулмон юртлар масаласига келсак, Трамп сиёсати Исломга, хусусан, унинг давлатда амалга ошириш шакли бўлган Халифаликнинг қайта тикланишига қарши курашишдан иборатдир. Шунинг учун АҚШ бизнинг юртларда ўзининг энг илғор ҳарбий базаси – яъни яҳудий вужудини – сақлаб қолишни устувор мақсад қилиб белгилаган.

Трамп услуб ва воситалар масаласида қаттиқ куч ҳамда уни қўллаш билан таҳдид қилишга таянмоқда. У юмшоқ кучни мутлақо инкор этади, ҳолбуки, кўп ҳолларда юмшоқ куч анча ҳалокатли таъсир кўрсатади. Шу боис, у Ғазода барчанинг кўз ўнгида геноцид амалга оширмоқда, аҳолисини сиқиб чиқариш мақсадида ўзининг қуроли – яҳудий вужудидан фойдаланмоқда ва мусулмонлар ҳис-туйғулари ҳамда бутун дунёдаги эркин инсонлар норозилигини мутлақо инобатга олмаяпти. Бундан ташқари, у ўз самолётларидан Эрон объектларига зарба беришда фойдаланиб, халқаро ҳуқуқни ҳам, АҚШнинг ўзи ғалаба учун тузган ташкилотларини ҳам бутунлай четга сурмоқда. Аслида, бу ташкилотлар АҚШ гегемонлигини дунёга мажбурий қабул қилдириш мақсадида ташкил этилган эди.

Трамп, шунингдек, минтақадаги янада кўпроқ давлатларни яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштириш учун «Иброҳим келишувлари»га киритишга интилмоқда. Яҳудий вужудини эса хиёнаткор малай давлатчалар ҳукмдорлари учун «катта оға» қилиб тайинлашни истаяпти. Масалан, «Аль-Арабия» телеканали Трампнинг қуйидаги сўзларини иқтибос қилиб келтирди: «Кўплаб давлатлар «Иброҳим келишувлари»га қўшилишни истайди, аммо Эрон бунга тўсиқ бўлди». Албатта, қувват ҳисси ва дунё ҳукмдорларининг ўз кўрсатмаларига бўйсунишидан маст бўлган Трамп икки нарсани англамаяпти:

Биринчи: Америка ва унинг ички сиёсатига оид ҳақиқатлар

Америка аллақачон таназзул йўлига кириб, унда катта масофани босиб ўтди. Трамп олиб бораётган сиёсат эса – илгари сурилган «Американи қайтадан буюк қиламиз» шиори орқали мамлакатни янада «қудратли» қилишга қаратилган бўлиб, бу аслида заиф стратегиядир. Бироқ Америка жамияти бугун давлат ва сиёсий манфаатлар учун курашаётган «чуқур давлат» тузилмалари ўртасидаги тўқнашувлардан, шунингдек, оқ танлилар ва ранглилар ўртасидаги ирқий низолар каби чуқур ички ихтилофлардан азият чекмоқда. Энг муҳими, Трампнинг сиёсати ушбу ихтилофларни янада кучайтирмоқда. Чунки у ўнгчи консерватив оқим идеологиясига асосланиб, ҳокимиятни оқ ирқ вакилларига қайтаришга интилмоқда. Бу ҳолатлар жамият ва давлат заифлашишининг очиқ ва яққол белгиларидир.

Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа империяларининг мустамлакачилигидан қутулган давлат сифатида ўзини эркинлик ва юксак қадриятлар манбаи деб кўрсатишга уринган Америка, бугунги кунда фош бўлди. Жаҳон халқлари аниқ англаб етдиларки, Америка асосий мустамлакачи давлат ва мутлақ ёвузлик империяси бўлиб, ҳеч қандай ахлоқий мезонларга эга эмас. У, бир пайтлар дунёни бефарқлик билан вайрон қилган мўғуллардан фарқ қилмайди. Шу тариқа, Америка дунёга етакчилик қилиш қудратидан маҳрум бўлиб, буни фақат ўзининг зўравон кучига таянган ҳолда амалга оширмоқда.

