Нигердаги давлат тўнтаришининг сабаб ва оқибатлари

8566
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Нигердаги давлат тўнтаришининг сабаб ва оқибатлари

Савол:

2023 йил 13 август якшанба куни Нигердаги ҳарбий хунта етакчилари (ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Базумни «давлатга хиёнат» ва «мамлакат хавфсизлигига путур етказиш» айбловлари билан жиноий жавобгарликка тортмоқчи эканликларини билдиришди… Улар Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) томонидан жорий қилинган санкцияларни яна бир бор қораладилар. Ал-Жазира, 2023 йил 14 август). Нигер президент гвардияси қўмондони генерал Абдураҳмон Чиани 2023 йил 28 июл куни расмий телевидение орқали чиқиш қилиб, ўзини мамлакатнинг ўтиш даври раҳбари этиб тайинланганини билдирди. Бу ўзларини «ватанни қутқариш миллий кенгаши» деб атаган президент гвардияси аскарлари мамлакат президенти Муҳаммад Базумнинг ағдарилганини билдириб, уни ўз қароргоҳида қамал қилишларидан икки кун ўтиб содир бўлди. Савол шуки, ушбу тўнтариш амалиёти мамлакатдаги нуфузли кучлар ўртасидаги зиддият билан боғлиқ ички масалами ёки унинг ортида ташқи кучлар турибдими ва амалиёт халқаро курашнинг бир қисмими? Кейин, Базумнинг давлатга хиёнатда айблангани, лекин ҳибсга олинмагани ва хориждаги расмийлар билан боғланганини қандай тушуниш мумкин?

Жавоб:

Воқелик тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

Биринчи: Тўнтариш сабаблари ва уни амалга оширганлар:

