Афғонистондаги ҳодисаларнинг сиёсий оқибатлари

690
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Савол жавоб

Афғонистондаги ҳодисаларнинг сиёсий оқибатлари

Савол: Қатарда 2021 йил 17 июл куни иккита делегация ўртасида олий даражадаги ўзига хос музокаралар сессияси бошлангани хабар қилинди. Музокараларда Толибон ҳаракатидан 7 киши, Афғон ҳукуматидан 7 кишидан иборат делегация ўз ўрталаридаги асосий масалаларни муҳокама қиладиган бўлди. Бу музокаралар Америка президенти 2021 йил 8 июлда АҚШ кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши учун белгиланган аввалги муддатлардан чекиниб, буни 31 августда якунланишини билдирганидан кейин бўлиб ўтмоқда. Сўнгги пайтларда Толибон ҳаракатининг анча олдинга силжигани кузатилди. У Афғонистон ерларининг 85 %ини назорат қилаётганини билдирди. Маълумки, Давҳа шартномасида сиёсий ҳамкорликка эришиш учун Толибон билан ҳукумат ўртасида музокаралар ўтказиш белгиланган. Савол шуки, Толибон ҳокимият устидан назорат ўрнатадими ёки унда иштирок этадими? Америка Афғонистондан амалда чиқиб кетадими ёки нуфузи доимий сақланиб қоладими?

Жавоб:

Ушбу масалалар бўйича энг тўғри фикрни баён қилиш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

1 – Америка Афғонистондан чиқиб кетишни 2010 йил охири ва 2011 йил бошида режалаштирган экан, ўша пайтдан бошлаб Толибоннинг юқори мартабали раҳбарлари билан музокаралар бошлашга жиддий киришди. Покистон музокараларда ўртамчилик қилиб, ўзини Толибон тарафида қилиб кўрсатди. 2014 йилги музокаралар натижасида Толибон қўлида ҳибсда сақланаётган америкалик сержант Боуи Бергдалнинг озод этилиши эвазига Толиблардан беш нафари Гуантанамодаги қамоқхонадан озод этилди. Кейин, музокара ўтказиш учун тайёргарлик ишлари тезлашиб кетди. Ўзлари вакиллик қилган томонларга узоқ йиллар давомида хизмат қилган икки шахс ишга киришди. Яъни, 2018 йилнинг 5 сентябрида Залмай Халилзод Афғонистондаги ярашув бўйича Қўшма Штатларнинг махсус вакили этиб тайинланиб, унга Американинг Афғонистондаги ҳарбий ишғолини тугатиш вазифаси топширилган бўлса, орадан икки ой ўтиб-ўтмай, яъни 2018 йил 25 октябрда Покистон мулло Абдулғаний Биродарни озодликка чиқарди. Абдулғаний Биродар 2010 йил 8 февралда амалга оширилган рейдда Карачида қамоққа олинганидан бери, Покистонда ҳибсда сақланиб келинаётган эди. У озод этилганидан кейин Толибоннинг Давҳадаги ваколатхонаси раҳбари этиб тайинланди… Би-Би-Си 2019 йил 25 февралда қуйидагича нашр қилди: (Мулло Биродарнинг номи 2018 йил октябрда озод этилгунига қадар Толибоннинг АҚШ расмийлари ва Афғон ҳукумати билан олиб борган музокараларида озод этилишини талаб қилган маҳбуслар рўйхатининг бошидан жой олган эди. У январ ойидан бери Толибон ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонасини бошқариб келмоқда). Дарҳақиқат, музокараларда Залмай Халилзод билан Абдулғаний Биродар муҳим рол ўйнади.

