Си Жинпин Марказий Осиё мудофаасини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқчи
Хабар: Хитой Марказий Осиё давлатларига мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда ХХР раиси Си Жинпин 19 май куни Сиян шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой-Марказий Осиё” саммитидаги нутқи чоғида айтиб ўтди.
“Хитой Марказий Осиё давлатларига ҳуқуқ-тартибот идораларининг хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришга, минтақавий хавфсизликни сақлаш ва терроризмга қарши курашда мамлакатларни қўллаб-қувватлашга тайёр”, – деди Жинпин.
Хитой раҳбари, хусусан, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлаб, суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик каби соҳаларда “аниқ ва қатъий қўллаб-қувватлаш”ни таклиф қилди.
18-19 май кунлари Сиан шаҳрида бўлиб ўтаётган саммитда Марказий Осиёнинг бешта республикаси раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтмоқда. Саммитда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмди.
Саммитда Хитой раҳбари, шунингдек, минтақа давлатларини Хитойга нефть ва газ етказиб бериш ҳажмини ошириш, энергетика ва атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди. Reutersнинг қайд этишича, Хитой Марказий Осиёдаги «анъанавий» ўйинчи сифатида кўрилган Россия Украинадаги урушга ресурсларни тўлдираётган бир пайтда Марказий Осиёнинг собиқ Совет республикалари билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларини кучайтирмоқда.
Изоҳ: Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай 21 апрел куни Франциянинг “La Chaîne Info” телеканалига берган интервюсида 2014 йили Россия томонидан аннексия қилинган Қримни “бошдан бош Россияга тегишли бўлган”ини таъкидлаб, Никита Хрушчёв “совет иттифоқи даврида Қримни Украинага совға қилгани”ни айтган эди. Лу Шай, шунингдек, собиқ СССР давлатлари “халқаро ҳуқуқ борасида самарали статусга эга эмаслиги, чунки уларнинг статусига суверен давлатлар кучини тақдим этувчи халқаро келишув йўқлиги”ни ҳам таъкидлаган. У шунингдек, постсовет чегаралари масаласида “беҳуда мунозаралар”ни бас қилишга ҳам чақирганди.
Элчининг мазкур баёнотидан сўнг Литва, Латвия ва Эстония ҳукумати кескин қоралаб, Хитой дипломатик вакилларини тушунтириш олиш ва норозилик билдириш учун чақирди. Аммо, Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистон бу мавзуда расман – юмшоққина қилиб –муносабат билдирди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров Қозоғистон Хитой ТИВга нота юбормаслигини маълум қилиб, Хитой Қозоғистон суверенитетини биринчилардан бўлиб тан олганини таъкидлаб, “элчининг гапларини буриб, бутунлай бошқа мавзуга олиб келмасликка” чақирди. Минтақадаги қолган давлатлар эса одатдагидек гўёки бу нарсани кўрмаган ва билмагандек сукут сақлашди.
Европа давлатлари ҳам Лу Шай баёнотига кескин муносабат билдирганидан сўнг, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин изоҳ бериб:
“Тегишли масала бўйича Хитойнинг позицияси ўзгармаган. Ҳудудий суверенитетга келсак, Хитойнинг позицияси доимо аниқ бўлиб келган. Хитой барча мамлакатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомининг мақсад ва тамойилларини қўллаб-қувватлайди”, – деди. Хитойнинг Франциядаги элчихонаси ҳам хитойлик дипломатнинг сўзлари соф шахсий фикрни ўз ичига олгани, улар сиёсий баёнот ҳисобланмаслиги ва ортиқча талқин қилинмаслиги кераклигини айтди.
Шу ўринда бир савол туғилади: Қачондан бошлаб расмий ҳукуматнинг бошқа давлатдаги расмий вакили томонидан айтилган сўз сиёсий баёнот ҳисобланмайдиган, унинг шахсий фикри деб эътибор қилинадиган бўлиб қолди? Агар элчи Хитой ҳукумати позициясига зид баёнот берган бўлса, нима сабабдан расмий ҳукумат уни ишдан бўшатмади ёки бирор чора кўрмади? Агар Хитой ҳукумати элчига нисбатан бирор чора кўрмаган бўлса, бу Хитой ҳукуматининг расмий позицияси ҳам шундай эканлигига далолат қилмайдими?