  • Полковник майор Амаду Абдураҳмон ҳарбий кийимдаги тўққиз нафар ҳарбий хизматчи билан бирга телевидение орқали чиқиш қилиб, бундай деди: («Биз, мудофаа ва хавфсизлик кучлари Ватан мудофааси миллий кенгашига йиғилиб, сиз билган режимга барҳам беришга қарор қилдик. Бу хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашуви ҳамда иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги қониқарсиз бошқарув туфайли бўлди». Амаду «барча ташқи ҳамкорлардан аралашмаслик»ни талаб қилди ҳамда кечки соат ўндан эрталабки соат бешгача – кейинги огоҳлантирувга қадар – мамлакат бўйлаб комендантлик соати эълон қилди… Франс Пресс, 2023 йил 26 июл).
  • Эртаси куни армия – биринчи куни пайсалга солгандан сўнг – тўнтаришни қўллаб-қувватлашини билдирди… 2023 йил 27 июлда расмий француз саҳифаси «France 24» армиянинг президент Муҳаммад Базумни ағдарган мудофаа ва хавфсизлик кучларига содиқлигини билдирган баёнотидан иқтибос келтирди. Унда «қуролли кучлар сафида ички жанг келиб чиқишини олдини олиш учун» шундай қилингани айтилади… Армия бош штаб бошлиғи Абдуҳ Сиддиқ Исо томонидан имзоланган баёнотда ҳарбийларнинг Базум режимига барҳам бериш ҳақидаги эълони қўллаб-қувватлашгани айтилади». Афтидан, армия қўмондонлиги бир кун пайсалга солиши ортидан тўнтаришни бартараф эта олмаслигини билгандан сўнг уни қўллаб-қувватлаган кўринади.
  • 2023 йил 29 июлда Ҳурра агентлигининг ёзишича, «Чиани собиқ президент Муҳаммад Юсуфуга содиқ эди. Юсуфу ўзининг 2011-2021 йиллардаги икки марталик президентлик муддати даврида Чианини президент гвардияси қўмондони этиб тайинлаган эди». Франциянинг Африка масалаларига ихтисослашган «Jeune Afrique» журнали бундай хабар нашр қилди: «Президент гвардияси мамлакат президенти Муҳаммад Юсуфуда катта қизиқиш уйғотган. Шу сабабдан президент унга давлат тўнтаришларини олдини олиш учун барча ваколат ва имкониятларни берган эди». Журналда яна бундай қўшимча қилинади: «Генерал Чиани ҳақида унинг шафқатсиз одам бўлгани, армия ундан қўрқиб туриши айтилади». Бундан маълум бўлишича, собиқ президент Юсуфу армиядан қўрқар эди. Чунки армия Франциянинг содиқ тарафдорлари томонидан назорат қилиб келинган. Нигерга сохта мустақиллик бергандан бери армияни тузган ҳам Франция бўлади. Зотан, Юсуфуга қарши 2015 йилда муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уриниш содир этилган бўлиб, унинг ортида армиядаги францияпараст кучларнинг турганлиги истисно қилинмайди. Шунинг учун Юсуфу Абдураҳмон Чианининг унвонини кўтариб, турли сабабларга кўра Франция малайлари томонидан амалга ошириладиган тўнтаришларга қарши ўзини ҳимоя қилиши учун унинг куч-қудратини мустаҳкамлади.
  • Нигер 1960 йилда Франциядан шаклан мустақиллигини эълон қилганидан буён мамлакатда тўртта муваффақиятли давлат тўнтариши ва бир қанча муваффақиятсиз уринишлар содир бўлди. Ушбу охирги тўнтаришдан олдинги муваффақиятли давлат тўнтариши 2010 йилда ҳарбийлар томонидан Франция малайи президент Муҳаммад Танжага қарши амалга оширилган эди. Ўшанда ҳарбийлар «Демократияни тиклаш бўйича Олий Кенгаш» тузилганини билдириб, пойтахт Ниамейдаги қўллаб-қувватлаш бўлинмаси қўмондони Салу Жибони кенгаш раиси қилиб тайинлашган эди. Биз ушбу давлат тўнтариши тўғрисида 2010 йил 20 февралдаги саволга жавоб нашрамизда бундай деган эдик: «Америка тарафидан берилган мазкур баёнотларда президентлик муддатини узайтирилганига ишора қилиниши ҳақиқий жавобгарликни президентга юклаш ва инқилобни оқлаш учундир. Шунингдек, АҚШ давлат департаменти матбуот вакили ҳам президентни ҳукуматга қайтаришга ва у билан инқилобчилар ўртасида диалог ўтказишга чақиргани йўқ. Аксинча, янги сайловлар ўтказиш ва янги ҳукумат ташкил қилишга чақирди. Буларнинг барчаси давлат тўнтариши ортида Америка турганини тасдиқлайди… Бироқ Франциянинг барча турдаги нуфузи у ерда сақланиб қолаверди. Франциянинг ядровий манфаатларини таъминлаб туриш учун у ерда ҳали ҳам 1500га яқин франциялик истиқомат қилиб келмоқда. Зеро, бу мамлакат уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Шунинг учун Нигер америкаликларнинг бошқа Африка юртлари каби, ҳукмрон бўлиб олиш ва у ердан Франция нуфузини чиқариб ташлаш учун очкўзларча кўз тикаётган юрт бўлиб турибди. Африка мамлакатларининг аксари исломий юртлар бўлиб, кўплаб табиий ресурсларга бойдир. Бу юртлар барча турдаги хом ашё ва энергия манбаларига эга ҳисобланади. Шу боис Европа ва Америка каби очкўз мустамлакачи Ғарб давлатлари ўртасида кураш майдони бўлиб келди».
