Бугунги кунда Араб давлатлари яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришмоқда

388
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Бугунги кунда Араб давлатлари яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришмоқда

Хўш, биз ўзгариш замонида яшаяпмизми ёки фош бўлиш замонидами?!

Устоз Абдуллоҳ Мухлис қаламига мансуб

Амирликларнинг яҳудий вужуди билан муносабатларни очиқ-ошкора нормаллаштириши, сўнг бошқа араб давлатлари ҳам унга эргашаётгани бутун мусулмонларга, айниқса, араб диёри мусулмонларига оғир ботди. Илгари Анвар Садат машъум Кемп-Дэвид шартномасига, кейин Фаластин Озодлик Ташкилоти Осло шартномасига, сўнг Иордания Води-Араба шартномасига имзо чекканида бу мусулмонларга қаттиқ таъсир қилган эди.

Табиийки, бу каби қадамлар Умматнинг мафкураси, ақидаси, ташвиши ва характерига бутунлай ётдир. Ҳукмдорларнинг душман билан бўлган муносабатларидан Умматнинг зада бўлиши у билан ҳукмдорлар ўртасида зиддиятни келтириб чиқараётгани табиий ҳолдир. Бироқ Уммат шуни англамоғи лозимки, унинг ҳукмдорлари билан яҳудий вужуди ўртасидаги бу муносабатлар кеча пайдо бўлгани йўқ. Балки бу муносабатларнинг очиқ-ошкоралари ҳам бор, яширинлари ҳам. Ҳатто яҳудийлар билан ҳукмдорлар ўртасидаги муносабат ҳали Фаластинда яҳудий вужуди тикланмасидан туриб бошланган. Айниқса, ҳукмдорларнинг Фаластинни яҳудийлар босиб олишлари учун улар билан анча эрта тил бириктиришганини фош этувчи кўплаб ҳужжатлар мавжуд. Ҳатто айтиш мумкинки, шу ҳукмдорлар ишнинг бошида яҳудийлар билан яширин муносабат ва алоқалар ўрнатиш хиёнатига қўл уришмаганида Фаластин ҳам босиб олинмаган бўлар эди. Араб давлатларида ҳар сафар ҳарбий инқилоб бўлганда инқилобда яҳудийлар билан алоқа қилингани ва инқилобни шу алоқа билан оқланаётгани фош бўлар эди. Кейин Умматга Фаластин масаласини йўқ қилиш тил бириктирувида бу янги режимларнинг роли эски режимларнинг ролидан ҳам ёмон экани очилди. Сўнг яҳудий вужуди билан бўлган ушбу муносабатлар яққол ўртага чиқди-қолди. Масалан, сўнгги йилларда яҳудий вужуди билан муносабатларни расман нормаллаштиришдан олдин улар билан халқаро форумларда учрашувлар ўтказиш, ваколатхоналар очиш ва ошкора борди-келдилар қилиш кўпайди. Айниқса, Амирликлар билан. 2010 йил Абу-Дабидаги «Қайта тикланувчи энергетика бўйича халқаро агентлик конференцияси»да яҳудий вужуднинг инфратузилма бўйича вазири иштирок этди. Ундан олдин Дубайда яҳудийларнинг савдо офиси очилди. Бу Қатар, Баҳрайн, Уммон ва сўнгги пайтларда Суданга тегишли.

Шундай экан, Амирликларнинг яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиргани эълон қилиниши ва бошқа араб давлатларнинг ҳам унга эргашиши ҳақидаги гапларнинг пайдо бўлиши, булар турли вақтларда битта оқимда ва Американинг услуби ўзгариши натижасида бўлмоқда. Чунки Америка Фаластин инқирози, айниқса, «Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни», деб номланган ёндашувида услубларни ўзгартирмоқда. Масалан, илгари Америка маъмурияти араб давлатларига яҳудий вужуди билан умумий шаклда тинчлик битимини имзолашга кўрсатма берар, ундан кейингина муносабатларни нормаллаштиришга кўрсатма берар эди. Бу ўз режасига эргашишлари учун уларга босим қилиш доирасида бўларди ва ўша пайтдаги ҳукмдорлар яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришни очиқ ошкор қилишмасди, буни фақат АҚШ маъмуриятига қарши чиқишдан қўрққани учунгина маълум қилишар эди. Аммо бугун эса, Трамп ва унинг куёви Кушнер «Араб-Исроил» кураши, дейилаётган кураш услубига одатдагидан кўра шаклан ва бироз мазмунан ўзгартиш киритишди.

Шунинг учун юқоридаги саволга қайтадиган бўлсак, бугунги кунда Араб давлатлари яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришмоқда, хўш, биз ўзгариш замонида яшаяпмизми ёки фош бўлиш замонидами?! Табиийки, бунинг жавоби: бу нарса фош бўляпти, бу ерда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Ҳали ҳам Ислом Уммати ва мана шу хоин давлатлар халқлари билан босқинчи яҳудийлар ўртасида душманлик мавжуд, у ўзгаргани йўқ. Ўзгариш шуки, бугунги кунда ҳукмдорлар босқинчилар билан муносабатларни яширмай очиқ-ошкор қиладиган бўлишди!

Бугунги ҳукмдорлар аввалги ҳукмдорлардан малайлик ва хоинликда кам эмас экан, у ҳолда, бугунги ҳукмдорларни бу қилмишларни яширмай очиқ-ошкор қилишга нима ундамоқда?!

