Американинг Ғазо масаласидаги стратегияси ва урушни тўхтатишга уринишлари
8 июн куни Ғазонинг Нусайрат ҳудудида босқинчи яҳудийлар АҚШ билан биргаликда уюштирган “маҳбусларни озод қилиш” амалиёти муваффақиятсиз якунланди. Амалиёт давомида 4 нафар америкалик маҳбус ўлдирилди ва 4 нафари озод этилди. Аммо босқинчиларнинг қочқинлар лагерига уюштирган ҳужуми натижасида 274 фаластинлик ҳалок бўлди ва 600дан ортиқ киши эса тан жароҳати олди.
ХАМАСнинг сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания Нусайратдаги ҳужум ўт очишни тўхтатиш келишувига жиддий зарар етказганини ва бу ҳужум учун АҚШ ҳеч бўлмаганда (Исроил)дек жавобгар эканлигини билдирди.
Ушбу муваффақиятсиз амалиётдан сўнг, (Исроил) ҳукуматининг ҳарбий кабинетидаги уч кишидан бири Бенни Ганц истеъфога чиқишини эълон қилди. У бош вазир Бенямин Нетаняхунинг уруш олиб бориш ҳаракатларини танқид қилиб, қайта сайлов ўтказишни талаб қилди. Кўп ўтмай, собиқ хавфсизлик вазири Айзенкот ва (Исроил) армиясининг Ғазо сектори бўйича қўмондони генерал Ави Розенфельд истеъфо бериб, меҳнат таътилига чиққанлиги маълум қилинди.
Айни пайтда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ғазо масаласини муҳокама қилиш учун 10 июн куни Миср ва (Исроил)га саккизинчи муваффақиятсиз сафарини бошлади. Блинкен 31 май куни президент Жо Байден таклиф қилган сулҳ битимини амалга оширишга ҳаракат қилишни режалаштирмоқда.
Байденнинг ташаббуси май ойининг охирида таклиф қилинган эди. Унинг биринчи босқичида (Исроил) қамоқхоналаридаги фаластинликлар ва ҲАМАС томонидан гаровга олинган яҳудийларнинг алмашинуви ва вақтинчалик оташкесим назарда тутилган.
Иккинчи босқичда барча гаровга олинганларни озод қилиш, тўлиқ ўт очишни тўхтатиш ва Ғазодан барча яҳудий кучларини олиб чиқиш таклифи ўртага ташланган. Охирги босқичда эса, Ғазони қайта тиклаш бўйича халқаро режа ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Изоҳ:
Америка Иккинчи жаҳон урушидан бери ўзининг дунё етакчиси мавқеини сақлаб қолиш учун қўлидан келганини аямаяпти. Дунёнинг қайси қисмида бўлмасин, амалга ошираётган лойиҳаларида унинг шахсий манфаатлари биринчи ўринда туради. Фаластин масаласида (Исроил) ҳукуматининг манфаатлари АҚШнинг манфаатлари билан бир хил деган кўз-қарашнинг хатолиги намоён бўлмоқда. Айрим сиёсатчиларнинг (Исроил) Американинг сиёсатига таъсир ўтказиш қудратига эга деган фикри ҳам нотўғри эканлиги тасдиқланмоқда. Чунки яҳудий вужудининг Ғазодаги шафқатсиз қирғинлари Американинг сиёсий режаларида чалкашликларга сабаб бўлди. Яъни бу уруш Американинг Фаластиндаги “икки давлат” ечимига урилган сўнгги зарбалардан бири бўлди. Шу ўринда савол туғилади. Америка яҳудий вужудига қарши кўплаб босим қилиш воситаларига эга бўлишига қарамай, нега улардан фойдаланмаяпти?
Бунга жавоб шуки, АҚШ сиёсий майдонда “икки давлат” лойиҳасини амалга оширишга уринмоқда. Бироқ Американинг минтақада бошқа стратегик мақсадлари ҳам бор. Улардан бири Ислом Умматининг бирлашиб кетишини олдини олишдир. Зеро, бундай бирлашиш хоин ҳукмдорларнинг қулаши ва минтақанинг Америка ҳукмронлигидан чиқиб кетишини билдиради. Бу эса АҚШ учун ҳаёт-мамот масаласидир. Шу сабабли, яҳудий вужуди Американинг “икки давлат” лойиҳасига қарши бемалол ҳаракат қилмоқда. Бошқа томондан, Америка учун яҳудийларнинг урушда мағлубиятга учраши Ислом Умматининг ғалабасини англатади. Шунинг учун у яҳудий армиясининг шафқатсиз босқинига кўз юммоқда ҳамда “икки давлат” лойиҳасидан кўра муҳимроқ стратегияси учун ушбу лойиҳанинг тўхтаб туришига сукут сақламоқда. Чунки капиталистик давлатда манфаат биринчи ўринда туради ва муҳим стратегия учун камроқ фойда келтирадиган лойиҳалардан воз кечилади.
Хулоса қилиб айтганда, Россия ва Хитойни заифлаштиришни мақсад қилган Америка Фаластин масаласини тезроқ ҳал қилишдан манфаатдордир. Минтақадаги хоин раҳбарлар унинг манфаатларини рўёбга чиқариш учун 9 ойдан бери кечаю-кундуз ҳаракат қилмоқда. Улардан айримлари яҳудий ҳукуматини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаб, унинг хавфсизлигини таъминлаётган бўлса, баъзилари Нетаняху ҳукумати Америка чизган чизиқдан юриши учун популистик чақириқлар ва савдо алоқаларини тўхтатиб қўйиш билан босим ўтказмоқда.
Айни пайтда Америка бошчилигидаги мустамлакачилар Фаластин можаросини яҳудийлар ва мусулмонлар ўртасидаги муаммо эмас, балки яҳудийлар ва ҲАМАС ўртасидаги муаммога айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, улар қанча уринмасин, мусулмонлар Фаластин муаммоси ақидавий масала эканлигини аллақачон тушуниб етган.
Шундай экан Ислом Уммати ўзининг тақдирий масаласини ўзи ҳал қилиш учун ҳамда зулмат қоплаган мустамлакачилик сиёсатидан қутилиш учун ҳаракат қилмоғи даркор. Бунинг учун адолатсизлик кенг қулоч ёйган ер юзини Ислом нури билан ёритишга ҳаракат қилишлари лозим.
Туркистон