Қирғизистон яна бир бор Хитойдан қарз юкини енгиллатишни сўради
Қирғизистон ТИВ раҳбари Руслан Казакбаев хитойлик ҳамкасбидан Қирғизистон бюджетига ташқи қарз юкини енгиллатиш масаласида ёрдам беришни сўради, деб хабар бермоқда ҚР ташқи сиёсий маҳкамаси матбуот-хизмати.
Хабарга кўра, 16 ноябр куни Казакбаев ва Хитой ТИВ раҳбари, Давлат кенгаши аъзоси Ван И билан телефон мулоқоти бўлиб ўтган. Бу октябр воқеаларидан кейин икки мамлакат ўртасидаги биринчи олий даражадаги мулоқотдир.
ТИВ раҳбари Қирғизистон томонининг ХХР билан дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда, шунингдек, халқаро мажбуриятларда ўз сиёсатини изчил давом эттиражагини тасдиқлаган.
“Коронавирус инфекциясининг макроиқтисодий вазиятга салбий таъсирини ҳисобга олган ҳолда, Қирғизистон ТИВ раҳбари давлат бюджетига ташқи қарздорлик юкини енгиллатишда ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди”, – дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
Казакбаев, ҳукумат мамлакатда фаолият юритаётган хитой компаниялари, корхоналари ва фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришини таъминлайди, дея алоҳида таъкидлаган. Ушбу мақсадларда ТИВда яқин истиқболда Қирғизистондаги етакчи хитой компаниялари ва корхоналари вакиллари билан доира суҳбатини ташкил қилиб, ушбу масалаларни батафсил муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Ван И Хитой томони халқаро кун тартиби бўйича ҳам Қирғизистон билан фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.
Қирғизистон ва ХХР ўртасида юк ташиш ҳажмини кўпайтириш мақсадида вазирлар қирғиз-хитой давлат чегарасидаги “Торугарт” ва “Иркиштом” назорат-ўтказиш пунктлари тўлиқ ҳажмда фаолият юритиши масалаларини муҳокама қилганлар.
Изоҳ: Охирги 12 йилда Қирғизистоннинг Хитой олдидаги давлат қарзи 200 баробар ўсди ва 1 миллиард 775 миллион 130 минг долларга етди. Қирғизистон ҳукумати ўтган йиллар мобайнида фақат олинган қарзларнинг фоизини тўлаб келди. Янги, 2021-йилдан бошлаб қўшимча фоиз билан бирга олинган қарзларнинг танини қайтаришни ҳам бошлаши зарур. Аммо бу қирғиз давлат бюджети учун ортиқча юк бўлиб, шундоқ ҳам ҳар йили камомад билан беркитилаётган бюджет учун адо қилиб бўлмайдиган даражага етди. Расмий маълумотларда келтирилишича, 30-октябр ҳолатига кўра, давлат бюджетидаги камомад 35,6 миллиард сомни ташкил этган. Шу сабабли ҳам расмий ҳукумат Хитой ва ҳақдор давлатлар билан қарз муддатини узайтириш ва енгиллик бериш ўтинчи билан музокаралар олиб бормоқда.
Табиийки, бу ҳақдор давлатлар қарз муддатини узайтириш эвазига Қирғизистонга маълум шартларни қўйишади. Масалан, Хитой ҳукумати қарз муддатини узайтириш эвазига Қирғизистондаги компаниялари хавфсизлигини таъминлаш ва Молия вазирилиги давлат қарзлари бошқармаси бошлиғи Руслан Татиков ошкор қилмаган, бироқ, кейинчалик президент вазифасини бажарувчи Жапаров томонидан аниқлик киритилган Норин вилоятидаги Жетим-Тоо темир конини бериш талаб қилган. Ушбу темир конида эса таҳминан 50 миллиард долларлик хом-ашё мавжуд. Катта эҳтимол билан қирғиз расмийлари Хитойнинг ушбу гартларига рози бўлади ва Хитойнинг иқтисодий экспансияси ҳамда ҳарбий иштироки кириб келишига замин ҳозирлаб беради.
Абдураҳмон Одилов