Қайта сайлов: демократияга ишонч қолмади

1141
0

Қайта сайлов: демократияга ишонч қолмади

28 апрель куни Қирғизистоннинг учта минтақаси – Ўш, Боткен ва Қора-Сувда бир мандатли сайлов округлари бўйича навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. Ушбу уч округдан сайланган собиқ депутатлар ўз мандатларини топширди. Бунга уларнинг божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов билан алоқаси сабаб бўлгани айтилмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, бир мандатли Ўш округидан Жогорку Кенеш депутати сайловига номзод Бекмурза Эргешов 43,80 фоиз (9698 киши) овоз тўплаб ғалаба қозонган. Қора-Сув округида 36,16 фоиз (7601 киши) овоз билан Илимбек Кубаничбеков ғалаба қозонди. Иккала округда ҳам сайловчилар сони 20 фоизга етмаган. Боткен округида эса, Бактияр Калпаев 40,97 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Бу вилоятда сайловчиларнинг 24,38 фоизи (27 396 киши) овоз берди.

Ўтган йили Ленин округи бўйича навбатдан ташқари сайловда 124 908 сайловчидан атиги 17 423 нафари (13,95%) овоз берган эди. Бу Қирғизистонда энг кам сайловчи иштирок этган сайловлардан бири бўлди. 2017 йилги президентлик сайловида сайловчиларнинг 56 фоизи иштирок этган бўлса, 2021 йилги президентлик сайловида атиги 39,75 фоиз сайловчи иштирок этган. 2020 йилги Жогорку Кенеш сайловига сайловчиларнинг 56,2 фоизи, 2021 йилда эса 34,93 фоизи иштирок этган. 2020 йилда 3,5 миллион сайловчи овоз берган бўлса, 2021 йилда сайловчилар сони 3 миллион 700 минг нафарга етди.

          Дарҳақиқат, сайловларда иштирок этаётган фуқаролар сони аҳолининг демократик тузумга бўлган ишончининг кўзгусидир. Аниқроғи, юқоридаги ҳолат Қирғизистондаги сайловчиларнинг асосий қисми сайловни бойкот қилганини кўрсатмоқда! Чунки халқ демократиядан ҳам, бир-биридан фарқ қилмайдиган ҳукуматлардан ҳам, фақат амалдорлар ва бойлар манфаатига хизмат қиладиган сайловлардан ҳам чарчади. Бунинг сабаби шундаки, Қирғизистон “мустақил” бўлганидан бери иқтидорни эгаллаган ҳукумат мамлакатни кучсизлантириш ва аҳолини қашшоқлаштиришдан бошқа иш қилмади. Сайлов ёки давлат тўнтариши йўли билан келган ҳокимлар бу жиҳатдан бир-биридан ҳеч фарқ қилмайди. Нафақат ҳар бир соҳа таназзулга юз тутди, балки коррупция, адолатсизлик ва ахлоқсизлик ҳам кенг тарқалди. Бунинг асосий сабаби, шубҳасизки, улар юритаётган демократик тузумдир. Чунки демократия фақат ёлғонлардан иборат. Масалан, демократия – бу халқ бошқаруви, дейишади. Уларга кўра, Халқ ўзини тўғридан-тўғри бошқара олмагани учун бир раҳбарни ўзларидан вакил сифатида сайлайди. Бироқ, амалда бунинг иложи йўқлигини кўриб турибмиз. Аниқроқ айтганда, сайлов пули борлар ва ҳукумат вакилларининг манфаатини кўзлаб ўтказилаётганини ҳамда қонунлар мана шу бир ҳовуч кимсалар манфаати учун ишлаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Шунингдек, улар яна “Демократия – бу эркинлик”, деб даъво қилишади. Аслида, бу халқни алдашдан бошқа нарса эмас. Зеро, озодлик қулнинг хўжайинидан озод бўлишини англатади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, озод инсон хоҳлаган пайтда хоҳлаган ишини қила олади. Бундай эркинлик жамиятда бўлиши мумкин эмас. Чунки жамиятда инсон қонун-қоидага бўйсунишга мажбурдир, қонунга бўйсунмаганлар эса жазоланади. Шунинг учун ҳам Ғарб мутафаккирлари демократияга “қонун рухсат берган чегаралар доирасида ҳоҳлаган нарсани қилиш ҳуқуқи”, дея янгича таъриф беришди. Бу таърифга кўра масалага қарайдиган бўлсак, тарихдаги барча жамиятлар қандайдир қонун асосида яшаб, қонун рухсат берган чегаралар доирасида ўзлари хоҳлаган нарсани қилганлар. Демак, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Фақат қонун доирасидаги эркинликлар кенгайди холос. Аниқроғи, ҳалол-ҳаромга қарамай еб-ичиш, хоҳлаган нарсасига сиғиниш, эркак-эркакка ва аёл-аёлга уйланиш, ҳатто ҳайвонларга ҳам уйланишга рухсат берилди. Коррупция, судхўрлик, ўғирлик билан яшашга имконият яратилди. Қадимги феодаллар ва қулдорлар сингари, бугунги кунда ҳам қонунларни озчиликдан иборат капиталистлар чиқарадиган бўлишди.

