“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасига Хитой эгалик қилади
Қирғизистон Жогорку Кенеши 19 июн кунги йиғилишида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тўғрисидаги уч давлат ҳукуматлари томонидан имзоланган битимни дарҳол уч ўқишда қабул қилди.
Транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Ирисбек Бариевнинг сўзларига кўра, темир йўл Торугартдан кириб, Макмал орқали Жалолободга боради, сўнгра Ўзбекистонга ўтади.
Темир йўл лойиҳасининг қиймати 4 миллиард 700 миллион долларга баҳоланган. Лойиҳани амалга ошириш учун уч давлат ўртасида лойиҳа тузувчи компания ташкил этилади. Лойиҳани амалга ошириш учун Хитой мазкур компанияга 2 миллиард 332 миллион доллар кредит беради. Қолган 1 миллиард 187 миллион доллари Пекин, Бишкек ва Тошкент зиммасига 573 миллион доллардан тушади. Хитойнинг компаниядаги улуши 51 фоизни, ташкил этади. Қолган 49 фоизи Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 24,5 фоиздан тақсимланади. Харажатлар қоплагандан кейин Темир йўл Қирғизистонга ўтади. Унинг дастлабки муддати 31 йил қилиб белгиланган. Темир йўл қурилишига Хитойнинг “China Railway International” компанияси, Қирғизистоннинг “Қирғиз темир йўли” давлат корхонаси ва Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти масъул бўлади.
Темир йўлнинг умумий узунлиги 480 километр бўлиб, унинг 311 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Мамлакатда 18 та станция, 81 та кўприк, 41 та туннел қурилади. Мақмалда темир йўл икки хил кенгликда қурилади ва у ерда юкларни қайта юклаш станцияси қурилади. Темир йўл ҳам юк, ҳам йўловчи ташиш вазифасини бажара олади. Темир йўл қурилиши жорий йилнинг август ойида бошланиши айтилмоқда.
Депутат Ўрмоновнинг айтишича, мазкур шартнома тафсилотлари қонун лойиҳасида кўрсатилмаган. Инвестицион келишув ҳукумат даражасида кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 20 йилдан бери муҳокама қилиб келинаётган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича уч томонлама ҳамкорлик Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2022 йил Самарқандда бўлиб ўтган саммитида имзоланган эди.
Изоҳ:
Темир йўл юк ташишда нархи арзонлиги бўйича дунёдаги энг муҳим стратегик йўналиш ҳисобланиб, сув транспортидан кейинги ўринда туради. Юқоридан маълум бўлишича, темир йўл қурилиши билан Хитойнинг минтақадаги таъсири, шубҳасиз, ортади. Шу пайтгача темир йўл лойиҳаси Россиянинг минтақадаги манфаатларига зид бўлгани учун амалга ошмай турган эди. Ҳозирда Украина ботқоғига ботиб қолган Россия Марказий Осиёдаги таъсирини Хитой билан бўлишишга мажбур. Хитой ушбу лойиҳа билан чекланиб қолмай, минтақадаги бошқа давлатлар билан савдо марказларини қуриш орқали иқтисодий экспансияни оширишга (яъни, янги ҳудудлар ва бозорларни эгаллаш ҳамда таъсир доирасини кенгайтиришга) ҳаракат қилмоқда.
Сўнгги ўн йил ичида Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик ўта фаол ривожланиб бормоқда. Мамлакатда Хитойнинг 300 дан ортиқ корхонаси, шунингдек, 200 га яқин Қирғизистон-Хитой қўшма корхоналари фаолият юритмоқда. Тоғ-кон саноати корхоналарининг 80 фоизи эса Хитой компанияларига тегишли. Хитой компаниялари ўз фаолияти тўғрисида ҳеч қандай ҳисобот тақдим этмайди, шунинг учун улар қанча миқдорда кон қазиб олаётгани ёки мамлакатдан қанча бойлик олиб чиқиб кетаётгани маълум эмас. Ўтган ҳафта президент Садир Жапаров мамлакатдан олтин конлари ва рудаларини экспорт қилишга рухсат берувчи қарор қабул қилди. Бу эса, яна минерал ресурсларнинг беҳисоб чиқиб кетишига йўл очади.
Кўриниб турганидек, бир томондан Хитойдан қарзимиз ортиб бораётган бўлса, иккинчи томондан аксарияти Хитойга қарашли корхоналар ер ости бойликларимизни талон-тарож қилмоқда. Бундан ташқари кредит сифатида Хитойдан олинган қарзларнинг аксарияти яна Хитойга қайтиб кетади. Бунинг мисолини мамлакатимиздаги иккита йирик лойиҳада кўришимиз мумкин. Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш учун Хитой банкидан 386 миллион доллар, “Датка-Кемин” линиясини қуриш учун эса, 389 миллион доллар кредит олинди. Ушбу иккита йирик лойиҳа Хитойнинг ТВEА компанияси томонидан амалга оширилди. Бошқача айтганда, Хитойдан кредит олиб, ўзига қайтариб бердик, аммо қарз зиммамизда қолди.
Демак, юқорида тилга олинган темир йўл лойиҳаси Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг иқтисодий манфаатлари учун зарур бўлса, бунда Хитойнинг иқтисодий манфаатларига қўшимча равишда стратегик ва сиёсий манфаатлари ҳам бор. Аниқроғи, Хитой минтақа давлатларини экспансия қилиш орқали минерал ресурслар ва хомашёга эга бўлишни ҳамда ўз товарлари учун янги бозорлар очишни истайди.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатлари Россиянинг иқтисодий заифлашгани туфайли Хитой билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. Шундай экан, Хитойга қул бўлиб қолмаслик учун унинг иқтисодий, сақофий ва ҳарбий босқинчилигига қарши туришимиз лозим. Ҳокимиятдаги расмийларни ҳам халқнинг хоҳиш-истакларига бўйсундириш зарур. Шунингдек, Марказий Осиёдаги мусулмонлар Хитой босқинидан ва Россия ҳукмронлигидан қутулиш учун аввало бирлашиши керак. Бу бирлашиш миллатчилик, ватанпарварлик каби вақтинчалик тубан фикрлар асосида эмас, балки барча соҳалар учун асос бўладиган Исломий эътиқодга асосланиши керак. Фақат мана шу Исломга асосланган бошқарув тизими бизни мустамлакачилар зулмидан ҳимоя қилади ва жамиятимизнинг тинч ҳаёт кечиришини кафолатлайди.
Мумтоз Мавароуннаҳрий