Путин: Қирғизистон хавфсизлигини Россия қуролли кучлари таъминламоқда

715
0

Путин: Қирғизистон хавфсизлигини Россия қуролли кучлари таъминламоқда

Россия президенти Владимир Путин 28 феврал куни Бишкекда Алмазбек Атамбаев билан ўтказган учрашувидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қант шаҳрида жойлашган Россия ҳарбий базаси Қирғизистон хавфсизлигини таъминлаб турганини маълум қилди.

“Россиянинг Қирғизистонда қуролли кучларини ушлаб туришдан мақсад Қирғизистоннинг хавфсизлигини таъминлаш холос. Агар бундай зарурат бўлмаса, дарҳол чиқиб кетишга тайёрмиз”, деган Владимир Путин.

 Россиянинг Қирғизистондаги ҳарбий базасига оид саволга жавоб берар экан, Путин, шунингдек, бундай деди:

 “Билмаганларга эслатиб қўяй, Қант шаҳридаги базамиз 1999 – 2000 йилларда Қирғизистон раҳбариятининг илтимосига жавобан очилган эди. Ўшанда Қирғизистон Афғонистондан келган халқаро террорчилар ҳужумига учраган. Агар Қирғизистон “Биз ўз кучимизни йиғиб олдик”, деса, ўша куниёқ чиқиб кетамиз”.

 Туркистон:

Россия Марказий Осиёда ўз ҳарбий қувватини сақлаб қолиш мақсадида Қирғизистонга 1,1 миллиард долларлик ҳарбий техника ва қурол яроқ етказиб беришни бошлаб юборган эди. Россия кўрсатилаётган ҳарбий ёрдамни Афғонистондан келиши мумкин бўлган “ИШИД” таҳдидини бартараф қилишда қирғиз қуролли кучлари имкониятини ошириш мақсадида кўрсатилаётганини айтиб келади.

 Аммо Қирғизистон армияси ўз ҳарбий қувватини Россия техникаларини сотиб олиш билан бир неча баробар қувватлантирган тақдирида ҳам, ташқи таҳдидлардан ўзини ҳимоя қила олмайди. Чунки Россия унга дунё талабига жавоб берадиган, охирги русумдаги техникаларни бермайди. Аксинча, арзон, эски ва заҳирасида туриб, ишлаш муддати ўтиб бўлган техникаларини қиммат нархлар билан ўтказиш орқали Қирғизистонни қарзига яна қўшимча қарз ёзиб қўяди. Хусусан, Россия томонидан етказиб берилган БТР-70М ҳам 2000 йиллар бошида ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирги ҳарбий талабларга жавоб бера олмай қолган техника ҳисобланади.

 Россия ҳукуматининг Афғонистон ваҳималарини бўрттириб кўрсатиши эса воқеликка зид бўлиб, у ердаги исломий қувватлар мободо биз томон ҳаракатланишса ҳам фақат Қирғизистондаги рус қувватини мавжудлиги сабабли ёки Қирғизистонни Россияга ҳарбий имкониятларни кенг яратиб бераётгани ортидан бўлиши мумкин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here