Аслида Си Жинпин – худди Путин каби – Марказий Осиё минтақа давлат раҳбарларини ўзига тенг бўлган ҳамкор сифатида кўрмайди. Россия азалдан минтақани ўзининг орқа томорқаси сифатида кўриб келгани сабабли Россия бошчилигида тузилган бирор бир ташкилот минтақа давлатлари билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаат устига қурилмаган. Биргина Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) бунга етарлича мисол бўла олади. Бу ташкилотдан шу кунга қадар фақат Россия манфаат кўриб келмоқда. Россия ҳозир Украина урушида ботқоққа ботиб қолгани ва дунё сиёсатида яккаланиб қолгани ортида минтақани Хитой билан бўлишишга ҳам тайёр вазиятга тушиб қолди.
Ўз навбатида вазиятдан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётган расмий Пекин минтақа давлатлари билан аввалдан эришилган, аммо Россия тўсқинлиги ортидан ортга сурилиб келган иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга жиддий киришди. Энди Хитой минтақадаги фақат иқтисодий таъсири билан кифояланиб қолмай, сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан ҳам иштирокини кучайтириш сари қадам ташлади. “Хитой-Марказий Осиё”саммитида илк бор минтақа давлат раҳбарлари ва Хитой президенти юзма-юз учрашиб иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда сиёсий ва ҳарбий ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилишди.
Хитойнинг минтақада ҳарбий иштирокининг кучайтиришнинг энг осон ва синалган йўли эса “терроризм” ва “экстремизм”га қарши кураш ҳисобланади. Садир Жапаров Хитойга сафар қиладиган куни Бишкекда бир неча соатлик отишмалардан сўнг “террорчини” йўқ қилиниши ҳам бежизга бўлмаганининг эҳтимоли катта. Расмий маълумотларда бу “террорчи” уч кун аввал Ўшдан келгани ва ижарага олинган уйда яшагани хабар қилинди. Аввалига у бир ҳафта олдин Ўшда қўлга олинган уюшган жиноий гуруҳ аъзоси эканлиги хабар қилинди, кейинчалик эса “террорчи”га айланди. Сианда бўлган саммитда Хитой раҳбари минтақа давлатларига 26 миллиард юан (тўрт миллиардга яқин)ли эвазсиз молиявий ёрдам кўрсатишни ваъда қилди.
Бундан бир неча йил аввал (2019-йил) Қирғизистонга инвестор сифатида кириб келган хитойларнинг маҳаллий аҳолига нисбатан зўравонлиги ва Хитой ҳукуматининг Шарқий Туркистонда қирғиз, уйғур, қозоқ ва бошқа этник озчиликларга қарши босимлар кучайгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлгач, Қирғизистонда хитойликларга қарши кайфиятлар кучайиб кетган эди. Мана шу норозиликлар ортидан қирғиз ҳукумати Хитой билан эришган аввалги битимларни вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлган эди. Орадан вақт ўтиб, одамлардаги норозилик кайфияти сўниб бориши ортидан расмий ҳукумат аввалги шартномаларни қайта йўлга қўйишни бошлади. Ҳатто, аввалги шартномалар билан чекланиб қолмай, янгиларини имзолашга ва ҳатто Хитой билан визасиз режим жорий этиш масаласини кўтара бошлади. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 17-май куни Хитойга қилган давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасида ўзаро визасиз режим жорий этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади, энди навбат Қирғизистонга…
Биз шуни унитмаслигимиз керакки, бу мастамлакачи давлатлар ҳеч қачон маҳаллий халқ манфааати ёки фаровонлиги йўлида ҳаракат қилмайди. Уларнинг ягона мақсади маҳаллий бойликларни сув текинга қўлга киритиш, маҳаллий аҳолидан арзон ишчи кучи сафатида фойдаланиб, керак бўлса қулдек ишлатиб моддий манфаат кўришдан иборат холос. Улар ўзлари бурунларини суқиб киришга маваффақ бўлган ерни ҳеч қачон ўз иҳтиёрлари билан ташлаб чиқиб кетишмайди. Шундай экан, биз ўз имкониятимиздаги шаръий воситалардан фойдаланган ҳолда расмий ҳукуматни муҳосаба қилишимиз, уларни халқ манфаатларига зид бўлган шартнома ва битмиларни имзолашдан воз кечишга мажбур қилишимиз шарт. Акс ҳолда бугун Шарқий Туркистонда диндош биродарларимиз бошига тушаётган мусибатлар эртага бизнинг бошимизда ҳам такрорланиши мумкин, бундай бўлишидан Аллоҳ сақласин.
Абдураҳмон Одилов