Халқаро ташкилотларнинг иккиюзламачилиги ҳамда ҳукумат зулми

5232
0

Халқаро ташкилотларнинг иккиюзламачилиги ҳамда ҳукумат зулми

Ўтган ҳафта Қирғизистонда 11 нафар журналист ҳибсга олинди, айрим интернет сайтларининг раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Шу боис халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари Қирғизистон расмийларига кетма-кет мурожаат йўлламоқда. Масалан, 19 январ куни Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси ҳамда Британия, Австрия, Белгия, Финляндия, Франция, Германия, Латвия, Литва, Нидерландия, Португалия, Испания ва Швеция элчихоналари Қирғизистонда журналистларнинг ҳибсга олинишидан хавотирда эканлиги ҳақида қўшма баёнот эълон қилди.

Қўшма баёнотда Қирғизистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришга, журналистлар ҳуқуқлари ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини ҳимоя қилишга, шунингдек, ҳуқуқшунослар иштирокида қонуний асосда тергов ўтказишга чақирилди.

Вашингтон ҳукумати ҳам журналистларнинг ҳибсга олинишидан хавотир билдирди. 18 январ куни АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер Қирғизистондаги вазият юзасидан қуйидаги баёнот билан чиқди: “Америка Қўшма Штатлари Қирғизистон Республикасидаги мустақил матбуот ва журналистларга қарши ҳукуматнинг сўнгги ҳаракатларидан чуқур хавотирда. Бу ҳаракатлар ҳукуматнинг оммавий мунозаралар ва сўз эркинлигини бостирмоқчи бўлаётганидан дарак беради. Биз Қирғизистон ҳукуматини журналистлар учун эркин иш шароитини таъминлашга чақирамиз. Мамлакатда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун эркин матбуот, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, самарали демократик институтларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.

Штаб-квартираси Австриянинг Вена шаҳрида жойлашган “Халқаро матбуот институти” (International Press Institute, IPI) 17 январ куни 11 нафар журналистни зудлик билан озод қилишни талаб қилди. Шунингдек, халқаро “Amnesty International” ташкилоти ҳам “Қирғиз ҳукумати ўзгача фикр юритган фуқароларга нисбатан босимни тўхтатиб, ҳибсга олинган журналистлар ва ўз фикрини очиқ айтгани учун қамоққа ҳукм қилинган кишиларни озод қилиши керак”, дея баёнот берди.

Шу куни Страсбургда Европарламентда Марказий Осиё бўйича резолюция овозга қўйилди ва тасдиқланди. Уни парламентдаги 629 депутатдан 543 нафари қўллаб-қувватлади. Резолюцияда, “Марказий Осиёда ҳокимият тепасида турган авторитар режимлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилиши кераклиги”, таъкидланган.

Айни пайтда президент Садир Жапаров “Кабар” агентлигига берган интервюсида, журналистлар “оммавий тартибсизликка чақириш”да гумон қилиниб ҳибсга олинганини билдирди. Унга кўра, мустақил журналист ва блогерлар турли фонд ва ташкилотлардан олинган грант маблағларини бошқа мақсадларда ишлатмоқда. Умуман олганда, “kloop.media”, “Медиаҳаб”, “kaktus.media”, “ПолитКлиника”, “factcheck.kg”, “Т-Медиа” ахборот агентликлари хорижий донорлардан ҳар йили 600 минг АҚШ долларидан ортиқ грант маблағларини олишади. Ушбу грант маблағлари сўз эркинлиги, ОАВ ҳамжамиятини қўллаб-қувватлаш ва мустақил журналистикани ривожлантириш лойиҳалари учун ажратилади. Бироқ, амалда грант маблағлари ҳукуматни қоралаш, танқид қилиш, жамият тинчлигини бузиш, конституцияга зид чиқишлар қилиш, умуман, миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ёлғон маълумотларни тарқатиш сиёсатига сарфланмоқда”.

Хўш, бу халқаро ташкилотларнинг мурожаатлари ҳақиқатан ҳам журналистларнинг ҳибсга олиниши, инсон ҳуқуқлари, хусусан, сўз эркинлигининг бузилиши билан боғлиқми? Ёки уларнинг мурожаатлари ортида бошқа манфаатлар борми? Ёки бу – мамлакатда диктатура тузумини ўрнатиш учун ҳаракатми?

Маълумки, амалдаги ҳукумат ишга киришганидан сўнг юзлаб мусулмонлар ижтимоий тармоқларда ўз фикри ёки диний маълумотларини тарқатгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Ҳозир ҳам ўнлаб Ҳизб ут-Таҳрир аъзоси бўлган биродарларимиз экстремизм баҳонасида қамоқхоналарда сақланмоқда. Улар, айниқса, ҳибсда сақлаш вақтида ғайриоддий қийноқлар, калтаклар, электр токига қўйиш ва ёпиқ режимда сақлаш каби оғир шароитларга дучор бўлишмоқда. Лекин, юқорида тилга олинган халқаро ташкилотлар ва Ғарб давлатлари мусулмонларга қарши амалга оширилган бундай ҳаракатларга нисбатан “сўз эркинлиги” ва “инсон ҳуқуқлари” деб жар солишлари у ёқда турсин, бир оғиз сўз ҳам айтиб қўйишмади. Ҳатто бир гал, холис мусулмонлар экстремизмда айбланиб, оғир жазоларга дучор бўлганларида бу “секуляр-илмонийлар” олқишлаб, қувонишган эди. Қизиғи шундаки, бу ташкилотлар “экстремизм…” ва “давлат тузилишига қарши…” моддалари билан ҳукумат мухолифатчилари қамоққа олингандан кейингина шов-шув кўтара бошлади. Демак, “сўз эркинлиги”, “инсон ҳуқуқлари” деган шиорлар Ғарб ва халқаро ташкилотларнинг ўз мақсадларини амалга оширишдаги иккиюзламачилик ҳийлаларидан бошқа нарса эмас экан. Бу эса мустамлакачи кофирларнинг Ислом ва унинг даъватчиларига қарши мафкуравий курашда мағлуб бўлаётганидан далолат беради.

