Қирғизистонда автомобиллар мажбурий техник кўрикдан ўтказилади

104
0

Қирғизистонда автомобиллар мажбурий техник кўрикдан ўтказилади

Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги автомобилларни мажбурий техник кўрикдан ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси 1 август куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, йил бошидан буён 1 миллион 600 минг 691та автомобил рўйхатга олинган. Заводдан чиққанига беш йилдан ошган автомобиллар мажбурий техник кўрикдан ўтказилади. Техник кўрикдан ўтиши керак бўлган автомобилларнинг умумий сони 1 миллион 259 минг 849тадир. Қирғизистонда 2012 йилдан бошлаб автомобилларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш талаби бекор қилинган эди.

Бундан аввал Бишкек ҳокимлиги бошқа вилоятларда ва хорижда рўйхатдан ўтган автомобилларнинг Бишкек шаҳрига киришидан ҳамда шаҳарда ижарага берилган электроскутер каби транспорт воситаларидан пул ундиришни таклиф қилган эди. Масалан, шаҳардан бошқа ҳудудларда рўйхатдан ўтган автомобилларнинг Бишкек шаҳрига кириши учун енгил машиналардан 50 сом, хорижликлардан эса 200 сом ундириш таклиф қилинган эди. Тўлов миқдори автомобилнинг ўриндиғи ва оғирлигига қараб ошиб бораверади.

Бундан ташқари, Бишкек ҳокимлиги Ўш ва Бишкек шаҳарларида “автомобилларни кўчага жадвал (график) билан чиқариш” лойиҳасини ҳам таклиф қилиб, жадвални бузган жисмоний шахсларни 1000 сом, юридик шахслар эса 5000 сом миқдорида жаримага тортишни режалаштирмоқда.

Демак кўриниб турибдики, Қирғизистон ҳукумати солиқ ва тўловларни кўпайтириш орқали халқнинг елкасига оғир юклар юкламоқда. Бундан аввал Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси йўл ҳаракати қоидаларини бузганларни аниқлаш учун дронлардан фойдаланишни бошлаган эди. 8 мартдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга нисбатан жазо кучайтирилган. Ҳар бир қоидабузарлик учун жарималар деярли икки баравар оширилди. Масалан, тезлик белгиланган нормадан, яъни 60 километр\соатдан ошса, аввалги 7500 сом ўрнига 15 минг сом белгиланди.

Бундан ташқари, сўнгги бир йил ичида электр энергияси нархини 11 фоизга, иситиш ва иссиқ сув нархини уч баробарга оширди. Эндиликда савдогарларга назорат касса аппаратини ўрнатиш орқали бюджетнинг деярли ярмини ташкил этувчи ҚҚС солиғини оширишни кўзламоқда. Бу солиқлар халқ томонидан сотиб олинаётган асосий товарлар нархининг ошишига сабаб бўлади. Шундоқ ҳам, йиллик инфляция 11 фоиздан ошиб, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашаётган бир пайтда, оддий халқнинг юки тобора оғирлашиб бормоқда.

Бунинг муқобилида, бир ҳовуч капиталистларнинг бойлиги ҳам ортиб боряпти. Масалан, 2022 йилда Қирғизистондаги судхўр банкларнинг даромади 5 баробарга ошиб, 23,7 миллиард сомни ташкил қилган бўлса, ўтган йили банк тармоғининг даромади 24,1 миллиард сомга етди.  Мана шундан кўриниб турибдики, Қирғизистон ҳукумати капиталистик иқтисодий тузумни татбиқ қилиш орқали, оддий халқдан йиғилган маблағларни капиталистлар қўлига тўпланиши учун шароит яратиб бермоқда. Ўз навбатида, бу капитал эгалари сайловларда амалдаги амалдорларнинг яна ҳокимиятда қолишига ёрдам беради. Бундай вазият нафақат Қирғизистонда, балки капитализм ҳукм сураётган АҚШ, Европа ва Россияда ҳам ҳукм сурмоқда. Ушбу мамлакатларда ҳам йирик капиталистлар ўз фаолиятини амалга оширишда ҳукумат томонидан яратилган шароит ва монополиядан фойдаланишади.

Аммо Исломий тузумда давлат ўз ишларини юритиш учун солиқ солишга эҳтиёж сезмайди. Зеро, у ўз фаолиятини амалга ошириш учун ер ва кўчмас мулк каби давлат мулкларидан фойдаланади. Халқнинг умумий манфаатлари билан боғлиқ эҳтиёжлар учун омма мулки ҳисобланган умумий мулкдан сарфланади. Масалан, мактаблар, университетлар, шифохоналар, йўллар, аэропортлар қурилиши умумий халқ манфаати учун бўлиб, буларга умумий мулкдан сарфланади. Яъни, олтин, нефт, газ, темир, уран каби табиий бойликлардан олинган фойдалар шу соҳаларга сарфланади.

Қолаверса, Ислом бойликнинг бир ҳовуч одамларнинг қўлида тўпланишига йўл қўймайди. Шу билан бирга, камбағал ва муҳтож одамлар ҳам солиқ тўлаб, қийин аҳволда қолмайди. Балки даромади маълум миқдорга етган кишилардангина закот олинади. Мусулмонлар Закотни ибодат сифатида мамнуният билан беришади. Закотдан йиғилган мол-мулклар байтулмолдаги бошқа мол-мулкка аралаштирилмайди, алоҳида сақланиб, Аллоҳ Таоло “Тавба” сурасида айтган саккиз тоифа кишига тақсимланади. Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنْ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

“Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”. (Тавба: 60).

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here