Қирғизистонда ишсизлик муаммоси ва унинг Исломдаги ечими

464
0

Қирғизистонда ишсизлик муаммоси ва унинг Исломдаги ечими

 Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, иқтисодий фаол аҳоли сони 2 миллион 595 минг кишидан иборат. Меҳнат, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва миграция вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, 2022-йилнинг дастлабки чорагида Қирғизистонда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли сонининг 3 фоизини ташкил этган. Бандлик хизматларида эълон қилинган битта бўш иш ўринга 28 киши даъвогарлик қилган.

 Бироқ, ишсизлик бўйича статистикалар ҳақиқий ҳолатни кўрсатмайди. Чунки, улар фақат охирги уч ой ичида иш излаган одамларнигина бу қатламга қўшишади. Уйда ўтирган, мавсумий иш билан банд бўлганлар ва охирги уч ой ичида иш изламаганлар эса бу статистикадан ташқарида қолиб кетади. Бундан ташқари, ишсизлик сабабли Қирғизистоннинг 1 миллиондан зиёд фуқароси хорижий юртларда миграцияда. Уларнинг барчасини иш билан таъминланган деб айтиш мумкинми?!

 Давлат статистикаси аҳолини таскин берувчи рақамлар билан алдаётганига қарамай, ишсизлик кундан кунга ошиб, одамлар бундан азият чекаётганини ҳаёт ҳақиқати кўрсатмоқда. Аслида мана шу ишсизлик сабабли – БМТ маълумотларига кўра – ҳозир Қирғизистон халқининг 25 фоизи қашшоқликда яшаётган бўлса, йил охирига қадар бу кўрсаткич 37 фоизга етиши хавфи бор. Расмий ҳукумат эса – қашшоқлик ва ишсизлик муаммоларининг ечими сифатида – кўплаб фуқароларни хорижга меҳнат муҳожири сифатида чиқариб юборишини айтмоқда.

 Ишсизликнинг ягона сабаби бу – бутун дунёда, шу жумладан, Қирғизистонда капиталистик тузум ҳукмронлик қилаётганида. Капитализмдаги иқтисодий низомга асосан фойдали қазилма бойликлари, ерлар, яйловлар “хусусийлаштириш” орқали амалдор-капиталистлар қўлига ўтиб кетган. Ташқи савдо ва ички хизмат кўрсатишларни монополия қилиб олишган. Капиталистик “фойда” нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ушбу иш берувчилар – ўзлари катта фойда олишлари учун – ишлаб чиқаришларида иложи борича оз ва арзон иш кучини ёллашади. Бунинг натижасида ишсизлар армияси вужудга келади.

 Капитализмнинг “онаси” бўлган Ғарб давлатлари – капитализмнинг ёйишнинг тариқати бўлган империализм орқали – учинчи дунё давлатларини мустамлака қилиб олишган. Инвестор ниқоби остида кириб келадиган компаниялари иш ўринлари ташкил этиш ва давлатга фойда келтириб тўғрисида айтишади, аммо уларнинг мақсади бошқа. Улар халқимизни арзон ишчи кучи сифатида эзиб ишлатиб, бойликларимизни сув текинга ташиб кетиш учун келишади.

 Шу сабабли, дунёда капиталистик империализм ҳукмронлик қилар экан бизнинг юртлар ҳеч қачон ишсизлик ва қошшоқлик ботқоғидан чиқа олмайди.

 Капитализмда одамлар ишсиз қолишдан жуда қўрқишади. Чунки, ишсизлик сабабли якка шахслар оч-ялонғоч қолса, аҳоли очарчиликка дучор бўлади.

 Энди бунинг муқобилида эътиборингизни Исломдаги иқтисодий низомнинг баъзи ҳукмларига қаратмоқчимиз ва сизлар бу ҳукмлари орқали қашшоқлик ва ишсизлик муаммоси таг-томиридан ҳал қилинишига гувоҳ бўласизлар.