2 – Кейин музокаралар 2020 йил 29 февралда Давҳа шартномаси билан якун топди. Шартноманинг энг муҳим жиҳати – BBC Newsда нашр қилинганидек – қуйидагича бўлди: (Америка ва Афғон расмийларига кўра, агар Толибон ҳаракати бугун Давҳада имзоланган шартномага мувофиқ ўз мажбуриятларини бажарса Қўшма Штатлар ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари 14 ой мобайнида Афғонистондан ўз кучларини олиб чиқиб кетади. Бу ҳақда Қобулда берилган Америка-Афғон қўшма баёнотида билдирилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Афғонистонда «узоқ ва машаққатли сафар» бўлганини айтди. У шунингдек, «Шунча йилдан сўнг аскарларимизни ватанга қайтариш вақти келди», дея қўшимча қилди). BBC News (Афғонистонда 2400дан зиёд АҚШ аскари ўлдирилган)ини билдирди.

3 – Давҳа шартномасидан кейин тўқнашувлар баробарида, гоҳ ён берувчи, гоҳ бунинг акси бўлган баёнот ва учрашувлар тезлашиб кетди:

  • –      2021 йил 14 мартда CNN агентлиги Жо Байденнинг қуйидаги гапини тарқатди: (Мен АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги ҳозирлигига бошчилик қилган республикачи ва демократ президентларнинг тўртинчиси эканман, айни масъулиятни бешинчи президентга қолдирмайман. Зеро, Америка кирган энг узун урушга якун ясаш вақти келди).
  • Жо Байден нутқ сўзлаб, ортидан матбуот конференциясини ўтказди. Уни Америкадаги ва халқаро телевидениелар эфирга узатиб турди. Байден ўз нутқида жумладан бундай деди: («Биз Қўшма Штатлар тарихида энг узоқ давом этган урушга якун ясалганини эълон қиламиз. Афғонистондаги миссиямизда Ал-Қоидани йўқ қилиш ва унинг раҳбари Усома бин Ладинни ўлдириш орқали ютуққа эришдик… Ҳарбий миссия келгуси август ойининг охирига қадар давом этади. Америка кучлари Афғонистонга мамлакат бунёд этиш учун келмаган. Бу – афғонларнинг зиммасидаги вазифа. Улар ўз давлатларини ўзлари хоҳлаган тарзда бошқаришлари керак… Айни дамда хавф-хатар Афғонистон ташқарисидан келяпти. Ҳозирга келиб, Хитой билан стратегик рақобат ҳамда Ковид-19 ва кибер терроризмга қарши туриш устувор вазифамизга айланган. Йигирма йил олдин бошланган жангларни давом эттирадиган бўлсак, буни уддалай олмаймиз»). Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки янада очиқроқ қилиб бундай деди: («Америка кучларининг тўлиқ чиқиб кетишини нишонлаш режалаштирилмаган. Биз бу борадаги муҳим ютуқларни нишонламаймиз. Бу – ҳарбий ғалабасиз 20 йил давом этган урушдир». Анадўлу ахборот агентлиги, 2021 йил 8 июл). Яъни, Америка Афғонистонда йигирма йил мобайнида ғалабага эришолгани йўқ… Ҳатто бир қанча базаларини ёпганидан сўнг энг йирик ва энг муҳим ҳисобланган Баграм базасини ҳам 2021 йил 8 июлда бўшатиб чиқиб кетди. Бу билан унинг салибчилик юришлари Байден расман эълон қилган муддатдан, яъни 11 сентябрдан, сўнг ўз нутқида белгилаган иккинчи муддат 31 августдан олдин амалда тамомланди.
  • Бу орада Толибон ўзининг ҳарбий ҳужумларини кенгайтирди. Шимолий, жанубий, ғарбий районлар, кейин марказий районлар бирин-кетин қулай бошлади. У жуда қисқа фурсат ичида Афғонистоннинг катта қисми устидан хусусан, қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудлар устидан назорат ўрнатиб, чегара пунктларини эгаллаб олди… Бу ҳақда Москвага борган Толибон делегацияси музокаралар гуруҳи аъзоси Шаҳобиддин Диловар («Толибон ҳаракати Афғонистон ерларининг 85 %ини назорат қилмоқда», дея маълум қилди. Афғон хавфсизлик кучлари вакили Ажмал Умар Шинвори буни рад этиб, «Бу нотўғри, аксар минтақаларда жанглар давом этмоқда» деди… Франс Пресс, 2021 йил 11 июл). Лекин Толибон делегацияси «қўшни ва дўст давлатларга ҳужум қилмаслик»ка ваъда берди. Унга кўра, «Делегациянинг Москвага ташрифидан мақсад – исломий амирликдаги барча маълумотларни тақдим этишдир. Толибон Исломий Давлат Ташкилотининг кенгайишига йўл қўймайди ва унга қарши курашади. У давлатнинг умумий тузилишини белгилаш учун жамият вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда ва бу иш тугаш арафасида. Толибон шунингдек, ҳокимиятни тўлиқ босиб олишни мақсад қилмаган»… Ал-Жазира, 2021 йил 9 июл).

