Гагадаги Халқаро судда яҳудий вужуди жиноятлари кўрилмоқда

6079
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Гагадаги Халқаро судда яҳудий вужуди жиноятлари кўрилмоқда

Халқаро суднинг жумъа кунги баёнотида айтилишича, Исроил томонидан Ғазо секторида геноцид содир этилгани бўйича очиқ тинглов жараёни якунига етган. Бу Жанубий Африка давлати қўзғатган ва ўнлаб давлатлар қўллаб-қувватлаган даъвога асосан бўлмоқда. Баёнотда маълум қилинишича, суд қарори очиқ мажлисда муҳокама қилинганидан сўнг чиқарилади. Бу очиқ мажлиснинг қачон ўтказилиши вақти келганда билдирилади.

Яҳудий вужудига қарши қўзғатилган даъво фонида (Исроил) президенти Герцог Жанубий Африкага даҳанаки ҳужум қилди. Бош вазир Бинямин Нетаняху эса, (Исроил)га қарши очилган ишни яҳудий давлатига қарши ҳужум, иккиюзламачилик ва пасткашлик сифатида баҳолади. Нетаняху «Гагада бўлаётган ишлар маънавий шармандаликдир, Ғазода ғалабага эришилгунига қадар жанг қилишимизга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди», деди. У шанба куни қилган телемурожаатида: «Ҳеч ким бизни тўхтата олмайди – на Гага ва на ёвузлик ўқи…», деб қўшимча қилди.

Шундай қилиб, Халқаро суд ва яҳудий вужудига қарши қўзғатилган иш сўнгги саноқли кунлар ичида оммавий ахборот воситалари ва кузатувчилар диққат марказида бўлди. Суд қабул қилиши мумкин бўлган қарорнинг қанчалик таъсир кучига эга бўлишига ва мажбурийлиги қай даражада бўлишига эътибор қаратилмади. Қарор қабул қилингунига қадар суд мажлислари қанча вақт давом этиши ва қарор чиқарилганидан кейин қандай қадамлар ташланиши мумкинлиги ҳам эътибордан четда қолиб кетди. Аксинча, эътибор фақат суд ишининг моҳияти ва тафсилотларига, шунингдек, яҳудийларнинг бундан ноқулай аҳволга тушиб қолгани ва уни рад этганига қаратилди.

Ишларни тартиблаштириб олишимиз учун, суд ва унинг қарорларига, шунингдек, унинг роли ва мавқеига алоқадор бўлган бир қанча нуқталарни белгилаб олишимиз даркор.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, Халқаро суд БМТга қарашли суд органи бўлиб, унинг олти органидан бири ҳисобланади. У БМТдан фарқ қиладиган ёки унинг ташқарисидаги орган эмас. Шунинг учун БМТга нима мос келса, унга ҳам шу нарса мос келади. Шу боис суднинг маъмурий ёки тузилмавий тафсилотларини ўрганишда унинг умумий кўринишидан ёки ҳақиқий ролидан зеҳнни буриб юбормаслик лозим.

БМТ, Хавфсизлик Кенгаши ва бутун халқаро органларнинг дунёдаги мустамлакачи ва золим кучлар қўлидаги қурол эканлиги нафақат биз мусулмонларга, балки бутун дунёга исботланди. Бу Ғазога қарши давом этаётган урушда яққол намоён бўлмоқда. Зеро, мустамлакачиликнинг айни қуроллари энг паст инсоний, маънавий ва ҳуқуқий қадриятларни ҳам бир четга суриб қўйиб, ҳеч қандай уят ва ҳаёни билмай, жиноятчи ва қонхўр бўлган яҳудий вужуди томонида туришди. Уларнинг уялмасдан ҳимоясиз халқни, болалар ва аёлларни қирғин қилаётган, шифохона ва мактабларни бомбалаётган жиноятчи томонида туриши, ҳатто дов-дарахтни гапиртириб, тоғларни йиғлатиб юборадиган тарзда бўлди. Бу ҳолат бутун дунё бўйлаб минглаб турли дин ва маданият вакилларини кўчага чиқишга ҳамда ушбу шафқатсизликни, унга нисбатан сукут сақланишини ва мустамлакачи кучлар томонидан жиноятчи яҳудий вужудининг қўллаб-қувватланишини қоралашга ундади. Буларнинг барчасига қарамай, БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгаши ушбу шафқатсизлик ва оммавий қирғинни тўхтатиш учун ҳеч нарса қилмади. Яҳудий вужуди Ғазо секторидаги мазлум мусулмонларга қарши қутурган урушини давом эттириши учун БМТ уни етарли ва зарур ҳимоя билан таъминлади. Ҳолбуки, Ироқ, Афғонистон, Сурия, Ливия ва Фаластинда бўлгани каби, иш Американинг мустамлакачилик манфаатлари ва истакларини амалга оширишга боғлиқ бўлган пайтда, БМТ ва Хавфсизлик кенгаши бутун кучларини тўплаб ҳаракатга келтирган эди.