  • Дарҳақиқат, ўша давлат тўнтаришидан кўп ўтмай, бир неча ойдан кейин 2011 йилда Америка талаблари асосида сайловлар ўтказилди. Унда Нигернинг Демократия ва Социализм партияси раҳбари Муҳаммад Юсуфу ғалаба қозониб, 2011 йил 7 апрелдан расман мамлакат президентига айланди. Шундан сўнг Юсуфу партия раҳбарлигидан истеъфога чиқди ва уни Муҳаммад Базум ўз зиммасига олди. Базум Юсуфу билан биргаликда 1990 йилдан бери айни партия асосчиларидан бири ва Юсуфунинг яқин дўсти ҳисобланади. Юсуфу уни ташқи ишлар бўйича давлат вазири қилиб тайинлаган бўлса, 2015 йилда республика президенти ҳузуридаги давлат вазири лавозимига тайинлади. Юсуфу иккинчи муддатга сайланганида, Базум ички ишлар, жамоат хавфсизлиги ва марказсизлаштириш бўйича давлат вазири этиб тайинланди. Юсуфу билан Базум президент Муҳаммад Танжанинг мухолифлари эди. 2010 йил 18 августда Муҳаммад Танжа ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимиятдан ағдарилган пайтда Юсуфу билан Базум давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Буларнинг барчасидан Юсуфу ва Базумнинг америкапараст экани тушунилади.
  • Муҳаммад Юсуфу 2011-2021 йиллар оралиғида сайловлар орқали икки муддат президентлик лавозимини эгаллаган пайтда Америкага яқинлигини кўрсатди. У Америкага Нигерда биринчи 2014 йил, кейин 2018 йилда иккита муҳим ҳарбий база қуришга рухсат берди. Бу базаларда мингдан ортиқ америкалик аскарлар ва кўплаб дронлар жойлаштирилган. 2018 йил 13 сентябр куни NoonPost веб-сайтида Нигердаги АҚШ базалари ҳақида таржима қилинган мақола чоп этилди. Унда собиқ президент Муҳаммад Юсуфунинг «Гардиан» газетасига берган интервьюсидан қуйидагича иқтибос келтирилган: «Мен ажнабий кучлар, атамасининг ишлатилишини ёқтирмайман. Чунки Америка кучлари дўст кучлардир. Сир эмаски, АҚШ кучлари мамлакатимизга бизнинг талабимиз билан келишган, миссияси тугагач, қайтиб кетишади». Шунга қарамай, Юсуфу ўз мамлакатининг Франция билан бўлган алоқа ва иттифоқларини сақлаб қолди ва француз кучларини чиқариб юбормади. Аксинча, 2014 йилда терроризмга қарши кураш баҳонаси билан Франция ташкил қилган ва унинг бошчилигидаги Соҳил мамлакатлари коалициясига ҳам қўшилди. Кўриниб турибдики, Юсуфу Нигердан Франция таъсирини осонликча чиқариб юборолмайди. Шунинг учун терроризмга қарши кураш ниқоби остида мамлакатга киритган Америка таъсирини кучайтиргунига қадар у билан муроса қилиб турибди.
  • Муҳаммад Базум Муҳаммад Юусуфудан кейин унинг ёрдами билан 2021 йил 21 февралда президентликка сайланиб, 1 апрелда расман президентлик лавозимини эгаллагач, Муҳаммад Юсуфу сиёсатини давом эттиришга ваъда берди. Унинг инаугурациясидан икки кун олдин унга қарши давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди. Тўнтаришни олдини олишда президент гвардияси қўмондони, Муҳаммад Юсуфуга содиқ бўлган Абдураҳмон Чиани муҳим роль ўйнади… Базум мамлакатда Американинг мавжудлигини қўллаб-қувватлашда давом этди ва у билан муносабатларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Арабий21 веб-сайти Американинг Нигердаги мавжудлиги ҳақида АҚШнинг «The Intercept» веб-сайтида берилган 2023 йил 27 июлдаги ҳисоботдан иқтибос келтириб, Муҳаммад Базумнинг АҚШ давлат котиби Блинкенга айтган гапини келтирди: «Қўшма Штатлар афзал кўрилган вариант бўлиб қолмоқда ва биз ҳақиқий натижаларга эришишга қодирлигимизни унга исботлаб беришимиз керак», деди. Афтидан, Базум сиёсати ҳам ўзидан олдинги ҳамкасби ва дўсти Юсуфу каби америкапарастликдан ҳамда Франция ва унинг мавжудлигига адоват қилмасликдан иборат. Зеро, сиёсий ва ҳарбий доиралар илгари юртни олтмиш йил давомида бевосита мустамлака қилиб келган, кейинчалик қарийб яна олтмиш йил билвосита ўз чангалида ушлаб келган Францияга мойилдир.