4 – Кейин, 2021 йил 17 июлдаги хабарга кўра, (Афғонистондаги низолашаётган ҳар икки томон ҳам бугун шанба куни Давҳада тақдирий масалалар муҳокама қилинадиган музокараларнинг кун тартибини белгилаш учун 14 кишидан ташкил топган комиссия тузишга келишиб олган. Ал-Жазира мухбири Давҳада бўлиб ўтаётган Афғон музокараларидаги бир манбанинг сўзларини келтирди. Унга кўра, музокараларнинг дастлабки сессияси ижобий муҳитда якун топган. Афғон ҳукумати билан Толибон ҳаракати ўртасидаги музокараларнинг янги босқичи бугун Қатар пойтахти Давҳада бошланди. Унда тақдирий дея кўрилган масалалар муҳокама қилинади. Афғонистон ярашув кенгаши ва ҳукумат делегацияси раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг айтишича, мамлакатда тинчликни рўёбга чиқариш ҳар икки томондан мослашувчанликни талаб қилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, ҳозир тинчлик учун муносиб муҳит яратилган. Толибоннинг Давҳадаги ваколатхонаси раҳбари мулло Абдулғаний Биродарнинг ҳам айтишича, улар бугун Давҳада бошланган тинчлик музокараларида ижобий натижаларга эришиш учун бор кучларини сарфлайдилар. Манба: Ал-Жазира ва бошқа агентликлар).

5 – Шундан сўнг, комиссия ўша куннинг ўзида, яъни 2021 йил 18 июлда ўз ишини якунлаб, учрашув ҳақида қўшма баёнот чиқарилди. (Давҳадаги Ал-Жазира мухбирининг айтишича, Афғон ҳукумати билан Толибон ҳаракати Қатар воситачилигида Давҳада ўтказилаётган музокаралар тўғрисида якуний қўшма баёнот чиқаришга ҳамда Давҳа музокаралари доирасида яқинда навбатдаги учрашувни ўтказишга келишиб олдилар. Томонлар бир неча ўн йиллардан бери давом этиб келаётган можаронинг адолатли ечимини топиш учун музокараларни тезлатиш борасида ҳам келишувга эришганлар. Афғон ҳукумати ва Толибон ҳаракати делегацияларининг қўшма баёнотида адолатли ечимга эришиш учун музокараларни тезлатишга ва ечимга эришилгунига қадар музокараларни олий даражада ўтказишга келишиб олингани айтилади. Ушбу қўшма баёнот бир неча ўн йиллик урушдан кейин мамлакатда тинчлик ўрнатишга қаратилган сиёсий ечимга эришиш йўлидаги Афғон тинчлик музокараларининг иккинчи сессияси ортидан чиқарилди. Толибон ҳаракати делегациясидаги манбанинг билдиришича, Толибон ўзи билан ҳукумат ўртасида ишончни мустаҳкамловчи чора-тадбирларини ўз ичига олган таклифни киритган. Унга кўра, ўртага ташланган таклиф ҳар икки тарафдаги маҳбусларни озод этиш ҳамда муборак қурбон ҳайити кунларида вақтинчалик сулҳ эълон қилишдан иборат бўлган». Манба: Ал-Жазира ва бошқа агентликлар).