 Исломдаги иқтисодий сиёсат: барча фуқароларнинг асосий эҳтиёжларини таъминлаш ва камолий эҳтиёжларини қондиришга шароит яратиб беришдан иборат. Асосий эҳтиёжлари қондирилган фуқаролар қашшоқ бўлмайди ва улар ишсиз қолишдан қўрқмайди. Бироқ, фуқаролар зиммамдаги нафақаларни адо этишим учун ишлашим вожиб деб, Аллоҳдан қўрққан ҳолда ишлашлари керак, агар ундай бўлмас давлат уларни ишлашга мажбур қилади.

 Энг аввало, Ислом ишлаши вожиб бўлган барча фуқароларни иш билан таъминлашни давлатнинг зиммасига юклайди. Капитализмдаги ҳукуматлар бундай жавобгарликни олмайди. Давлат фуқаролари хусусий компаниялар иш берса ишли бўлади, бўшатиб юборса ишсиз қолади. Исломда эса одамлар ишсиз қолса давлат уларни иш билан таъминлашга мажбур.

 Исломда умумий мулк деб номланган мулк тури мавжуд. Фойдали қазилмалар шулар жумласидандир. Капитализмдагидек уларга якка шахс ёки давлат эгалик қилмайди. Унинг фойдалари мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига ўзига хос тарзда етиб бориши керак. Ундан халқ фойдаланиши учун уни ишлатишдан давлат масъулдир. Демак, конларнинг фойдалари етиб бориши орқали одамлар қашшоқ бўлмайди, давлат конларни ишлатиш учун завод-фабрикалар қуриб, ишга тушириши орқали фуқароларга катта иш ўринлари яратиб беради.

 Давлат аҳолини ерга ишлов беришга рағбатлантириб, дехқонларга текин молиявий ва техник ёрдам кўрсатади. Бунга қодир бўлмаса фоизсиз қарз беради. Ерни ижарага беришни тақиқлайди. Уч йил қаторасига ишлатмай ташлаб қўйилган ерни олиб, ишлатувчига беради. Буларнинг барчаси ўз навбатида қўшимча иш ўринлари яратади. Яйловлар ҳам умумий мулк туридан бўлгани сабабли уларни бир ҳовуч одамлар эгаллаб олишига йўл қўймайди.

 Капиталистик жамиятда кўпчиликни неъматлардан маҳрум қиладиган, бир ҳовуч одамларга бойлик тўплаш имконини берадиган бир қанча омиллар мавжуд. Бунга судхўрлик, монополия, бойликни хазина қилиб тўплаш… кабилар мисол бўла олади, Ислом буларнинг барчасин ҳаром қилган.

 Шунингдек, юқорида айтиб ўтганимиздек, давлат аввало ишга лаёқатли фуқароларини иш билан таъминлайди. Шундан кейин ҳам бирор киши нафақасини топа олмаса, унинг нафақаси унга меросхўр бўлган бой қариндошларига юкланади. Агар улар ҳам бўлмаса, унга байтулмолнинг закот бўлимидан нафақа ажратилади. Закот етмаса давлат ўз зиммасига олади. Бундай ғамхўрлик одамларни қашшоқликдан ҳимоя қилади.

 Бундан ташқари, ҳозирги капиталистик давлатлар халқдан йиғилган солиқ ҳисобига яшайди, солиқнинг турлари кўп ва уларнинг оғир юки халқ зиммасига юкланган. Исломда зарурат туғилган вақтда фақат бой бўлган фуқароларидангина солиқ олади. Ҳатто, камбағаллар ихтиёрий равишда берса ҳам қабул қилинмайди.

 Мана шу ҳукмларни татбиқ қилиниши табиий равишда қашшоқликка барҳам беради, қашшоқликдан омонда бўлганлар ишсиз қолишдан ҳам қўрқмайди. Шу сабабли хусусий тадбиркорлар одамларни ишсизлик билан қўрқита олишмайди.

 Бу ҳукмларнинг барчаси Ислом иқтисодий низомини татбиқ қилиш билан амалга ошади. Аммо бу иқтисодий низом Исломнинг бошқа низомларидан алоҳида, бошқа куфр тузумлари қаноти остида амалга ошиши мумкин эмас. Демак, ушбу иқтисодий низом Исломни тўлиқ татбиқ қилган Ислом давлати соясида амалга ошади.

 Ҳизб ут-Таҳрир – Қирғизистон

  1. 06. 2022

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here