Ўзбекистон-Афғонистон-АҚШ форматидаги мулоқот кучайтирилади

778
0

Ўзбекистон-Афғонистон-АҚШ форматидаги мулоқот кучайтирилади

 Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (ДФC) бош ижрочи директори Адам Болер билан учрашди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот-хизмати.

 Учрашувда томонлар Болернинг 29-июн, 1-июл кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилганлар.

 Шунингдек, учрашувда саноат, хизмат кўрсатиш ва инфратузилмани ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва янги технологияларни жалб қилишда икки томонлама шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболлари белгилаб олинган.

 Ўзбекистон томони DFC иштирокида Ўзбекистонда нефт-газ, энергетика, кимё, транспорт, қурилиш, банк, фармацевтика ва бошқа иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини қайд этган. Шу нуқтайи назардан, Америка корпорацияси раҳбари йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга йўналтириладиган Марказий Осиё инвестиция жамғармасини ташкил этишга қизиқишини тасдиқлаган.

 Афғонистон инфратузилмасини яхшилаш ва мамалакатни ижтимоий-иқтисодий тиклаш Ўзбекистон билан DFC ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболли йўналиши ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, томонлар жорий йилнинг май ойида бошланган “Ўзбекистон-Афғонистон-АҚШ” уч томонлама ҳамкорлик шакли доирасида мулоқотни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

 Изоҳ: Ўзбекистоннинг Афғонистон инфраструктурасига қўшган ҳиссаси бошқа қўшни давлатларга нисбатан салмоқлироқдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча республикалар билан умумий чегарага эга ягона давлат. Бу ҳам АҚШнинг Марказий Осиёни Россия таъсири остидан узоқлаштиришда, Афғонистон орқали жаҳон бозорига олиб чиқиш орқали минтақани Россияга муқобил бўлган транзит йўл билан таъминлашда муҳум ўрин эгаллайди. Шу мақсадда “Термиз-Ҳайратон-Мозори Шариф” темир йўли қурилди. Табиийки, АҚШ бу мақсадига эришиши учун Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши зарур. Шу сабабли ҳам Америка “Толибон” билан тинчлик музокараларига киришди ва Ўзбекистонни воситачи ўлароқ танлади. Шу сабабли ҳам афғон расмийлари ва АҚШ вакиллари Ўзбекистонга серқатнов бўлиб қолишди ёки турли даражадаги учрашувлар орқали Ўзбекистонни бу жараёнда фаол иштирок этишда ундаб келишмоқда.

 Масалан, 2019 йилнинг 9 декабр куни “Осиё юраги – Истанбул жараёни” форумининг саккизинчи вазирлар конференцияси доирасида Ўзбекистон, АҚШ ва Афғонистон делегациялари раҳбарларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

 Шу йилнинг март ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Доҳада “Толибон” ҳаракати делегацияси раҳбари Бародар Охунд билан учрашди ва у билан Афғонистондаги тинчлик жараёни, шунингдек, Афғонистонга иқтисодий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилди. 

 2020-йил 30-июнда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Покистон, Қатар ва Ўзбекистонга ташриф буюриб, Афғонистондаги “тинчлик жараёни”ни муҳокама қилди.

 2020 йилнинг 28-29 август кунлари Афғонистон республикаси ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди…

 Маълумки, Ўзбекистон стратегик жиҳатдан муҳим нуқтада жойлашган бўлиб, Марказий Осиёнинг асосий стратегик йўналишига таъсир кўрсата оладиган ва табиий ресурсларга бой давлатдир. АҚШ, Россия ва Хитой ўртасида бораётган халқаро сиёсатдаги геосиёсий кураш Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон устида тобора кучайиб боришмоқда.

Абдураҳмон Одилов  

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here