Марказий Осиё режимлари Исломга қарши курашда мусобақалашмоқда

4313
0

Марказий Осиё режимлари Исломга қарши курашда мусобақалашмоқда

Ўзининг диктатура режими билан танилган ва қора кучларга таянишни совет тузумидан мерос қилиб олган Марказий Осиёдаги режимлар Ислом ва мусулмонларга қарши курашда бир-бири билан рақобатлашмоқда. Бу борада ушбу режимлар қабул қилган қонунларнинг деярли барчаси бир-бирига ўхшашдир. Масалан, Ўзбекистон режими 24 июндан бошлаб 400дан ортиқ масжид ва намозхоналарни “бузиш” ёки ишлаб чиқариш объектига айлантириш мақсадида тадбиркорларга топшириш тўғрисида фармон чиқарди. Рўйхатдан ўтмаган масжид ва мадрасаларни ёпишга уринишлар президент Мирзиёевнинг диний масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишидан бир ҳафта ўтиб бошланди. Тоғут Каримов даврида ҳам худди шундай ишлар амалга оширилган эди.

Қонхўр Каримовнинг зулмини давом эттираётган Ўзбекистон хавфсизлик хизмати Ҳизб ут-Таҳрирнинг 23 нафар аъзосини яна ҳибсга олди. Каримов даврида судланган ва 1999-2000 йиллардан буён 20 йил умрини қамоқда ўтказган кишилар устидан, жорий йилнинг 9 май куни яна ўша аввалги айбловлари асосида суд мажлиси бўлиб ўтди. Шунингдек, Тошкент, Андижон, Қўқон, Қарши ва Самарқанд вилоятларида 16 нафар йигит зўравонлик ва террорчилик айби билан қайта ҳибсга олиниб, Тошкентга юборилди ва улар устидан тергов бошланди!

25 июн куни эса, Олий мажлис қонунчилик палатаси болаларни ноқонуний диний таълимга жалб қилишга нисбатан маъмурий жавобгарликни кучайтирувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Шу баҳонада мамлакатдаги ёзги таътилда болаларга Қуръон ўқитиладиган масканлар ва мадрасалар ёпилмоқда. Шу билан бирга, имом-хатибларнинг ижтимоий тармоқлар орқали насиҳат олиб боришлари ва хорижга чиқишлари ҳам ман этилди.

Бундан аввал Ўзбекистон парламенти аёлларнинг ниқоб кийишини тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилган эди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон режимининг Ислом ва Исломга даъват қилувчи ҳар бир кишига душманлик қилишда Каримов изидан бораётганини кўрсатмоқда.

Тожикистонда аёлларга ҳижоб кийиш, эркакларга соқол қўйиш тақиқлана бошланди. Хусусан, 19 июн куни Тожикистон парламенти юқори палатаси томонидан қабул қилинган “Анъана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонун билан миллий маданиятга мос келмайдиган кийимларни кийиш, реклама қилиш ва сотиш тақиқланди. Яъни, муслималарнинг ҳижоб ва ниқоб кийиши ман этилиб, қонунни бузганлар 65 минг сомоний ёки 6 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортиладиган бўлди. Худди шу қонун билан ҳайит кунларидаги совға-саломлар ва меҳмондорчиликларга чекловлар жорий этилмоқда. Бундан фарқли ўлароқ, Ғарб сақофати бўлмиш ярим яланғоч кийимлар, миллий маданиятга мос келмаса-да, тақиқланмаган.

2023 йилда Тожикистонда “экстремизм” ва “терроризм”да айбланиб, 200дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Ҳукумат хорижда таҳсил олаётган талабаларни ҳам ватанга қайтишга мажбур қилганлиги боис 718 нафар талаба уйига қайтишга мажбур бўлди. Тожикистон тоғути терроризм ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида ҳатто янги туғилган чақалоқларга исломий исмлар қўйишни ҳам тақиқлаган. Ҳукумат кучлари ўн минглаб эркакларнинг соқолини мажбуран олиб ташлади ва минглаб аёлларнинг ҳижобини ечишга мажбур қилди.

Қозоғистон режими ҳам диний эътиқоди туфайли баъзи фуқароларни ҳибсга олди, баъзиларига жарима солди. Ҳибсга олишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Болаларга рухсатсиз Қуръон ўқишни ўргатганликда айбланиб ўнлаб мусулмонлар жазога тортилди. Қозоғистонда ўқувчи қизларга рўмол ўраш тақиқланган. Атирау вилоятида бу чеклов туфайли мактабга бора олмаган қизлар сони 150 нафарга етди. 2023 йилнинг кузида ҳукумат ниқоб кийишни ҳам тақиқловчи қонунни қабул қилди.

Туркманистонда эса мусулмонлар доимо ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида туради. Полиция вақти-вақти билан мусулмонларнинг уйларига бостириб кириб, диний адабиётларни мусодара қилади. 2014 йилдан бошлаб Туркманистон “диний эркинлик жиддий бузилган” давлатлар рўйхатига киритилган. Давлат хавфсизлик кучлари томонидан 50 ёшгача бўлган мусулмонларнинг соқолини мажбуран олиш, сўнгра ароқ ичишга мажбурлаш, итоат қилмаганларни қаттиқ калтаклаш ва ҳеч қандай суд ва терговсиз 7-8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиш одатий ҳолга айланган. Давлат хизматчилари ва ҳарбий хизматчилар учун намоз каби ибодат турлари тақиқланган. Бунга бўйсунмаганлар дарҳол ишдан бўшатилиб, турли моддий ва жисмоний тазйиқларга дучор бўлишади.

