Қирғизистонда диний номга эга компаниялар фаолияти тақиқланади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров фирма ва компанияларнинг номлари тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу қонун Жогорку Кенеш томонидан жорий йилнинг 27 июнида қабул қилинган эди. Расмий баёнотга кўра, қонундан кўзланган мақсад юридик ташкилотлар номини ҳуқуқий асосда тартибга солиш ва уларга диний сўзлар, атамалар ва белгилар билан ном беришни тақиқлашдан иборатдир. Вазирлар Маҳкамаси диний сўзлар, атамалар ва белгилар рўйхатини ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилаб беради.
Ушбу қонун лойиҳаси депутат Марлен Маматалиев тарафидан таклиф қилинди. Унинг сўзларига кўра, молиявий пирамидалар диний атамаларни қўллаш орқали компаниянинг ҳақиқий ҳолати ва ишончлилигини яширади. У ҳозирда устидан жиноий иш очилган 14 турар-жой кооперативини мисол қилиб келтирди.
Депутатнинг ташаббуси тез бойиб кетмоқчи бўлган айрим содда мусулмонларнинг ҳуқуқларини Исломий номлардан фойдаланаётган фирибгар ширкатлардан ҳимоя қилишга қаратилганлиги айтилаётган бўлса-да, бу масала чуқур кўриб чиқилмагани кўриниб турибди. Зеро, бундай қонунлар муаммога мантиқий ёндашишдан йироқ бўлиб, фирибгарлик муаммосини ҳал қила олмаслигидан ташқари, тадбиркорлик билан шуғулланувчи мусулмонларнинг обрўсига ҳам путур етказади.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси анъанавий сўзлар билан диний сўзлар фарқини қандай ажратиши аниқ эмас. Шунингдек диний атамалар деганда қайси сўзлар эътиборга олиниши ҳам аниқ эмас. Контекстга назар ташлайдиган бўлсак, диний деганда, Исломий атамалар айтилганлигини кўриш мумкин.
Хусусан, қирғиз тилига диний атама ва сўзлар илгаридан аралашиб кетгани сабабли, жамоатчилик қайси сўз диний, қайси сўз адабий эканлигини ажрата олмаслиги аниқ. Демак, бу мантиқ билан нафақат Исломий номлардан фойдаланаётган компаниялар, балки диндор тадбиркорлар томонидан бошқарилаётган компаниялар ҳам ёпилиши мумкин.
Ислом ва унинг вакиллари ҳақиқатда жамият ишончига кирган. Бу иқтисодий фаолиятда, жамоаларга ёки сиёсий партияларга боғлиқ бўлиш-бўлмаслиги муҳим эмас. Бинобарин, айрим кишилар жамиятнинг бу ишончидан фойдаланиб, ўзларининг ёвуз мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқариб келмоқдалар. Шунинг учун капиталистик ширкатлар ўз бойликларини кўпайтириш учун Исломий номлардан фойдаланишдан уялмайдилар. Мусулмонлар ўз шариатларига амал қилганлги сабабли судхўр банклар ҳам мижозларни йўқотишдан қўрқиб, ўз номларига диний тус беришади. Масалан, Ислом банкига қарши ҳукуматнинг қандайдир бир чора кўришини тасаввур қилиш қийин. Агар расмийлар ҳақиқатдан ҳам муаммони ҳал қилишни истаса, ширкатлар номи билан ўралашмай, халқни товлаб, талон-тарож қилаётган банклар ва ширкатларни ёпиши керак бўлади. Зеро, бундай товламачилар диний ном ишлатмаса ҳам, ўз найранглари билан халқни талон-тарож қилаётганига ҳеч шубҳа йўқ.
Ҳужат Жамия