Муҳожирларга нисбатан ҳаммомдаги шафқатсизлик дипломатик заифликни фош қилди

20
0

Муҳожирларга нисбатан ҳаммомдаги шафқатсизлик дипломатик заифликни фош қилди

10 апрель куни Москва ҳаммомида юз берган воқеа Қирғизистонда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Москвадаги ҳаммомларнинг бирида муҳожирларнинг калтаклангани, қийноққа солингани ва масхара қилингани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган видео Қирғизистон парламентининг асосий муҳокама мавзусига айланди. Видеода Россия хавфсизлик кучлари Қирғизистондан келган муҳожирларга ҳаммомда ваҳшийларча муомала қилгани акс этган.

Россиядаги муҳожирларнинг ушбу воқеа юзасидан кўплаб шикоят ва сўровларига жавобан депутатлар Қирғизистон ташқи ишлар вазирини вазиятга аниқлик киритиш учун чақирди. Россияга қарши депутатлар вазиятдан фойдаланиб, жамоатчиликни воқеа ҳақида хабардор қилиш ва айбдорларни жазолаш зарурлигини билдиришди. Бу масала юзасидан шов-шув кўтарилгач, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакуновни чақириб, унга дипломатик нота топширди.

Қирғизистон мазкур воқеага ҳуқуқий баҳо бериш ва фуқароларига нисбатан куч ишлатиш сабабларини тушунтириш, шунингдек агар қонун бузилган бўлса, Москвадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан чора кўришни сўраб, Россияга расмий нота тақдим этди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири саволларга жавоб берар экан, Россия билан муносабатларни сақлаб қолиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, Россия томони Москвадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қонун бузилган ёки бузилмаганлигини аниқлаш чораларини кўрмоқда. Шунингдек, у Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам айрим ходимларни огоҳлантиргани ҳақида хабардор қилганини қўшимча қилди.

Афсуски, Қирғизистон вазирининг сўзлари Россиянинг расмий манбалари томонидан тасдиқланмади. Аксинча, Россия Ички ишлар вазирлиги Москвадаги ҳаммомда ўтказилган рейд давомида полиция ходимлари муҳожирларга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилинмаганини расман маълум қилди.

Россиядаги муҳожирларга нисбатан амалга оширилиб келинаётган ноинсоний муносабатлар ҳеч кимга сир эмас. Ҳаммомдаги воқеа эса халқнинг норозилигини кучайтирганлиги учун депутатлар бу масалани кўтаришга мажбур бўлди.

Россия ҳукуматининг муҳожирларни таъқиб қилиш ва назоратни кучайтириш сиёсати ҳар доим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қонунни бузиши ва кучайтирилган чекловлар ҳақида қонунлар қабул қилиниши билан бирга юради. Чегарани кесиб ўтиш, рўйхатда туриш, болаларни мактабга юбориш ва ишга жойлашиш бўйича сўнгги қонунлар мажмуаси жорий йилнинг апрел ойида кучга киради.

Нафақат Россия ҳукумати, балки Кремл сиёсати билан тарбияланган рус халқи ҳам муҳожирларга қаттиққўл муносабатда бўлади. Баъзилар муҳожирларни учинчи даражали одамлар деб билади. Чунки Россияда рус халқига хизмат кўрсатадиган қатлам учинчи даражали ҳисобланади. Улар қадимдан қул кайфиятида тарбияланган. Кремл раҳбарияти мусулмонларни умуман инсон деб ҳисобламайди, балки уларни ҳайвонларга тенглаштиради. Владимир Путин интервюларидан бирида ўзига берилган: “(Қодировни назарда тутиб), нима учун саводсиз ва шафқатсиз одамларни раҳбарликка тайинлайсиз?”, деган саволга, “Биринчи марта учрашганимизда – керак бўлса – гапира олмаган, итдек ҳурган…” деб жавоб берган эди. Сўнг “Ўрмонда бунақа ҳайвонлар қанчаси юрибди? дея киноя билан қўшиб қўйди (чечен жиҳодчиларни назарда тутиб). Шу боис, Россия ҳукумати Исломий ўлкалардан келган муҳожирларни учинчи эмас, ўнинчи даражали деб ҳам ҳисобламайди.

Муҳожирларга нисбатан мураккаб вазият нафақат Россияда, балки АҚШда ҳам кескинлашмоқда. Доналд Трампнинг янги фармонлари муҳожирларга нисбатан чекловлар жорий этмоқда. Қирғизистон фуқароларининг АҚШдан ҳуқуқий ва дипломатик ёрдам сўраб қилган мурожаатлари келиб тушмоқда.