Бунинг жавоби шуки, бугунги ҳукмдорлар ва уларнинг ортидаги ғарблик, америкалик ва яҳудий хўжайинлари Уммат тушкунликка тушди, у ақлан ва қалбан муваффақиятсизликка юз тутди, дея ўйлашяпти. Улар айниқса, Умматнинг норозилик ҳаракатлари ва Сурия, Ливия, Яман, Жазоир, Судандаги қўзғолонлари зарбага учраб, мусулмонларнинг туб ўзгариш ясаш умидларини қоронғу тупикка киритиб қўйганимиздан кейин шундай аҳволга тушди, деб ҳисоблашяпти. Шунингдек, Уммат душманлари Эрон билан ёқиб қўйганимиз мазҳабпарастлик ва тил бириктирув низоси мусулмонларни бизнинг қўйнимизга киришга мажбур қилади, ҳатто яҳудий вужуди билан муносабатларни расман нормаллаштиришга рози бўлишади, деган гумондалар.

Бу ўй-гумон омадсизлик гумонидир. Мусулмонлар душман билан душманликни доимо сақлаб туришга буюрилганлар. Аллоҳ Азза ва Жалла бундай демоқда:

لا تَجِدُ قَوْمًا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ يُوَادُّونَ مَنْ حَادَّ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَوْ كَانُوا آبَاءهُمْ أَوْ أَبْنَاءهُمْ أَوْ إِخْوَانَهُمْ أَوْ عَشِيرَتَهُمْ أُوْلَئِكَ كَتَبَ فِي قُلُوبِهِمُ الإِيمَانَ وَأَيَّدَهُم بِرُوحٍ مِّنْهُ وَيُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ أُوْلَئِكَ حِزْبُ اللَّهِ أَلا إِنَّ حِزْبَ اللَّهِ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

«Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Росули чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмайсиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) имонни битиб қўйган ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ (Қуръон) билан қувватлантирган. Уларни (Аллоҳ) остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан — У зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотларгина) нажот топгувчидирлар!» [Мужодала 22]

Яна бундай демоқда:

إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوًّا إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ

«Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишларига чақирур» [Фотир 6]

Мен бу ҳукмдорларнинг қилмишлари ёмон эмас, билъакс бу муносабатлар асли аввалдан мавжуд, деб айтмоқчи эмасман. Чунки бугунги кунда бу ҳукмдорларнинг Уммат душманларига содиқлиги шу даражада ёрқинки, бу ёрқинлик ўзларининг хоин ҳукмдорларига ҳамон яхши гумон билан қараётган кўпчилик мусулмонларнинг кўзларини очиб юборади. Қаранг, бу ҳукмдорларнинг қилмишлари ўз қўллари билан очилиб, уларнинг яҳудийлардан ҳам ёмон роль бажаришаётгани фош бўлди.

Бу сўзлар кўпчилик мусулмонларга янгилик бўлмас, эҳтимол. Бироқ уларни айтишдан мурод, суратнинг зоҳирини эмас, ҳақиқатини кўриш ҳамда кофирлар мусулмонлардан истаётган руҳий ҳолатни англашдир. Бас, эй мусулмонлар, ўз аҳволингизга қараб умидсизликка тушманг. Чунки мудом қонингизда Ислом жўш уриб турган экан, руҳий тушкунликка тушиб, заифлашманг. Аксинча, бу бузуқ воқелик сизнинг ғайратингизга туртки бўлсин ва Аллоҳ, Росули ва мўминлардан ҳаё қилмаётган бу даюс ҳукмдорларни ағдаришга ҳаракат қилишга ундасин. Чунки юртларимиздаги компас аниқ томонни кўрсатмоқда. Масалан, хоҳ Фаластинни озод этиш масаласи бўлсин, хоҳ инсонни мустамлака зулмидан қутқариш ёки ҳақиқий уйғониш масаласи бўлсин, сиз мусулмонларнинг ҳар қандай масала ва муаммоларига дуч келманг, уларнинг барчаси битта тарафни кўрсатмоқда: анави разил ҳукмдорларни йиқитиш тарафини. Шундай экан, холис инсонлар билан бирга ҳаракат қилинг. Зеро, уларнинг ҳаракати мана шу ҳукмдорлардан халос бўлишга ҳамда ортида туриб жанг қилинадиган, у билан ҳимояланиладиган, Роббул оламин шариати ва Росули суннати билан ҳукм юритадиган битта имомга байъат қилишга қаратилган.

Бу ҳукмдорлар Аллоҳнинг марҳаматини унутиб, Унинг олдида туришни эсдан чиқаришди, энди сизнинг ҳам Аллоҳнинг марҳаматидан умидсизликка тушишингизни исташяпти! Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ ﷺнинг бундай сўзларини ривоят қилади:

«لِكُلِّ غَادِرٍ لِواءٌ عِندَ اسْتِه يَوْمَ القِيامةِ، يُرْفَعُ لَهُ بِقَدْرِ غَدْرِهِ، ألَا وَلا غَادر أعْظمُ غَدْراً مِنْ أمِيرِ عامَّةٍ»

«Ҳар бир хоин учун қиёмат куни орқасида байроқ бўлади, қанча хиёнат қилган бўлса байроқ ҳам ўшанча баланд кўтарилади. Бас, омма амирининг хиёнатидек ёмон хиёнат йўқдир». (Имом Муслим ривояти).

Роя газетаси сайтидан олинди

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here