6 – Америка Афғонистонда Толибон билан бўлган музокараларда фойдаланган бир қанча давлатларнинг позициясига ҳам тўхталиб ўтиш лозим:

а)   Покистон: 2018 йилда Толибонни Қўшма Штатлар билан музокара олиб боришга мажбурлаган давлат Покистон бўлган. Шунинг учун Залмай Халилзод Покистонга Толибоннинг музокаралар учун Давҳага боришига қулайлик яратиб бергани учун миннатдорчилик билдирди. АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ҳам «Покистон Афғон тинчлик жараёнини доим қўллаб-қувватлагани учун» 2021 йил март ойида покистонлик ҳамкасбига ўз миннатдорчилигини билдирди. Фажр журналида ҳам бундай дейилади: (Пентагон раҳбари Покистоннинг Афғон тинчлик жараёнидаги ролини олқишлайди. Фажр журнали, 2021 йил 23 март) Дарҳақиқат, Американинг Афғонистондаги стратегиясида Покистондаги юқори мартабали зобитлар ва сиёсий элита асосий рол ўйнади.

Шундай қилиб, Покистон жуда муҳим ролни ўйнади ва унинг роли ўз тарихига эга. Зеро, Афғонистондаги Толибон ҳаракатининг келиб чиқиши ҳам Покистонга бориб тақалади. Ҳозир ҳам, Покистон разведка хизматлари Афғонистонда таъсирга эга бўлиб, уларнинг Толибон ичида одамлари бор. Шунинг учун Америка кўп ҳолларда Покистон ролига таянди.

б)   Туркия: Туркия Афғонистонга яқинлашиб, у ерда ҳам худди Сурия ва Ливияда қилганидек, Американинг ташқи сиёсатидаги мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Туркиянинг Анталия шаҳридаги денгиз курортида бўлиб ўтган халқаро учрашув чоғида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Афғонистоннинг Қобул аэропорти хавфсизлиги Туркия тарафидан таъминланишини таклиф қилди… Ўтган ой Брюсселда бўлиб ўтган Байден-Эрдоган учрашувидан кейин Вашингтон Анқарани Қобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашдаги асосий ролни ўз зиммасига олгани учун олқишлади. Вашингтон Туркиядан Қобул аэропортини қўриқлаб беришини истамоқда. Зеро, аэропорт яқинида ҳануз унинг 500га яқин аскари мавжуд. Байден ўзининг сўнгги нутқида бунга ишора қилиб, «Биз Қобулдаги халқаро аэропорт хавфсизлигини таъминлаш учун ҳамкорларимиз билан яқиндан иш олиб боряпмиз», деди. Эрдоган ҳам бундай деди: «Туркиянинг миссияси қандай бўлишини, нимани қабул қилишимиз ва қабул қилмаслигимизни АҚШ ва НАТО билан бўлган музокараларда белгилаб олганмиз… Шунингдек, бу мавзуни НАТО саммитлари пайтида, Байден билан учрашганимда ҳамда делегациялар мунозараларида ўртага ташлаганмиз… Афғонистондаги бу вазифани энг муносиб шаклда бажарамиз». Ал-Жазира, 2021 йил 9 июл). Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Калин «НАТО кучлари чиқиб кетиб, ушбу ёз ойида Афғонистонда АҚШ бошчилигидаги «қатъий қўллаб-қувватлаш» миссияси тугаганидан кейин Туркия Қобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашда давом этиши мумкин», деб айтди. (Шарқул Авсат, 2021 йил 3 июл). Толибон ҳаракати Туркия армиясининг Афғонистондаги ҳозирлигига қарши чиқди. У ўз баёнотида «Қўшма Штатлар бошчилигидаги халқаро кучлар мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин Афғонистонда Туркия қўшинларининг қолишини рад этиб, бундай қарорнинг қораланишини таъкидлади. Сўнг, «Турк раҳбарларининг қарори оқилона қарор эмас, чунки у бизнинг суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни бузиш ҳисобланиб, миллий манфаатларимизга зид келади», деб айтди. (Ал-Жазира, 2021 йил 13 июл).