Иккинчи: Юқоридагилардан аён бўляптики, Муҳаммад Юсуфу билан Базум америкапараст кимсалардир. Президент гвардияси қўмондони Абдураҳмон Чиани ҳам Юсуфунинг яқин дўсти ҳисобланади. Шу боис Юсуфу унга катта ваколатлар берган. Чиани Базумнинг инаугурациясидан икки кун олдин унга қарши давлат тўнтаришга уринишнинг олдини олишда муҳим роль ўйнаган эди… Бу эса учаласининг ҳам бир хил йўлда эканини англатади. У ҳолда, нега бу тўнтариш юз берди? Воқеалар ва уларнинг келиб чиқиши ўрганилса, қуйидагилар аён бўлади:

  • Юқорида айтиб ўтганимиздек, президент гвардияси қўмондони Чиани Юсуфунинг ишонган ва яқин одами бўлиб, армия сафидаги Франция малайларининг тўнтариш операцияларига қарши Юсуфунинг ҳимоячиларидан бири эди. Оммавий ахборот воситалари, шу жумладан «Шарқул Авсат»да ҳарбий хунта етакчиси Абдураҳмон Чиани билан боғлиқ маълумотлар эълон қилинди. Хабарда Абдураҳмон Чианининг армия сафига қўшилгани ва мамлакатдаги муҳим вазифаларни бажаришдан олдин баъзи ҳарбий бўлинмаларга раҳбарлик қилиш учун офицерлик даражасига кўтарилгани, аммо 2011 йил собиқ президент Муҳаммаду Юсуфу қудратга келганидан кейин тезда машҳур бўлиб, унинг ишончли одамига айлангани айтилди. Юсуфу ҳукмронлиги даврида Чиани ҳарбий унвонларга тез кўтарилиб, ҳарбий муассасадаги одатдаги босқичларни босиб ўтмасдан генерал унвонини қўлга киритди… Юсуфу уни 2015 йилда, айниқса, ўзига қарши тўнтариш уриниши ортидан президент гвардиясига қўмондон қилиб тайинлади. Ушбу гвардия президентни ҳимоя қилишдан масъул бўлган сараланган бирлик ҳисобланади.
  • Муҳаммад Базум ҳокимият тепасига келишидан икки кун аввал ҳамда расман мамлакат президенти этиб тайинланиб, конституциявий қасамёд қилишидан олдин 2021 йилда муваффақиятсиз давлат тўнтариш уринишига дуч келди… Бу нарса уни президентлик гвардияси батальонида кенг кўламли ўзгаришлар киритишга ундади. Аммо ҳокимиятни тўғридан-тўғри топширган Юсуфунинг тавсиясига биноан генерал Чианини батальон раҳбарлигида қолдирди. Юсуфу ҳокимиятдан кетса-да, Базум билан яқин алоқада бўлиб келди. У, шунингдек, ҳукмрон партиядаги биринчи сўз соҳиби, деб эътибор қилинади. Шу боис, ўз ўғлини ҳукуматга энергетика ва конлар вазири этиб олиб келди.
  • Манбаларда айтилишича, Базумга яқин одамлар уни Чиани борасида огоҳлантириб, ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун уни президент гвардияси батальони қўмондонлигидан четлатишни маслаҳат берган. Аммо Базум ўз дўсти Юсуфунинг тавсиясига биноан уни қўмондонликда сақлаб қолган. Бироқ, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлардаги сиёсий фаоллар Базумнинг Чианини ишдан олишни ҳамда ҳарбий муассаса ва президент гвардияси раҳбариятида ўзгаришлар қилишни режалаштираётганини билдиришди. Собиқ президент Юсуфунинг