АҚШда яна бир Флойд ҳодисаси юз берди

1229
0

АҚШда яна бир Флойд ҳодисаси юз берди

АҚШда яна бир қора танли шахс худди Жорж Флойд каби полициянинг зўравонлиги оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Хабарларда айтилишича, АҚШнинг Огайо штатида йўл-транспорт ҳодисасида айбланаётган 53 ёшли қора танли Френк Тайсон полиция ходимининг шафқатсизларча бўйнидан оёқлари билан босиб туриши оқибатида нафассизликдан ўзини йўқотган. Воқеадан сўнг шифохонага олиб кетилган Тайсон ўша ерда вафот этгани айтилмоқда. Тайсоннинг “нафас ололмаяпман” дея ёлворишига  эътибор бермаган полиция ходимлари эса ишдан бўшатилган.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2020 йилда қора танли Жорж Флойд полиция ходимлари томонидан ерга юзтубан ётқизилиб, “нафас ололмаяпман” дея ёлворишига қарамай, бўйнидан босиб турилиши оқибатида ҳалок бўлган эди. Френк Тайсоннинг “нафас ололмаяпман” дея ёлвора-ёлвора ўзини йўқотиши ҳам айнан ўша Флойд ҳодисасини эсга солади.

Изоҳ: Ирқчилик ва ирқий камситишлар Америкада кўзга яққол ташланувчи иллатлардан бирига айланган. Аслида Американинг ўзи ирқчилик асосига қурилган давлатдир. Юртнинг туб аҳолиси бўлган қизил танлилардан ўн миллионлаган инсонлар шафқатсизларча қириб ташланганлигини ҳамда Африкадан олиб келинган қора танли одамлар қул қилиниб, уларга ҳайвонлардек муомала қилинганлигини америкаликларнинг ўзлари ҳам инкор қилишмайди.

1868 йилда қора танли одамларга Америкада тўлиқ фуқаролик берилган бўлса-да, лекин уларга паст назар билан қараш, зўравонлик, камситиш бугунги кунгача давом этиб келмоқда. Демократия ва қонун устиворлигини даъво қиладиган бу давлатда оқ танли, англо-саксонлардан иборат америкаликларнинг бошқалардан устунлиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат бўлиб, давлат, сиёсат, таълим, иқтисод каби ҳаётнинг барча соҳаларида улар учун алоҳида имтиёзлар берилган. Америка конституциясида АҚШ фуқароларининг жинслари, ранглари ва динларидан қатъий назар, қонун олдида тенг эканликлари қайд этилганига қарамай, ирқчилик аксар америкаликларнинг қон-қонигача сингиб кетган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга кўра, Америкадаги ирқий камситиш оқ танли бўлмаган миллатлар ҳаётининг барча жабҳаларига кириб борган. Ҳатто ирқий камситишларга дучор бўлиш америкалик қора танлилар ҳаётининг бир қисмига айланган.

Шубҳасизки, ушбу муаммонинг туб илдизи капитализм ҳазоратига бориб тақалади. Чунки бу ҳазоратнинг асосини ташкил қилувчи “ким зўр бўлса, ҳақ ўшаникидир”, «энг зўр бўлган омон қолади”, “оқ танли қора танлидан устундир”, “бойлар ақлли бўлганлиги учун бойдирлар”, каби тушунчалар одамлар ўртасидаги дискриминация муаммосини ҳал этиш ўрнига унинг кучайишига ҳисса қўшади. Бунинг устига капитализм ҳазорати миллатчилик, ватанпарварлик ва ирқий устунликни ёқлайдиган ҳазоратдир. Шунинг учун нафақат Америкада, балки капиталист давлатларнинг барчасида ижтимоий уруш ва можаролар ҳамда ирқчилик, нацизм, фашизм ва ўзини бошқалардан устун санаш каби иллатлар кенг тарқалганлигини кўриш мумкин.

 Капитализм ҳазоратининг маҳсули бўлган бундай жирканч разолатларга чек қўйиш албатта ушбу ҳазоратдан мутлақ воз кечиш ва унинг ўрнига инсоният фитратига мос келадиган Ислом ҳазоратини қабул қилиш билангина амалга ошади. Чунки Ислом ҳазоратида инсоннинг қадри ва бир-биридан устунлиги унинг ирқи, миллати ёки рангига қараб эмас, тақвосига қараб ўлчанади.

Аллоҳ Субҳанаҳу бундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِير

«Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишишингиз (дўст-биродар бўлишингиз) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлигингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир». [Ҳужурот 13]

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here