в)   Ўрта Осиё: Қўшма Штатлар Ўрта Осиё раҳбарлари билан ўз кучларининг бир қисмини у ерга жойлаштириш ҳақида гаплашаётган эди. Нью-Йорк Таймс газетасида билдирилишича, АҚШ расмийлари минтақадаги базалардан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилиш учун Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари билан боғланган. 22 апрел куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўз твитларида Америка ва НАТО кучларининг ҳарбий базалардан фойдаланиши тўғрисида Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари билан гаплашганини ёзди. Унга кўра, бу базаларга Афғонистон мудофааси учун дронлар, узоққа учадиган бомбардимончи самолётлар ва жосуслик тармоқлари жойлаштирилади. (Нью-Йорк Таймс, 2021 йил 27 апрел).

7 – Юқорида айтиб ўтилганлардан қуйидагилар аён бўлади:

а)   Музокараларнинг давом этиши Американинг Афғонистондан бутунлай чиқиб кетишига олиб бормайди. Аксинча, бу бир алдовдир. Зеро, Америка олд эшикдан чиқиб, орқа эшикдан қайтиб киради. Чунки орқа эшик бир томондан Покистон, Туркия ва Эрондаги тобе ва малайлари томонидан қўриқланаётган бўлса, иккинчи томондан айни давлатлар билан бирга АҚШнинг Афғонистондаги нуфузини сақлаб қолишда асосий ролни ўйнаётган у ердаги америкапараст кимсалар томонидан қўриқланмоқда.

б)   Қатарга келсак, у иккита мақсадни кўзлаб музокаралар учун муҳит ҳозирламоқда. Биринчиси, Саудия томонидан жорий қилинган (эмбарго) қамалнинг бекор қилинишини кўзламоқда. У ҳақиқатдан, Трамп маъмурияти даврида, хусусан 2020 йил 29 февралда Давҳа шартномаси тузилганидан кейин ўзининг бу мақсадига етишди… Иккинчи: Қатар ҳамда унинг ортидаги инглизлар Толибон билан ўрнатилган алоқаларидан Американи ноқулай аҳволга солиб қўйиш учун фойдаланмоқда. Зеро, Қатарнинг муаммоларни пайдо қилиб туриши янгилик эмас. Шунинг учун Толибонга молиявий ёрдам кўрсатиб, ваколатхона ва медиа-платформасини очиб берган. Бундан ташқари, Америка Толибон ҳаракати билан бўлган алоқаларини осонлаштиришда Қатарнинг ролига муҳтож… Шу тарзда инглизлар Американинг Толибон ҳаракати билан бўлган алоқаларини осонлаштиришда Қатарнинг ролига муҳтожлигидан фойдаланиб, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ўзларининг Қатар ва Форс Кўрфазидаги манфаатлари йўлида ишлатишмоқда.