Демократик тузум тарафдорлари ҳам кўпчилик овоз ҳал қилувчи кучга эга эканлигини таъкидлайдилар. Бироқ Қирғизистонда бўлиб ўтган сайловлар бунинг қуруқ сафсата эканлигини исботлади. Агар улар айтганларидек, “кўпчилик”нинг фикри инобатга олинса, 60-70 фоиз сайловчилар қатнашмаган сайлов натижаси бекор қилиниши керак бўлар эди.

Шунингдек, улар “сайланган раҳбар барча аҳолининг етакчисидир”, дейишади. Бу ҳақиқатдан узоқдир. Зеро, демократик давлатда партиялар етакчи ва мухолиф партияларга бўлинади. Натижада жамият ҳам ҳукуматни қўллаб-қувватловчи ва унга қарши турувчи сифатида иккига бўлинади. Бундай вазиятда бир томоннинг талаби бажарилмаслиги табиий. Мисол учун, ЛГБТга қарши нутқи ва намоз ўқиши туфайли кўпчиликнинг овозини қўлга киритган номзодни олиб кўрайлик. У лавозимга киришиши биланоқ сайловчиларнинг ушбу йўналишдаги талабларини бажаришга, аниқроғи, ЛГБТ вакиллари фаолиятини тақиқловчи қонунларни амалга оширишга ҳаракат қилади. Бу билан жамиятнинг бир қисми бўлган озчиликни таъқиб қилишга тўғри келади. Аммо мамлакатимизда конституциянинг манбаи демократик тузум бўлгани сабабли жинсий эркинлик таъминланган. Натижада кўпчиликнинг талаблари қондирилмай қолаверади. Демек, кўриниб турибдики, мусулмонлар аста-секин сайловлар орқали ғалаба қозонади, деган фикр ёлғондан бошқа нарса эмас.

Мана шундай ҳийла-найранглардан ҳафсаласи пир бўлган мусулмонларни овоз беришга мажбурлаб, жарима солишга ҳаракат қилишмоқда. Масалан, депутат Тазабек Икромов сайловда қатнашмаган фуқароларга нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Сўнг ноябрь ойи охирида уни қайтариб олди. Бу ташаббусни Президент Жапаров ҳам Халқ қурултойи йиғилишида тилга олиб ўтди. Бу эса, демократлар даъво қилаётган “танлаш эркинлиги” афсона эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Шундай экан, бундай алдовлар тузоғига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Умар розияллоҳу анҳу: “Мусулмон киши алдамайди ҳам, алданмайди ҳам”, дедилар. Расулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:

«لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ»

Мўмин бир тешикдан икки марта чақтирмайди.

          Дарҳақиқат, бугунги демократик тузум Исломга мутлақо зиддир. Исломда инсоннинг  қонун чиқаришига асло ўрин йўқ. Аллоҳ Таоло айтади:

فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар.

          Ислом шариатида танлов ва сайловларга оид алоҳида ҳукмлар мавжуд бўлиб, улар Ғарб тузумидаги сайловлардан ва мусулмон мамлакатларида қўлланилаётган ифлос тузумлардан фарқ қилади. Ислом шариатида сайловлар ҳеч қандай босим ва мажбурловсиз эркин ўтказилади. Ҳар бир инсон, агар у ўзини лаёқатли деб билса ёки бошқа мусулмонлар уни лаёқатли деб ҳисобласа, сайловда ўз номзодини қўйиш ва сайланиш ҳуқуқига эгадир. Бунда Ислом ва унинг ҳукмлари сайловлар учун асос бўлиши шарт бўлади.

      Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз мусулмонлар сайлов деган ёлғонга алданмаслигимиз ва у билан машғул бўлмаслигимиз керак. Шунингдек, унга жалб қилиш учун қилинган саъй-ҳаракатларга кескин қаршилик кўрсатишимиз лозим. Бундай жиноий режимнинг парламенти ёки ҳукумати ишларига иштирок этиш жиноятчиларнинг умрини узайтиради. Чунки сайловлар бизни буюк мақсаддан чалғитадиган ўйиндир. Буюк мақсад – бу бугунги бузуқлик ва коррупцияга ботиб қолган режимни ва уларни қўллаб-қувватлаётган империалистик тузимни ағдариб, ўнинг ўрнига Исломни ҳаётга қайтаришдир. Аллоҳ Таолодан Ислом умматини тўғри ўзгартириш неъмати билан сийлашини, ҳукмдорларнинг ҳийла-найранглари ва алдашларини биздан узоқ қилишини сўраймиз.

          Мумтоз Маверанаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here