ўғлини энергетика ва конлар вазирлигидан бўшатмоқчи экани ҳам айтилди. Буларнинг барчаси у билан собиқ президент ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига сабаб бўлди… Тўғрироғи, Юсуфу билан унинг яқин дўсти Чианининг безовталанишига олиб келди. Кейин халқ орасида Базумнинг обрўси тушиб кетди. Базум мамлакатнинг ярмини ташкил қилувчи Ҳауса қабиласидан эмас, балки арабларга бориб тақалгани учун ҳукмрон партиянинг бир қатор етакчилари унинг юксалишидан безовта бўла бошлашди. Унинг пойтахтда кам овоз олганлиги ҳамда президент бўлишидан икки кун ўтиб унга қарши амалга оширилган тўнтаришга уриниш ҳодисаси буни кўрсатиб турибди. Базумни бошқа миллат вакиллари ҳам, армиядаги айрим ҳарбийлар ҳам яхши кутиб олишмаганди.
  • Шундай қилиб, генерал Абдураҳмон Чиани собиқ президент Юсуфу даврида президент гвардияси қўмондони этиб тайинланган, бироқ амалдаги президент уни лавозимидан четлаштириш ҳақида ўйлаётган эди… Ал-Жазира ўзининг веб-сайтида 2023 йил 28 июл куни «Медиапарт» ҳисоботидан қуйидагича иқтибос келтирди: (Генерал Абдураҳмон Чиани собиқ президент Муҳаммаду Юсуфу даврида президент гвардияси қўмондони бўлган. Аммо ҳозирги президент уни алмаштириш ҳақида ўйлаётган эди. Чунки Нигердаги ҳарбий экспертлар орасида Чиани собиқ президентнинг энг катта ишончли одами сифатида танилган. Сиёсий таҳлилчи Мусо Аксарнинг сайтимизга билдиришича, ҳамма нарса Муҳаммад Юсуфунинг ҳокимиятга қайтишни хоҳлаётганидан далолат беради… Юсуфу нефтни назорат қилишни хоҳлаган ва бир қанча компанияларда кўплаб улушларга эга бўлган. Бу ҳақда собиқ президент даврида Нигер мудофаа вазирлигида ўғирлик содир этилганини кўрсатувчи тергов ҳисоботларида айтилган». Бу гаплар давлат тўнтаришининг ички сабаблар билан боғлиқлигини, гўёки бунинг асосий сабабчиси ички эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун давлат тўнтариши содир бўлганда АҚШ, Франция, Европа Иттифоқи, Британия, Россия ва минтақавий кучлар томонидан тўнтаришни қораловчи кучли реакция билдирилди… Гўё тўнтариш барча учун тасодиф бўлгандек эди!!
  • Шундай қилиб, Америка ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тўнтаришни қоралади… Франция ва Европа Иттифоқи қоралади… ЭКОВАС давлатлари қоралади… Ҳатто Нигерда ҳеч қандай нуфузга эга бўлмаган Британия ҳам қоралади! Қолаверса, Нигерга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ва у ерда ўзининг Вагнер кучлари мавжуд бўлмаган Россия ҳам қоралади. У намойишларда ўзининг байроғи кўтарилиши адаштирув эканини англамас эди! Оқ уй матбуот вакиласи Карин Жан-Пьер бундай деди: «Қўшма Штатлар Нигердаги давлат тўнтаришида Россия ёки унинг хусусий ҳарбий гуруҳи Вагнернинг иштироки ҳақида ишончли белгиларни кўрмаяпти», деди… Рейтер, 2023 йил 27 июл).