Яқинда 7 нафар қирғизистонлик Мянмада қул бўлиб қолганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда депутат Чингиз Ажибоев парламентнинг Ижтимоий сиёсат қўмитаси йиғилишида маълум қилди. Ажибоев Ижтимоий ривожланиш, меҳнат ва миграция вазири ўринбосари Ализа Солтонбековага мурожаат қилиб, масалага аниқлик киритишни сўради, бироқ Солтонбекова уларда бундай маълумот йўқлигини билдирди.

Мянма ва Таиланд ҳукумати уч ўлка фуқароларини озод қилиб, Маесот чегара пунктида Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширган. Улар у ерда вақтинчалик уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Муҳожирлар аҳволи билан боғлиқ бундай долзарб масалаларнинг кучайиши Қирғизистон расмийларидан аниқ ва қатъий дипломатик позицияни талаб қилади. Бироқ, на Ташқи ишлар вазирлиги ва на Қирғизистон ҳукумати фуқароларнинг кўпайиб бораётган мурожаатларига умид берувчи жавоб бергани йўқ. Бошқа давлатларнинг муҳожирларга муносабати иккинчи масала. Бироқ, Марказий Осиёдаги мусулмон халқларнинг ўз ҳукумати томонидан ҳимоя қилиниши ва уларга ғамхўрлик қилиниши асосий масаладир.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг малака даражаси шуни кўрсатадики, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ўз фуқароларининг хавфсизлиги ҳақида мутлақо қайғурмайдилар. Жеенбек Кулубоэв депутатларнинг саволларига жавоб берар экан, ёқилғи маҳсулотлари ва газ таъминотида Россияга қарамлик ҳамда муқобил ҳамкорларнинг йўқлиги каби савдо муносабатларининг ёмонлашиши хавфи ҳақида гапирди. Бундан Кремл томонидан иқтисодий шантажлар бўлаётганини ва шу билан бир қаторда Қирғизистон фуқароларининг мавқеи пастлигини ҳамда маҳаллий ҳукуматлар фойда эвазига уларни қулликка тарк этаётганини кўриш мумкин. У ҳолда, ЕОИИ каби иттифоқлар нима учун керак ва улар бундай масалаларда қандай рол ўйнайди? Ушбу иттифоқ доирасида 2014 йил 29 май куни Остона шаҳрида имзоланган иқтисодий иттифоқ тўғрисидаги шартномалар мавжуд бўлиб, унда меҳнат миграцияси ва меҳнат фаолиятига оид алоҳида 96 ва 97 моддалар мавжуд. Бу келишувлар меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини тартибга солиш ва кафолатлаши керак эди.

Ёқилғи маҳсулотларини четдан олиб кириш масаласининг меҳнат муҳожирларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, савдо шартномалари ёки ЕОИИ доирасида бошқа кўплаб шартномалар мавжуд. Масалан ташқи савдо сиёсати, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ягона иқтисодий макон, макроиқтисодий сиёсат ва рақобатнинг умумий тамойиллари каби.

Ўзингизга маълум бўлганидек, ҳукумат вазирни қурбон қилиш орқали ЕОИИдаги давлат сиёсатининг заифлигини оқламоқчи бўляпти. Улар бу иттифоққа қўшилишнинг тенг ҳуқуқлилиги ва фойдаси ҳақида эса ёлғон маълумот бериб келишмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, расмий ҳукуматнинг ўз фуқаролари хавфсизлигидан кўра ёқилғи тақдири ҳақида қайғуриши, бошқа давлатларнинг муҳожирларга бўлган муносабатидан алла қанча ёмонроқдир. Буни “ўлганнинг устига тепган”, десак тўғрироқ бўлади.

Яна бир муаммо – бу президентнинг сукут сақлашидир. У конституция ва фуқаролар хавфсизлигининг кафолати ҳисобланади. У вазирнинг дипломатик саъй-ҳаракатларини кузатиб ўтириш билан, олтин вақтини зое кетказмоқда. Айниқса президентнинг 9 май куни Москвадаги парадда иштирок этиши Владимир Путин учун муҳимдир. Айнан ўша пайтда президент бу масалани ўртага қўйиб, иқтисодий ва ҳарбий шантажларга чек қўйишни талаб қилиши керак эди. Чунки Путин ўз иттифоқчиларининг сиёсий кўмагига жуда муҳтож. 9 май, Сергей Лавров айтганидек, Ғарбга қарши сиёсий курашнинг “жуда муҳим” кунидир.