Иккинчи: Ислом ва мусулмонларга оид ҳақиқатлар

Ислом – бу Ҳаким ва ҳамма нарсадан хабардор Зот томонидан инсоннинг дунёвий ҳаётини ислоҳ қилиш учун нозил қилинган ҳақ диндир. Ҳақиқатан ҳам, мусулмон ўз Парвардигори ва хожаси бўлган Аллоҳнинг бандасидир. Аллоҳ – қудратли, ғолиб, мулк ва ҳукмронлик эгаси бўлиб, Унинг улуғлиги олдида барча мавжудот итоат қилади. Аллоҳ ўз мўмин бандаларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ёрдам беради:

﴿إِنَّا لَنَنصُرُ رُسُلَنَا وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَيَوۡمَ يَقُومُ ٱلۡأَشۡهَٰدُ﴾

«Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз»                                                                                     [Ғофир 51]

Ягона ва абадий Парвардигорга хизмат қилишда олий мақомга эришган, Аллоҳга таянадиган, ёрдам ва қувватни фақат Ундан оладиган мусулмон Америка қуввати ва унинг сохта улуғлигига эътибор бермайди. Бунинг энг яққол исботи эса тарихнинг ўзидир.

Сўнгги ўнлаб йиллар давомида Умматни вайрон қилиб, уни парчалаган ва ҳануз парчалашда давом этаётган оғир воқеалар мусулмонларда янги тафаккурни уйғотди. Бу воқеалар уларни ўзларининг шонли ўтмишларига ва аччиқ ҳозирларига назар ташлашга мажбур қилди. Натижада, мусулмонлар Умар розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларидаги ҳақиқатни янада чуқур англадилар: «Биз – Аллоҳ Ислом орқали азиз қилган халқмиз. Агар улуғликни бошқа бир нарсадан изласак, Аллоҳ бизни хор қилади».

Мусулмонлар англаб етдиларки, бу дин фақат пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатида чинакам тирик динга айланиб, уларнинг барча инқироз ва муаммоларини ҳал этади. Шу боис, Халифалик ғояси мусулмон юртларда холис инсонлар саъй-ҳаракатлари билан жамоатчилик фикрига айлангунига қадар изчил юксалмоқда ва мустаҳкамланмоқда. Ҳатто қулаб бораётган Америка бошчилигидаги кофир мустамлакачи давлатларнинг ҳам Халифалик ғоясининг юксалишига тўсқинлик қилишдан бошқа йўли қолмади. Бироқ, уларнинг бу уринишлари бефойда! Чунки бу ғоя мусулмонлар қалбида илдиз отган ҳамда пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлатини барпо этиш лойиҳасини кўтариб чиқаётган садоқатли ва холис кишилар онгида мустаҳкам шаклланган. Бу ғоя унинг қайта барпо бўлиши муқаррарлигини, Ғазо ва бошқа Ислом юртларида зулм остида қолган мусулмонларни – аёллар, болалар ва қарияларни – қўллаб-қувватлаш зарурлигини, мусулмонларнинг барча муаммолари исломий тузум йўқлиги сабабли келиб чиққанини, Умматни бирлаштириш зарурлигини ва мусулмон ҳукмдорларининг хиёнаткорона ролини, улар Умматни бошқа халқлар орасида ҳақоратли ва паст ҳолатга солиб қўйганини очиқ-ойдин кўрсатади. Шунингдек, бу ғоя мусулмонлар бойликларининг таланишига ҳам гувоҳлик беради. Ҳолбуки, улар Ғазода ва Дарфур четларида очликдан ҳалок бўлмоқда… Мана шунинг барчаси Халифаликнинг қайта барпо бўлишини муқаррар ишга айлантириб, Халифалик ғоясининг қайта жонланиш сабабини очиқ-ойдин кўрсатмоқда. Зеро, бу ғоя тирик ва амалий ақидадан балқиб чиққан бўлиб, Аллоҳ Ўзининг оятида

﴿كُنتُمۡ خَيۡرَ أُمَّةٍ أُخۡرِجَتۡ لِلنَّاسِ تَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَتَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَتُؤۡمِنُونَ بِٱللَّهِۗ﴾

«(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз»

                                                                                           [Оли Имрон 110]

дея сифатлаганидек, уни одамлар учун чиқарилган энг яхши Уммат кўтариб чиқмоқда.

Роя газетасининг 2025 йил 23 июл, чоршанба кунги 557-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here