Аслида, Ғарб таклиф қилаётган “сўз эркинлиги” Исломга мутлақо зидлиги ҳам маълум. Чунки сўз эркинлиги сиёсатчиларни танқид қилиш билан чекланмайди. Аксинча, “сўз эркинлиги” куфр сўзларини очиқ айтиш, исломий ақидага зид бўлган турли фикрларга чақириш, судхўрлик ва зинони тарғиб қилиш, шунингдек, телесериаллар орқали турли хил бузуқликларни намойиш қилишни ва шунга ўхшаш ишларни ҳам ўз ичига олади. Бунга Росулуллоҳ (с.а.в.)ни жирканч суратда карикатура қилиш ва Қуръони Каримга ўт қўйиб, оёқ ости қилиш каби ахлоқсиз ҳодисаларда яққол гувоҳ бўлдик. Бинобарин кофирларнинг сўз эркинлиги фақат Исломга қарши курашга келгандагина ишлатилади холос.

Қолаверса, Исломда ҳукмдорларни муҳосаба қилиш сўз эркинлигига кирмайди, аксинча, бу нарса амри-маъруф ва наҳи-мункар бўлиб, мусулмонларнинг бурчи ҳисобланади. Агар сўз эркинлиги бўлганда, истаган киши ҳукмдорларни муҳосаба қилиб, истамаганлар муҳосаба қилмай қўйиши мумкин бўларди. Шунинг учун Росулуллоҳ (с.а.в.):

مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ

“Сизлардан ким мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Бу (қалби билан ўзгартириш) имоннинг энг заифидир”, дедилар. (Муслим ривояти). Ҳадис умумий бўлиб, ҳукмдорларни муҳосаба қилишни ҳам ўз ичига олади.

Бу сўзлар билан биз ҳозирги ҳукуматнинг диктатура ўрнатиш йўлидаги зулмини ҳимоя қилмоқчи ёки оқламоқчи эмасмиз. Аксинча, биз Ғарбнинг демократик қадриятларини ёйиш ва қўллашдаги иккиюзламачилигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Чунки ҳукуматнинг мусулмонлар ва журналистларни экстремизмда айблаб, ҳибсга олиши зулм ва ўз тахтини сақлаб қолишга уринишдан бошқа нарса эмас. Зеро, Қирғизистон ҳукумати мустақиллик йилларидан бери Россияга итоаткорлик билан хизмат қилиб келган бўлса-да, эндиликда баъзан Ғарб билан алоқа ўрнатишга ва Россиядан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда. Бу курашда ўтмишдаги ҳокимиятларнинг диктатура ўрнатишга уринишлари самара бермади. Ҳозирги президент Садир Жапаров ҳукумати Ғарб билан муносабатларида масофани сақлаш позициясини тутмоқда. Ғарб билан стратегик келишувларнинг музлатилиши шундан далолат беради. Ҳозирги ҳукуматнинг ташқи сиёсати Хитойга қаратилган. Шунинг учун диктатура режими билан ҳокимиятни бошқаришга қаттиқ уринмоқда. Бунинг натижасида Ғарбнинг қўл-оёғига айланган журналистлар ва нодавлат ташкилотларга ҳужумлар кучаймоқда.

Диктаторлик режимини ўрнатиш учун аввало ахборот монополияси ўрнатилади. Бу жараённи жаҳон тузуми тажрибалари ва тарихдаги барча режимларнинг ҳаракатларида кўриш мумкин.

Бироқ Қирғизистон МДҲнинг авторитар давлатлари орасида ўзини “демократик орол” деб атаб, Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлардан миллионлаб доллар кредитлар олган. Шу боис халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийларидан халқаро меъёр ва келишувларга риоя қилишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, Қирғизистондаги диктатура тузумида сақофатнинг таъсири жуда кам. Бу йўналишда жамоатчилик фикрини шакллантириш учун кўпроқ вақт талаб қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, Қирғизистон аҳли ҳукуматнинг диктаторлик режимини ўрнатишга қаратилган уринишларига қарши туриб, халқимизнинг зулмга қарши қаҳрамонлик хислатини кучайтириши зарурдир. Шу билан бирга, Ғарбнинг бузғунчи ва иккиюзламачи сиёсатига алданиб қолмай, унга қарши Исломий сақофатни тиниқ ўрганиб, уни янада юксалтириш учун ўз имкониятимизни ишга солишимиз лозим!

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Қирғизистондаги матбуот бўлими

25.01.2024

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here