Муҳожирларнинг тобора кучайиб бораётган муаммосини фақат хат алмашиш билан шуғулланадиган вазирлар ҳал қила олмайди. Россия элчисига топширилган норозилик нотасида президентнинг талаби ҳам бўлиши керак эди. Бу муаммони ҳал қилмаса ҳам, халқнинг ишончи ва ҳурматини мустаҳкамлайди. Ахир Садир Жапаров ўтган йили Қирғизистонда хорижликларни камситганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи фармон чиқарган ва кейинроқ у қонун қабул қилинган эди-ку.

Биз хавфсизлик масалаларини ҳал этишда вазирларнинг саъй-ҳаракатлари ва президентларнинг доимий таклифларини эшитиб турибмиз. Хусусан, тил масаласида постсовет мамлакатлари учун ёт бўлган Европа, Америка ёки Осиё мамлакатларига меҳнат муҳожирлигига бориш каби таклифлар ўртага ташланади. Бу давлатларнинг сиёсий алоқалари стратегик шерикликдан йироқ ҳамда улар африкалик ёки осиёлик муҳожирлар билан тўлиб-тошган. Шароит яратмасдан таклифлар киритиш ватанида муносиб иш топа олмай, яхши ҳаёт излаётган фуқароларни боши берк кўчага тиқиб қўйишдир. Шунинг учун саёҳат учун чекловлар киритиш иқтисодий инқирозга ечим эмас. Чунки иқтисодий шароитнинг йўқлиги фуқароларни ўз ватанларини тарк этишга мажбур қилади.

Албатта, вазир Қирғизистон фуқароларига Россияга меҳнат миграцияси учун бормасликни расман тавсия қилса, тўғри бўларди. Нега ҳукумат Россияни фуқароларимиз учун хавфли давлат деб эълон қилмайди? Нега бу масала Хавфсизлик Кенгаши йиғилишларида долзарб мавзу сифатида кўтарилмаяпти? Масалан, бизни доим Афғонистондаги таҳдидлар билан қўрқитиб туришади, лекин у ердаги фуқароларимиз Ташқи ишлар вазирлигига ҳеч қандай муаммо туғдирмаган. Нега мамлакат раҳбарлари саммитларда ва доимий маслаҳат учрашувларида афсонавий “терроризм” масаласини зўр бериб муҳокама қилади?

Марказий Осиё давлатларининг фуқаролари Россиянинг миллатчилик сиёсатидан азият чекар экан, демак бу давлатларнинг раҳбарлари Россия билан шериклик ва стратегик муносабатлар зарурлигини кўриб чиқиш талабини кескин ва қатъий равишда кўтаришлари керак! Ҳеч бўлмаганда бошқа давлатларнинг ўз фуқароларини ҳимоя қилишидан ўрнак олишлари керак!

Қирғизистон ва минтақадаги бошқа давлатлар ўз фуқароларига чинакам ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилишда буюк саркарда Мўътасимдан ўрнак олишлари лозим. У саройлар ва сон-саноқсиз бойликларга алданмаган содиқ, чинакам мард ҳукмдор эди. Тарих исботлаганидек, бу саркарда Яратганнинг олдидаги масъулиятни бажаришни энг юқори даражадасини кўрсатди. У Европа қиролининг қамоқхонасида сақланаётган Исломий давлатнинг оддий мусулмон фуқаросининг ёрдам чақирувига жавоб берган ғамхўр ҳукмдор сифатида танилган.

Унинг қисқача тарихи шундай бўлган эди: кофирлар тарафидан асирга олинган муслима аёл “Қаердасан, эй Мўътасим, қаердасан?!” – дея нола қилганда бу гапни эшитган золим подшоҳ унинг устидан кулиб: “Ҳа, ҳозир Мўътасиминг келаяпти”, у оқ-қора от миниб, сени қутқариш учун келади!”. – деб масхара қилди. Бу хабар Мўтасимга етиб боргач, у ўн етти минг оқ ва қора от сотиб олиб, ўн етти минг чавандоз билан Европага юриш қилди. Душман қўшини тор-мор қилиниб, йўқ қилинди. Аёлни Мўтасим ҳузурига олиб келишганида: “Золимга, Мўтасим оқ-қора отлар билан мени қутқариш учун келди, деб айт ”, деди.

Аббосийлар сулоласидан Бағдод халифаси бўлган Муътасимбиллаҳ Абу Исҳоқ Муҳаммад ибн Ҳорун (794-842) барча мусулмон ҳукмдорлари учун намуна бўлиши керак.

Латиф Расих

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here