Дунё бошбошдоқликка юз тутмоқда
Дунёда рўй бераётган сўнгги воқеалар, айниқса Трампнинг кескин сиёсий қарорлари дунёда катта ўзгаришлар юз беришидан дарак бераётгандек. Бу ўзгаришлар бошбошдоқликка, аниқроғи, ҳар қандай давлат фақат ўз манфаатини ўйлаб, қўшнисининг ёки бошқа давлатларнинг мулки, бойлиги, конларини тортиб оладиган ҳолатга олиб келмоқда. Бу ўрмон қонуни ҳукм сурадиган ҳолатни эслатади. Аслида, бу капитализмнинг табиатидир. Капиталистик кучли давлатлар авваллари бу ваҳшийликларини халқаро меъёр, демократия ва бошқа “порлоқ” шиорлар остида амалга ошириб келган бўлса, энди эса очиқчасига қилишмоқда.
Бугунги кунда худбинлик ва протекционизм сиёсати кучайиб бормоқда. Трампнинг АҚШ ҳокимиятини эгаллаши бу сиёсатни кучайтирувчи катализаторга айланди. Чунки Трамп нафақат Американинг иқтисодий рақиби бўлган Хитой товарлари учун, балки Американинг иттифоқчилари бўлган Канада ва Европа Иттифоқи товарлари учун ҳам божхона тўловини ошириш билан товламачилик қиляпти. Бу ўз навбатида, худди шундай реакцияни пайдо қилмоқда. Аниқроқ айтганда, АҚШ иттифоқчилари ҳам Америка товарларига божхона тўловини ошириш билан жавоб қайтаришга тайёр турибди. Хитой эса “божхона уруши бўлсин, савдо уруши бўлсин ёки бошқа ҳар қандай уруш бўлсин, биз охиригача курашишга тайёрмиз”, деб жавоб берди. Қолаверса, Трамп “Биз сизни (Европани) бекорга ҳимоя қиламизми”, деб НАТОдан чиқиш билан таҳдид қилди ва ҳатто БМТдан чиқишини ҳам айтди. Шунингдек, Трамп маъмурияти Украина масаласида Россия билан музокаралар ўтказиб, Европа Иттифоқини ҳам, Украинани ҳам ноқулай аҳволга солиб қўйди.
Янги Америка ҳукуматининг бундай сиёсий йўналиши Европа давлатларини хушёр тортириб, ўз аравасини ўзлари тортишга ундади. Мисол учун, 6 март куни Брюсселда учрашув ўтказган Европа Иттифоқи раҳбарлари қайта қуролланиш режасини қабул қилишди. Ушбу режага кўра, 860 миллиард доллар Европа Иттифоқи мудофаасини мустаҳкамлаш, қуролли кучларини яхшилаш ва ҳарбий саноатини ривожлантиришга сарфланади. Бундай ҳаракатлар Иккинчи жаҳон урушидан бери ҳарбий салоҳияти чекланган Германиянинг босқичма-босқич қуролланишига йўл очиши мумкин. Ўз навбатида, бу ҳолат узоқ вақтдан бери бир-бирига рақиб бўлиб келган ва ҳатто уларнинг рақобати биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига олиб келган Англия, Германия ва Франция ўртасидаги зиддиятни кучайтиради.
Айни пайтда халқаро тартиб, халқаро меъёрлар, БМТ, деган нарсаларнинг таъсири ҳам йўқолиб бормоқда. Уларга деярли ҳеч ким эътибор бермай қўйди. Ҳозирги вақтда давлатлар ўртасидаги муносабатларда халқаро тартиб, халқаро нормалар, БМТ эмас, балки икки давлат ўртасидаги келишувлар биринчи ўринга чиқди. Аслида БМТ мустамлакачи катта давлатларнинг манфаатларини таъминловчи ташкилот эди. Демак, бугунги кунда БМТ мустамлакачи давлатларнинг очкўзлигини қондирадиган талабга жавоб бермай қолди. Улар ҳеч қандай қоидага риоя қилмасдан мустамлакачилик сиёсатини олиб боришмоқда. Бу халқаро тартибнинг йўқ бўлиб бораётганини кўрсатади.
Мана шундай тартибсиз вазиятда биз мусулмонлар ҳушёр бўлиб, мустамлакачи давлатларнинг қуролига айланиб қолишдан сақланмоғимиз зарур. Бизнинг ўз мафкурамиз бор. У Ислом мафкурасидир. Ислом дини асосида бирлашишимиз керак. Шундагина биз ҳар қандай кучнинг қуролига айланишдан узоқ бўламиз, шундагина биз ўз манфаатларимизни ҳимоя қиламиз, ҳатто халқаро тартибни бошқарадиган етакчи давлатга айланамиз.
Ҳорун Абдулҳақ