Эсдан чиқармаслик керак бўлган ҳақиқат шуки, БМТ ва халқаро ташкилотлар мустамлакачи кучлар қўлидаги қуролдан бошқа нарса эмас. Бу халқаро ташкилотлар дунёни ялтироқ номлар ва шиорлар остида мустамлака қилиш ва назорат қилиш осон бўлиши учун ўйлаб топилган. Бу мустамлакачи давлатлар бошида Америка туради. Демак, бу ташкилотларни деярли тўлиқ у назорат қилади. Масалан, Халқаро суд Американинг сиёсий мақсадлари йўлида яҳудий вужудини оммавий қирғинда қораловчи ёки айбловчи қарорни чиқарса ва ундан бирор нарсани талаб қилса, бу қарорни фаоллаштиришнинг йўли уни Хавфсизлик кенгашига тақдим этишдан иборат. БМТ уставининг 94 моддасида қайд этилишича, унга аъзо давлатларнинг барчаси суд қарорларини бажаришлари шарт. Агар томонлар қарорни бажармаса, Хавфсизлик Кенгаши томонидан уларга мажбурий чора кўрилиши учун, иш унга ҳавола қилинади. Бу шуни англатадики, суд қарори-ҳукми Хавфсизлик кенгашидаги доимий бешта аъзолардан бири ёки унинг иттифоқчиларидан бирига қарши чиқарилса, у айни шу қарорга қарши ветодан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Вето эса ушбу суд ҳукмини қоғоздаги сиёҳга айлантиради ва ҳатто йўққа чиқариши ҳам мумкин.

Шунга кўра, қарор қабул қилинган тақдирда ҳам, у фақат маънавий қийматга эга бўлади, холос. Чунки у зулмни бартараф этмайди, урушни тўхтатмайди ва бирор бир болани қутқариб қолмайди. Бундан ташқари, судни назорат қилувчининг (яъни Американинг) истагига мувофиқ, суднинг қарор қабул қилиши бир неча ҳафта ва йиллар оралиғида бўлади. Бу одамларни хаёлий (пуч) умидлар билан чалғитишдан бошқа нарса эмас. Бу билан одамлар вақтларини беҳуда ўтказадилар ва бунинг орасида уларнинг ғазаби сўнади.

Шу ўринда савол туғилади: Халқаро суд яҳудий вужудини бирор нарсага мажбур қила олмаса ва унга қарши чиқарилган қарорларини бажартира олмаса, нега яҳудий вужуди унга қарши чиқиб, ҳужум қилмоқда?!

Бунинг жавоби шуки, яҳудий вужуди Ғарб ва Американинг шунчаки арзандаси эмас, балки асраб-севиб тарбияловчи боласи ҳамдир. У ҳеч қандай қўпол муносабатни ёки юзига қараб шунчаки бақирилишини қабул қилмайди. Чунки у Америка ва Ғарбдан фақат эркалашларини ҳамда унинг роҳат-фароғати ва манфаатлари устида бедор бўлишларини кутади. Америка вазиятни яҳудий вужудининг қораланиши сари юришига ташлаб қўйган бўлса, бу ҳолда арзанда боласига – хатти-ҳаракатини ўнглар ёки эркалигини камайтирар деган умидда – бироз бақириб қўйган бўлади.

Яҳудий вужуди бундай бақириқ ва ҳақоратларни, ҳатто улар яқин қариндошлар томонидан бўлса ҳам, ҳақиқатда хоҳламайди. Чунки буни «биз бутун тарихи мобайнида қийинчиликлар тортганимиздан кейин, бугунги кунда яшашга ҳақли бўлган мазлум халқмиз», деган ўзи учун чизиб олган қиёфасига таъсир қилади деб билади. Нетаньяху айни суд жараёнини «маънавий шармандалик, менинг армиям дунёдаги энг ахлоқли армия» деб айтганида айнан шуни назарда тутди.

Яҳудий вужуди тўлиқ тушунадики, токи унинг мавжуд бўлиб туриши ҳамда хавфсизлиги Америка ва Ғарбнинг стратегик манфаати бўлар экан, улар бу босқинчи вужудни мусулмонларга ва Фаластин аҳлига нисбатан турли жиноятлар ва шафқатсизликни амалга ошириши учун етарли ва керакли ҳимоя билан таъминлашда давом этишади. Чунки бу жиноятчилар наздида мусулмонларнинг қони ҳеч нарсага арзимайди. Бундан ташқари, яҳудий вужуди билан Америка ўртасида баъзи тафсилот ва асосларда ёки процессуал масалаларда бироз фарқ бўлса ҳам, яҳудий етакчилар ўзларига нисбатан юмшоқ босимни ёки шунчаки қўпол муносабатни исташмайди.

Шунинг учун суд жараёни яҳудий вужудини безовта қилмоқда. Чунки бу оммавий ахборот воситалари орқали айни вужудни дунё халқларига танитиб, яҳудий раҳбарлари хатти-ҳаракатларига маълум даражада таъсир қилмоқда… Улар яҳудий вужудига нисбатан қўллаб-қувватловнинг озайиб қолиши мумкинлигидан хавотирланишяпти.

Исломий юртлар ҳукмдорларига уят! Чунки улар Фаластинни ва Ғазо аҳлини яҳудийлар, Америка ва бутун кофир давлатлар чангалига ташлаб қўйишди. Шунингдек, Ғазо аҳлига ёрдам кўрсатиш учун армияларни ҳаракатга ҳам келтиришмади, Умматнинг ёрдамга келишига ҳам йўл қўйишмади. Ҳатто Ғазо аҳли ва мусулмонлар дардини енгиллаштириши мумкин бўлган ҳар қандай хас-чўпга ёпишадиган, ҳатто ёқимли орзунинг бир парчаси бўлган ҳар қандай қадамдан севинадиган бўлиб қолдилар.

Роя газетасининг 2024 йил 17 январ чоршанба кунги 478-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here