АҚШ Россия билан имзоланган яна бир келишувдан чиқмоқчи
Оқ уйда Россия билан бир неча йил муқаддам имзоланган “Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш” тўғрисидаги шартномани бекор қилиш ҳақида ўйлашмоқда. Бу ҳақда “ТАСС” ахборот агентлиги АҚШ президенти маъмуриятидаги юқори мартабали амалдорга асосланган ҳолда хабар бермоқда.
“Биз ҳозирча якуний позицияга кела олмадик. Лекин музокаралар давом этади, Москва келишувига қайтилиши ёки у узайтирилиши ҳам мумкин. Аммо бунинг эҳтимоли кам”,- деган у.
Бу баёнот АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг Россия билан ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш бўйича шартномадан чиқиши ҳақидаги сўзлари ортидан янграмоқда. Трамп Россия ва Хитойни мазкур келишувни бузишда айблаганди,ҳозирча келишувни бекор қилиш бўйича якуний қарор қабул қилинмади. Айни вақтга келиб, Буюк Британия АҚШнинг бу қадамини маъқуллади.
Россия ТИВ эса Қўшма штатларга ҳарбий чоралар кўриш билан таҳдид қилди.
“Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш” тўғрисидаги шартнома 2010 йилнинг апрелида Чехия пойтахти Прага шаҳрида АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Барак Обама ҳамда Россиянинг ўша вақтдаги президенти Дмитрий Медведев томонидан имзоланганди. Бу ҳужжат 2011 йилдан бошлаб кучга кирган.
Келишувга кўра, томонлар 7 йил мобайнида стратегик характердаги қуролларни (қитъалараро учувчи баллистик ракеталар, сув ости кемаларидан учирилувчи баллистик ракеталар, стратегик бомбардимончи самолётлар) камайтириши кўзда тутилганди.