Саудия валиаҳди: Мамлакатдаги кўплаб диний чекловлар Исломдан эмас

589
0

Саудия валиаҳди: Мамлакатдаги кўплаб диний чекловлар Исломдан эмас

Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон, Саудия Арабистонидаги диний чекловларнинг кўпчилиги Ислом ақидасидан келиб чиқмаганлигини таъкидлаб, маҳаллий дин пешволарини бунга ишонтиришга жиддий ҳаракат қилганини билдирди. Валиаҳд шаҳзода Вашингтон Пост газетасининг муҳаррирлари ва мухбирлари билан бир соат давом этган учрашувда давлат ички сиёсати ва ижтимоий ҳаётда ислоҳотлар ўтказиш, жумладан Саудия аёлларининг жамиятдаги имкониятларини кенгайтириш учун қаттиқ ҳаракат қилаётганини айтиб ўтди.

“Менимча, Ислом ақлга мос, мўътадил диндир, Ислом енгил ва оддийдир, одамлар уни ҳар тарафга буришга уринадилар”, деди у.

Муҳаммад бин Салмон бу ишлар Саудия дин пешволари билан муҳим мунозаралардан сўнг амалга оширилганлигига урғу берди. Унинг таъкидлашича, у бундай чекловлар исломий эътиқоднинг бир қисми ҳисобланмаслигига консерватив диний раҳбарларни ишонтиришга қаттиқ ҳаракат қилган ва оқибатда дин пешволари билан ўтказилган узоқ мунозаралар ижобий натижа берган.

“Диний элитада биз билан ҳамфикр бўлган кишиларнинг сони кундан-кунга ошиб бораётганлигининг сабаби ҳам мана шудир”, дея қўшимча қилди валиаҳд шахзода.

АҚШга расмий ташрифи олдидан CBS телеканалига интервю берган валиаҳд шаҳзода Исломнинг мўътадиллигини таъкидлаб, Саудия ҳукуматининг экстремизмга қарши кураш йўлида қилаётган ишларини бутун дунёга эълон қилишини билдирган эди.

Шунингдек у ўтмишда экстремизмнинг мактабларда ва таълим соҳаларида тарқалиши ҳақида тўхталиб, эндиликда  экстремистик ғояларнинг таълим соҳасига таъсир ўтказишига ҳеч қачон йўл қўймаслигини ҳам таъкидлаб ўтган эди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here