Қирғизистон ҳукумати ҳам юқоридаги диктаторлардан қолишмай, ниқоб кийиш ва узун соқол қўйишга қарши кампания бошлади. Жогорку Кенеш депутати Шарапаткан Мажитова Қирғизистонда ниқаб ва узун соқол қўйишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим қилди. Ҳужжатда қоидани бузганларга 2000 сўм жарима солиш ёки 30 соат жамоат ишларига жалб этиш тавсия этилган.

Қирғизистон ҳукумати бу билан чекланиб қолмади, балки, масжид ва мадрасалар устида ҳам рейдлар ўтказди, расман рўйхатдан ўтмаганлик баҳонасида ўнлаб масжид ва мадрасаларни ёпди. Масалан, мамлакат бўйлаб 71та масжид ва 28та мадраса расмий рўйхатдан ўтмаганлиги баҳонасида ёпилди. 39та диний зиёратгоҳларга жарима солинди. 48та масжид ва 40та мадраса ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганликда айбланди ҳамда 55 масжид ва 6 та диний билим юртларига далолатнома тузилиб, кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, 2023 йилда Қирғизистонда “Ҳизб ут-Таҳрир” сиёсий партиясига аъзо бўлган 43 киши ҳибсга олинди. Бу 2022 йилга таққослаганда қарийиб уч баробар кўпдир. Яъни 2022 йилда тўққиз киши ҳибсга олинган эди. Жорий йил бошидан буён Ҳизбга қарши кураш яна кучайди, ўнлаб йигитлар ҳибсга олиниб, судланди. Расмий ҳукумат Ҳизб ва Исломга қарши курашида бу билан чекланиб қолмай, балки турли провокацион ҳаракатларни ҳам амалга оширмоқда. Масалан, Бекобод қишлоғида 16 ва 19 ёшли муслима қизлар давлат байроғини алмаштириб қўйганликда айбланиб, ҳибсга олинди. 31 май ва 4 июн кунлари ўтказилган рейдлар натижасида ушбу воқеа юзасидан қўлга олинган яна тўрт нафар муслима опа-сингилларимиз тергов изоляторида сақланмоқда. Бундан ташқари, 2023 йилда Бишкек, Чуй ва Жалолобод вилоятларида “Яқин Инкор” жамоасига аъзо экани айтилган жами 25 киши ҳибсга олинган. Жорий йилда ҳам ушбу жамоага аъзоликда айбланиб, ўнлаб мусулмонлар ҳибсга олинди.

Аслида, Марказий Осиё диктаторларининг диний қадриятларга қарши кураш олиб бориши ўзлари улуғлаб келаётган конституцияга ва халқаро қонунларга зиддир. Аниқроғи, демократиядаги дин эркинлиги ва шахс эркинлиги инсонга ҳар қандай динга эътиқод қилиш ва ҳар қандай имкониятдан фойдаланишни кафолатлайди. Бу “қадрият” дунёвий давлатнинг конституциявий қонунидир. Бироқ Ғарб ва унинг югурдаклари халқаро майдонда ўз ғоясидан аллақачон воз кечишни бошлаган. Бошқача айтганда, Ғарб учун бу эркинликлар фақат Ислом ва мусулмонлардан бошқаларга тегишли. Масалан, сатанизм ёки бошқа бузғунчиликлар учун диний эркинлик берилади. Мусулмон бўлмаганларга ўзлари хоҳлаган кийимни кийишлари ва ҳатто яланғоч юришлари учун йўл очиб берилади. Бироқ, исломий қадриятлар ҳақида гап кетганда, масалага бошқача назарда қаралади. Бу эса, демократик тузум билан диктаторлик тузум бир танганинг икки томони эканини, ҳар иккиси ҳам ўз хоҳиш-иродасини халқ иродасидан устун қўйишини билдиради! Хусусан, Ироқ, Афғонистон, Сурия ва охирги пайтларда Ғазода содир бўлган воқеалар озодлик, аёллар ва болалар ҳуқуқлари деган шиорлар бомбалар билан бирга ерга кўмилганини кўрсатмоқда.

Аслини олганда мусулмонлар Ислом ҳукмларига мустамлакачи кофирлар ва уларнинг малай ҳукмдорлари рухсат бергани учун ёки инсонга эркинлик берилгани учун амал қилмайди. Аксинча, Аллоҳнинг амри деб амал қилишади. Шундай экан, бу хоин раҳбарларга мурожаат қилиб айтамизки, Аллоҳдан қўрқинг ва Исломга юзланинг! Аслида сизнинг вазифангиз исломий қадриятларга қарши курашиш эмас. Аксинча, масжидлар қуриш ва у ерларда шарт-шароитлар яратиб қўйишдир! Мадрасалар очиб, мусулмон ёшларга ўз динларини ўргатишдир! Ҳижоб ва ниқобга қарши кураш эмас, балки ярим яланғоч юришлар ва ахлоқсизликларни тўхтатишдир. Лекин, афсуски, сиз Аллоҳнинг наздида азиз бўлишни танлаш ўрнига мустамлакачиларга малайлик қилиш билан ҳорликни танламоқдасиз! Модомийки, тўғри йўлга қайтмас экансиз, бу дунёда хорлик, охиратдаги азоб бундан ҳам қаттиқроқ бўлади! Шубҳасизки, мустамлакачи кофирлар ва уларнинг малайларининг ҳийла-найранглари бутунлай йўқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

وَيَمْكُرُونَ وَيَمْكُرُ اللَّهُ وَاللَّهُ خَيْرُ الْمَاكِرِينَ

“Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «маккор»роқдир”. (8:30).

Яна айтади:

أَلَا إِنَّ نَصْرَ اللَّهِ قَرِيبٌ

“Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир” (2:214).

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here