Учинчи: Хулоса:

  • Катта эҳтимолга кўра, ушбу тўнтариш ички сабабларга кўра, яъни бир томонда Юсуфу билан Чианидан, иккинчи томонда Базумдан иборат Америка малайлари ўртасидаги кураш ёки тўқнашув асосида юз берди. Юсуфу билан Чиани Базумнинг президент гвардияси қўмондонини ва Юсуфунинг ўғлини ишдан бўшатиш ниятида эканини билишган пайтда ушбу тўнтаришни уюштиришди. Аммо улар мунозара ва жавоб учун жой қолдиришди. Чунки уларнинг барчаси Америка малайларидир. Қолаверса, Базумни ҳибсга олиб, қамоққа ташлашни пайсалга солишди. Тўнтаришдан бир неча кун ўтгандагина – Базум ҳали ҳам ўз қароргоҳида бўлганида – уни хиёнатда айблашди. Баъзан унга имкониятларини торайтиришса, баъзан шифокор, дори-дармон ва озиқ-овқатига рухсат беришарди. Бир вақтнинг ўзида, Америка ва унинг Ниамейдаги элчиси бу муаммодан чиқиш йўлини топиш учун сафарбар қилинган… Ҳарқалай, бу тўнтариш АҚШ малайлари ўртасида қолмоқда.
  • Ушбу давлат тўнтаришдан энг кўп зарар кўрган Франциядир. Чунки уни амалга оширганлар америкапарастлардир. Улар ўзларининг давлат тўнтаришларига қонунийлик тусини бериш учун Франциянинг саросимали ва ғазабнок позициясидан фойдаланишди. Одамларнинг эски мустамлакачидан, мамлакатларини эксплуатация қилиб, бойликларини уларга озгина бўлса ҳам қолдирмай, талон-торож қилишидан нафратланишлари бу малайларга қўл келди. Зеро, 2023 йил 30 июл куни минглаб одамлар Франция элчихонаси олдида намойиш қилиб, уни қораловчи шиорлар кўтариб чиқишди.
  • Энди Америка у ердаги кризисни идора қилишга, уни Франция нуфузига қарши ишлатиш ва ўз нуфузини мустаҳкамлаш сари йўналтиришга ҳаракат қилади. Буни турли йўллар орқали қилиши мумкин, масалан:
    • Имкон бўлса, Базумни ҳокимиятга қайта олиб келиши, лекин бу осон бўлмаслиги мумкин. Базумни ҳокимиятга қайтариш АҚШ манфаатига хизмат қилади. Чунки у гарчи Франция билан муроса қилаётган бўлса-да, Америка малайидир. Зотан, жамоатчилик фикри тўнтаришга қарши бўлиб, Базумни қонуний йўл билан сайлангани боис ҳокимиятга қайтаришни талаб қилмоқда.
    • Ёки ўтиш даврини тугатиш ва янги сайловлар ўтказиш учун ҳарбий хунтага босим қилиши мумкин. Эҳтимол собиқ президент Юсуфу яна ҳокимиятга қайтиш учун ўз номзодини кўрсатар. Чунки ҳарбий хунта унинг одамларидан ва қабиласидан ҳисобланади. Шу тариқа Юсуфу ўзининг ва оиласининг нуфузини ҳимоя қилган ҳамда ўғирлик ва талончиликларини яширган бўлади. Айниқса, у Американинг малайи бўлиб, партиясида ҳам, юртнинг ярмини ташкил қилувчи қабилада ҳам катта таъсирга эга.
  • Шу тариқа, ўзининг ресурслари билан энг бой мамлакатлардан бири саналган ушбу исломий юрт энг қашшоқ давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Бунга ҳукмдорларнинг мустамлакачига малай эканликлари ҳамда мансаб ва омма молини ўзлаштириш эвазига у ёки бу мустамлакачига хизмат кўрсатишаётгани сабабдир. Улар ўз давлатининг манфаатларини, уни қандай озод қилиш ва ривожлантиришни ўйламайдилар. Гарчи улар мусулмон фарзандлари бўлсалар ҳам, ҳар қандай фикрдан маҳрумдирлар. Фикрий қолоқлик ва жоҳил миллатчилик туғёни сабабли одамлар ҳам тушунмай-нетмай шу золимларга эргашишяпти. Бу нарса тинчилик, хавфсизлик ёки барқарорлик келтирмайди. Акчинча, рошид Халифалик бўлмиш исломий бошқарувгина Ислом ва мусулмонларнинг азизлиги, куч-қудрати ва уйғониш йўлидир… Айниқса, Нигер мусулмон юрти, аҳолиси ҳам мусулмондир…

Ҳақиқат мана шу

﴿فَمَاذَا بَعْدَ الْحَقِّ إِلَّا الضَّلَالُ فَأَنَّى تُصْرَفُونَ﴾

«Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос. Бас, қай тарафга бурилиб кетмоқдасизлар?!»                                                                                                  [Юнус 32]

                                                                                                       

 28 муҳаррам 1445м

                                               

15 август 2023м

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here