в)   Толибоннинг Америка ҳамда унинг Афғон режимидаги малайлари билан музокарага киришиши катта хато бўлди. Куч-қудрат эгаси бўлган Аллоҳдан Афғонистондаги мусулмонларни бундай музокараларнинг ёмонлигидан сақлашини сўраймиз. Чунки мустамлакачи кофирлар фақатгина ўз шароитларидан келиб чиқиб, ўз манфаатларини рўёбга чиқариш учунгина музокара олиб борадилар. Зеро, Американинг ҳозирги ҳолатини диққат билан ўрганган киши шунга амин бўладики, огоҳ қалб эгаси бўлган ёки сидқидилдан қулоқ тутган ҳар қандай киши учун Американинг қуйидаги ҳолатда экани очиқ аёндир:

Биринчи: XXI асрда Хитойнинг ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатга айланиши Америка манфаатларига таҳдид солмоқда. Бутун эътиборни Хитойга қаратиш Америка учун устувор вазифага айланган. Биз ҳозиргина айтиб ўтган Америка расмийларининг баёнотлари шуни кўрсатмоқда. (Байден 2021 йил 8 июлдаги нутқида бундай деди: …Айни дамда хавф-хатар Афғонистон ташқарисидан келяпти. Ҳозирга келиб, Хитой билан стратегик рақобат устувор вазифамизга айланган).

Иккинчи: Американинг Афғонистондаги босқинчилиги давомида кўрган зарарлари ҳақида ҳозиргина айтиб ўтдик: (BBC News 2020 йил 29 февралда Давҳа шартномасига изоҳ бериб, (Афғонистонда 2400дан зиёд АҚШ аскари ўлдирилди), деб айтди.

Буларнинг барчаси шуни кўрсатмоқдаки, Америка Афғонистондан музокараларни амалга оширмасдан чиқиб кетадиган бўлса, мағлуб ҳолда чиқиб кетган бўлади. Чунки музокаралар унинг нуфузини сақлаб қолиб, урушда қўлга кирита олмаган ютуқларини таъминлайди.

г)   Биз Толибон сафида содиқ ва холис биродарлар борлигини биламиз, шунинг учун ўшаларга мурожаат қилмоқчимиз:

  • Улар ишларни тўғрилаб, музокараларни тўхтатишлари, Американинг урушда қўлга кирита олмаган ютуқларни қўлга киритишига имкон бермасликлари керак…
  • Халифаликсиз узоқ вақт ҳаёт кечиришимиз ортидан, мусулмонларнинг тақдирий масаласи Халифаликни қайта барпо этишдан иборат эканига аниқ ишонч ҳосил қилишлари лозим. Зеро, Халифаликни барпо этиш билан Аллоҳ Таолонинг фарзини адо этиб, Росулуллоҳ ﷺга итоат қилган бўламиз.
  • Ислом ва илмонийлик аралашмаси бўлган ҳокимиятда иштирок этиш Аллоҳ тарафидан қабул қилинмаслигини билишлари лозим. Зеро, куч-қудрат эгаси бўлган Аллоҳ фақат тоййиб (яхши) амалнигина қабул қилади.

Мана шу ҳақиқатдир.

فَمَاذَا بَعْدَ الْحَقِّ إِلَّا الضَّلَالُ

«Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос» [Юнус 32]

Толибонни, юртни, юрт аҳолисини ва бутун мусулмонларни ҳаққа эргашишгина қутқаради… Ҳизб ут-Таҳрир сизларга насиҳат қилиб, чақираётган нарса мана шудир. Сизлар ҳукмронлик қилиб турган пайтингизда ҳам биз сизларни Халифаликни барпо этиш орқали ҳаққа эргашишга чақирган эдик. Бироқ сизлар буни рад этдингиз. Кейинчалик, рад этиб хато қилганингизни ҳам англаб етгансиз… Бу ҳақда йиғинларнинг бирида мулло Умар роҳимаҳуллоҳнинг ўзи тан олгани айтилади. Лекин кеч бўлган эди. Мана, биз сизларга қайта насиҳат йўлламоқдамиз, уни қабул қилувчи борми?

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ يَحُولُ بَيْنَ الْمَرْءِ وَقَلْبِهِ وَأَنَّهُ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ

«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланурсизлар» [Анфол 24]

9 зулҳижжа 1442ҳ

19 июл 2021м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here